24.09.2016

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ БИЗДАН КЎРА КУЧЛИ, БИЛИМЛИ ВА БАХТЛИ БЎЛИБ ЎСМОҚДА

Халқимиз фарзандлари ўзидан ўзишини ният қилиб яшайди. Шу йўлда умр бўйи курашади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз таълим тизимидаги кенг қамровли ислоҳотлар тезда самара бериб, жаҳон ҳамжамиятининг ҳавасини келтираётгани бежиз эмас. Зотан, Ўзбекистонда тараққиётнинг муҳим бўғини ва барча ислоҳотнинг пировард мақсадига айланган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт» деган ғояси халқимиз қалбида ҳамиша ниш урган азалий орзу-умидлардан сув ичган.

 

«Microsoft» мутахассисларининг ҳайрати

«...Мактаб бинолари яроқсиз бўлиб қолмоқда, минглаб мактаблар ва бошқа социал, маданий, маиший объектлар авария ҳолатидадир. Энди бунга тоқат қилиб бўлмайди»...

«...Энг аввало, болалар боғчасидан бошлаб олий мактабларимиз, техникумлар, ҳунар-техника билим юртларимизда, мактабларимизда барча зарур шароитни яратмоқ керак»...

«...Ёшлар тарбияси билан бевосита машғул бўлган, ўз умрини шу муқаддас ишга бағишлаган ўқитувчиларимизга эътибор ҳақида эса гапириб ўтирмаса ҳам бўлади, деб ўйлайман. Биз ҳали уларга чинакам ғамхўрлик кўрсатаётганимиз йўқ. Бу масалани ҳам чуқур ўйлаш керак»...

 

Бу иқтибослар мамлакатимиз ­Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобидан. Улар эртанги ҳаёти учун кафолат сўраётган халқимиз қошида, шиддатли курашлар, тинимсиз баҳс ва мунозаралар чоғида, аччиқ ҳаётий тажрибаларда айтилган.

Бир тасаввур қилайлик: ўша вақтда республикада ғоят қалтис ва носоғлом вазият ҳукмрон эди. Хўш, шундай ўта мураккаб ва хатарли, халқимизнинг бир бурда нон топиши улкан машаққатга айланган оғир шароитда Ўзбекистон раҳбари қанча мураккаб иқтисодий-сиёсий масалалар турганда, нега мамлакат тақдири ва келажагини ҳал этадиган энг муҳим масалалардан бири сифатида айнан таълим тизимига эътибор қаратди? Бунинг жавоби оддий: ёшлар ҳамиша жамиятнинг энг муҳим бойлиги ва уни ҳаракатга келтирувчи куч бўлган. Ёшлар камолотига йўналтирилган сармоя келажакка сармоядир.

Шу боис мамлакатимизнинг Биринчи Президенти бу борадаги концептуал ёндашувлар, амалий фикр-мулоҳазалар, қатъий хулоса ва таклифлар якунини мураккаб, кескин ва инқирозли вазиятда — 1990 йил 4 августдаги катта мажлисда улкан донишмандлик, фидойилик ва жасорат билан кун тартибига қўйди: «...Бизга кадрлар тайёрлашнинг махсус миллий дастури керак». Ҳа, бугун жаҳон жамоатчилиги кенг эътироф этаётган, дунёда ўхшаши кам Ўзбекистоннинг Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига ҳали мамлакатимиз мустақил бўлмай туриб асос солинганди.

Президент Ислом Каримов мустақиллик даврида имзо чеккан илк фармонлар ўқитувчиларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишга қаратилди: уларнинг уй-жойлари текин хусусийлаштириб берилди, қатор солиқ ва тўловлардан озод этилди. Ер участкалари, қурилиш материаллари тақсимланаётганда биринчи навбатда ўқитувчиларга берилсин, де­йилди. Бу орада муаллимларнинг маошлари бир неча маротаба оширилди. «Соғлом авлод учун» ордени таъсис этилганда ҳам даставвал ўқитувчи-педагогларни маънавий рағбатлантириш кўзда тутилганди.

Мустақилликнинг илк йилларида бошланғич синфда ўқиганлар яхши эслайди: ўша пайтлар қишга бориб, мактабимизга қатнайдиган болалар сийраклашиб кетарди: кимнинг усти юпун, бировнинг оёғи. Боз устига синфхоналар исимайди. Чунки ўша йилларда мактабларнинг 43 фоизи эски шийпон ёки қандайдир бирор мослаштирилган иморатда жойлашганди. Кадрлар тайёрлаш миллий дас­турининг узвий ва мантиқий давоми бўлмиш Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури доирасида 2004-2009 йилларда 8501, 2010-2016 йилларда 2226 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Энди мактабга борган пайт­ларимни эсласам, бутун ­бошли синф икки-уч дарсликни нав­бат билан ўқигани кўз олдимга келади. Дарслик яна қўлимизга келганда, чорак тугаган бўларди. Бугун ҳар йили ўртача 26-28 миллион нусхада дарс­лик ва ўқув-методик қўл­ланмалар, уларнинг мультимедиа иловалари умумтаълим мактабларига етказилмоқда.

