24.09.2016

СОҒЛОМ ВА БАХТЛИ ОИЛА – ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

Инсон чинакам бахт-саодатни оиласидан топади. Ёш авлоднинг баркамол бўлиб улғайишида оиладаги муҳит ва тарбия муҳим ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлашга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда фикр алмашилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этди.

 

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Истиқлол йилларида мазкур йўналишда 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларининг ҳаётга татбиқ этилгани, шунингдек, соҳага оид 100 дан зиёд фармон ва қарорлар қабул қилингани юртимизда оиланинг ҳуқуқий асослари яратилганлигини кўрсатмоқда.

Аҳоли, айниқса, фарзандларимиз саломатлигини асраш борасида кейинги йилларда қатор қонунлар қабул қилинди, айримларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишлар йод етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда спорт, жумладан, болалар спортини янада ривожлантириш, шу орқали келажак авлод саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.

 

Маҳмуда КАТТАХЎЖАЕВА, Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори, профессор:

— Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласи биринчи ўринда туради. Ўтган давр мобайнида «Соғлом она — соғ­лом бола» ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида кенг қўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Натижада скрининг, перинатал ва репродуктив марказлар каби янги, замонавий тиббиёт муассасалари ҳамда уларнинг ҳудудий филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.

Республикамизда кейинги 10 йилда туғма нуқсони бўлган болалар сони 1,3 баробарга, 6-15 ёшли ўғил-қизлар орасида ўткир юқумли касалликлар 34,4, пневмонияга чалиниш 49,7, бронхит 32,8, сколиоз билан касалланиш 32,7 фоизга камайди.

2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мус­таҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғ­лиғини муҳофаза қилиш Давлат дастури асосида аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий хизматлардан кенг ва тенг фойдаланишни таъминлаш, тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Аммо олдимизда янада муҳим вазифалар турибди. Хусусан, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга оид ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшаётган аҳоли, аввало, аёллар ва болалар учун ижтимоий, маиший, тиббий шароитларни яхшилаш, фертил ёшдаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш тадбирларини изчил давом эттириш зарур, деб ўйлайман.

Давра суҳбатида депутатлар ва мутахассислар соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.