27.09.2016

ҲУКУМАТЛАРАРО КОМИССИЯ МАЖЛИСИ

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг ўн иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, саноат, нефть-газ, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фан-техника, транспорт ва транспорт коммуникациялари, божхона, маданият каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр Ғаниев икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг доимий мулоқотлари натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси яратилган. Бу савдо, иқтисодиёт, ёқилғи-энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, фан, маданият, сайёҳлик каби кўплаб соҳалардаги ҳамкорлик ривожига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистондан Туркманистонга транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари ҳамда турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинмоқда. Туркманистондан мамлакатимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа ­кимёвий товарлар келтирилаётир.

2015 йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 320 миллион АҚШ долларини, жорий йилнинг январь-август ойларида 177 миллион долларни ташкил этди.

Йиғилишда ҳамон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз, жаҳон бозорларида конъюнктуранинг беқарорлиги ташқи савдога таъсир ўтказаётгани, томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш орқали алоқалардаги ижобий тенденцияларни ривожлантираётгани қайд этилди.

Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари яхши интеграциялашган. Бу ўзаро товар айирбошлашга қулайлик яратиш билан бирга учинчи давлатлар учун транзит вазифасини ҳам ўтамоқда. Ушбу соҳада қўшимча имтиёзлар берилиши, транзит нархлари камайтирилиши экспорт ҳажмининг ошишига хизмат қилиши таъкидланди.

— Туркманистон ҳам Ўзбекистон каби халқ манфаатларини таъминлаш, фаровонлигини оширишни асосий мақсад қилган, — деди Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири, комиссия ҳамраиси Довран Оразмурадов. — Бунинг учун мамлакатларимизда улкан салоҳият мавжуд. Бир-биримизга таклиф қиладиган товар ва хизматлар талайгина. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Ўзбекистон билан иқтисодиёт, саноат, ёқилғи-энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва тран­спорт коммуникациялари каби соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш ниятидамиз.

Комиссия мажлисида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлашнинг ўсувчан динамикасини сақлаб қолган ҳолда унинг ҳажмини янада кўпайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт-импорт номенклатурасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Биргаликдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, қўшма корхоналарни кўпайтириш, тадбиркорлар ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳукуматлараро комиссия мажлиси якуни бўйича қўшма протокол имзоланди.

Туркманистон делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг қатор саноат корхоналари фаолияти билан танишди.

 

А.САМАДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.