Учинчи синф эдик. Бирдан дафтар камайиб, нархи ошиб кетди. Айрим синфдошларим картон қоғозларга конспект қиларди. Ота-онам ўқитувчи бўлгани учун уйимизда иншо-диктант мўл эди — барида ёзилмаган бир варақ бор-да. Бир куни эринмай, шулардан оппоқ варақларни йиртиб, тўпладим. Онам муқова қўйиб, машинада тикиб берди: «йўл-йўл»ми, катакми — аралаш бўлса-да, салкам 200 бетлик умумий дафтар. Онам «бунақасини ҳатто бозорда сотмайди», деб кулиб бошимни силади. Кейин йиғлади... Бугун манзара буткул бошқача: ҳар йили ташкил этилаётган мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарур ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви йўлга қўйилмоқда. Биргина жорий йилнинг ярмида 44,4 миллион дона ёзув дафтари ишлаб чиқарилган. Расм, кундалик ё ёзув дафтарлари ҳақида гап кетса, энди асосан уларнинг экологик тозалиги ва сифати, муқовасининг миллий қадриятларимизга мос, ўқувчи-ёшлар онгига ижобий таъсир кўрсатувчи юртимиз манзаралари, буюк алломаларимиз суратлари билан безатилгани борасида бош қотирамиз.

— Ўттиз икки йил олдин мактабда иш бошлагандим, бироқ компьютер ўзи нималиги ҳақида умумий тасаввуримиз бор эди, холос, — дейди Чилонзор туманидаги 90-умумий ўрта таълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Бахтиёр Каримов. — Ўша вақтлар таълим тизимидаги илк компьютер — «Правец-8А»ни зўр бериб ўрганаётган вақтимиз у Европада аллақачон эскириб улгурганди. 1985 йилдан «компьютерли автобус»лар йўлга қўйилди: йирик компьютерни ортган автобус мактабларга келар, уларга мактаб ўқувчилари чиқарилиб, дарс ўтиларди. Бу ҳам бутун Тошкентда 2-3 та бўлиб, болалар «компьютерли автобус» қачон келаркан, деб кўз тикиб ўтиришарди. Бугун ўқувчилар қўлида миникомпьютер — замонавий мобиль телефон, мактабларимизда 1-синфдаёқ барча фан тўлиқ илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ўқитилмоқда.

Яна бир гап: илгари, одатда, шаҳар ва унга яқин ҳудудлардаги мактабларда ўқиган болаларгина чет тилларини пухта ўзлаштирарди. Бугун бу борадаги тафовут кун сайин қисқармоқда. Биринчи ­Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-чадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра 2013-2014 ўқув йилидан мактабларимизда чет тиллари 1-синфдан бошлаб ўқитила бошланди. Бунинг самарасида бугун 1-синф ўқувчилари чет тилидаги 150 сўзни, 2- ва 3-синф ўқувчилари эса ўқиш, ёзиш ва чет тилида мулоқотда бўлишни (400 сўз) ўрганмоқда. Умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг 5-6-синф ўқувчиларига нисбатан оғзаки нутқда сўзлар луғати бойлиги, талаффузи ва сўз бирикмаларидан фойдаланиш даражаси бўйича устунлик кузатилмоқда.

 

«ПОРТЛАШ ЭФФЕКТИ»НИНГ ҲАЁТИЙ САМАРАЛАРИ

Кадрлар тайёрлаш миллий дастуридан асосий кутилган натижалар нима эди? Биринчи Президентимиз Ислом Каримов буни 1998 йили «Тафаккур» журнали бош муҳаррирининг саволларига берган жавобларида шундай ифода этганди: «Ишончим комил: агар бу ислоҳотни муваффақиятли равишда амалга ошира олсак, тез орада биз ҳаётимизда ижобий маънодаги «портлаш эффекти»га, яъни унинг самарасига эришамиз»...

Бу «портлаш эффекти»нинг биринчи самараси — ижтимоий-сиёсий иқлимга ижобий таъсир қилди: фарзандларимизнинг ҳар дақиқа вақти унумли, фойдали ва самарали маш­ғулотлар билан тўлдирилди. Бу мамлакатимиздаги мавжуд муҳитни бутунлай ижобий томонга ўзгартирди. Масалан, бугун умумтаълим мактабларида 150 мингдан ортиқ фан тўгараклари ташкил этилган. Уларга 2,8 миллиондан зиёд ўқувчилар қамраб олинган. Мамлакатимиздаги 211 «Баркамол авлод» болалар марказидаги 5 мингдан ортиқ техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишларидаги тўгаракларда 114 мингга яқин ўқувчи-ёшлар қизиқишлари бўйича бошланғич касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда. Истиқлол йилларида 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаблари, 1,9 минг­дан зиёд спорт иншоотлари бунёд этилди. Сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етди. Болалар мусиқа ва санъат мактабларига 2008 йили 38 минг ўқувчилар қамраб олинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 59,3 минг нафарни ташкил этмоқда. Буларнинг самарасида мустақиллик йилларида мамлакатимиз мактаб ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида 253 медаллар шодасини (шундан 20 таси олтин), турли нуфузли халқаро мусиқа ва санъат танловларида 47 та Гран-при, 310 та 1-ўрин, 182 та 2-ўрин ва 194 та 3-ўринни қўлга киритди. Халқаро спорт мусобақаларида ўзбекистонлик ўқувчилар 2,1 мингдан зиёд медалларга эга чиқди. Улардан 843 таси олтин медаллардир.

— Сиз айтган «портлаш эффекти»нинг яна бир самараси — Ўзбекистонда 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилгач, инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиш жараёни тезлашди, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси Муҳаббат ­Шарапова. — Бугун умумтаълим мактабини битирган болалар касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олиб, фанлар билан бирга меҳнат бозорида талаб қилинадиган 2-3 мутахассислик бўйича касб-ҳунар ҳам эгалламоқда. Чунки ҳар қандай ўсмир энди вояга етиб келаётган даврида жамиятдан муносиб ўрнини топа олмаса, бу нохуш оқибатларга, баъзан оғир ижтимоий ларзаларга сабаб бўлиши мумкин. Бугун йигит-қизларимизнинг ишда, турмушда, оила ва жамоа орасида ўз ўрнини топа олаётгани уларнинг жамиятда ўз қадрини мустаҳкамлашида ниҳоятда муҳим омил бўлмоқда. Ўз қадрига, ўз шаънига эга инсон ҳаётда ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўта олади. Ўз фикри, мақсади ва орзуларига эга инсон ҳеч қачон беқарор ва салбий таъсирларга берилмайди, шахс сифатида емирилмайди. Ўзбек миллий таълим модели орқали, аввало, ана шу вазиятнинг олди олинди. Чунки маълум ихтисосга эга бўлиб, ҳаётга йўлланма олган, дунёга умид билан қадам қўйиб келаётган навниҳол инсон ҳаётда муносиб ўрнини топса, турмушидан, тақдиридан, Ватанидан рози бўлиб яшайди, умр бўйи бун­ёдкорлик билан машғул бўлади.

 

БИЛИМ — БУТУН ҲАЁТ ДАВОМИДА ҲАР БИР ИНСОН УЧУН

Яқинда БМТ Бош котибининг 8 сентябрь — Халқаро саводхонлик куни муносабати билан йўллаган мурожаатидаги мана бу рақамларга эътибор берайлик: «дунёда 750 миллион киши саводсиз, улардан 115 миллиони ёшлардир. Учдан бир қисми — аёллар. 250 миллионга яқин мактаб ёшдаги болалар асосий кўникмаларга эга эмаслар, 124 миллион бола ва ўсмир умуман таълим олиш имкониятига эга эмас...».

Ҳа, бугун жаҳоннинг турли минтақаларидаги инқирозлар оқибатида миллионлаб ёшлар мактаб остонасини ҳатламай кўчада катта бўлмоқда. ­Ваҳоланки, уларнинг бирортаси иқтидордан — нимагадир қодирликдан мосуво, дея олмаймиз. Чунки ҳар фарзанд қалбида бир даҳо яшайди. Бироқ иқтидорнинг шаклланиши, истеъдод сифатида намоён бўлиши, аввало, ўша мамлакатда ёшларнинг камол топиши учун қай даражада имконият ва шароит яратилганига боғлиқ.

Шукрки, бу борада мамлакатимиз ёшлари — бахтли болалар. Ўзбек таълим тизими — ўз келажагини кўзлаб йўлга чиққан ёш авлод учун интилиш ва маҳорат бешиги бўлаётганини бугун жаҳон ҳамжамияти ҳақли равишда эътироф этмоқда. Биргина 2012 йил 16-17 февраль кунлари Тошкентда ўтган «Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти» мавзуидаги халқаро конференция якуний ҳужжати — резолюциясини эслайлик. Ушбу халқаро ҳужжатда муҳим бир жиҳат алоҳида таъкидланган: Ўзбекистонда Кадрлар тайёрлаш миллий дас­тури «Билим — бутун ҳаёт давомида ҳар бир инсон учун» концепциясига асосланади. Чунки мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўп.

Мамлакатимизда таълим-тарбия, илм-фан ривожига, ёшларимизнинг чуқур билимга эга бўлиши, чет тилларини ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллашини таъминлашга бугун ҳам давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида қаралмоқда. Бу яна минг-минг­лаб истеъдоднинг сайқал топиши, маҳоратлар чархланиши, булоқлар кўз очиши демакдир. Танлаган соҳаси сирларининг охирига етишни истаган бу ёшларнинг ўйи сўзига, сўзи амалига, амали ўйига уйғун. Зотан, мақола аввалида эслаганимиз «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт» ғояси халқимиз умр мазмунининг ўзаги бўлгани учун ҳам кундалик ҳаётимизда чуқур ўрнашиб, амалий ишларга кўчди ва элимиз омон экан, халқимиз қалбида не-не авлодлардан мерос енгилмас куч — юксак маънавият ўз сўзини айтаверади.

 

Умид ЁҚУБОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.