26.09.2016

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ

мустаҳкам ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда ўтказилади

Мамлакат тараққиётига таъсир қилувчи, жамиятда демократик тамойиллар устуворлигини кўрсатувчи асосий омиллардан бири сайловлардир. Сайловлар, энг аввало, халқ ва жамият манфаатларига хизмат қилади. Шу маънода жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистонда ўтказиладиган Президент сайлови юртимизнинг келгуси истиқболини белгилашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Мазкур сайлов қандай ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда ўтказилади? Ўзбекистондаги сайлов тизимининг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат? Ушбу савол­ларга жавоб олиш мақсадида ­Ўзбекистон Республикаси ­Президенти ҳузуридаги Давлат бош­қаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлар номзоди Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ билан суҳбатлашдик.

— Эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини демократик сайловларсиз тасаввур этиб бўлмайди, — дейди у. — Чунки сайловлар жараёнида ҳар қайси давлат ва ҳар қайси жамиятда хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфия­ти яққол намоён бўлади. Дунё тажрибасидан маълумки, сайловларнинг қандай ўтиши мамлакатдаги ҳуқуқий меъёрлар, сайлов ҳуқуқи эркинлиги қандайлиги ва фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятига боғлиқ.

— Президент сайловини ўтказиш қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади? Уларнинг бу жараёндаги ўрни ва аҳамияти қандай?

— Мамлакатимиз сайлов тизимининг ҳуқуқий асоси ҳақида сўз юритганда биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Конс­титуция­сини алоҳида қайд этиш керак. Хусусан, Бош қомусимизнинг XXIII боби сайлов тизимига бағишланиб, унда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи кафолатланган.

2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ­воқеадир. Ушбу сиёсий жараённи тартибга солувчи «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун долзарб амалий аҳамиятга эга. Мазкур қонун асосида мамлакатимиз тарихида илк маротаба демократик сайлов — 1991 йил 29 декабрда Ўзбекистон Президенти сайлови ўтказилган эди.

Мамлакатимиз сайлов тизими конституциявий-ҳуқуқий асосларининг яратилишида 1995-2000 йилларгача бўлган давр катта аҳа­миятга эга. Айнан шу вақтда «Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ҳамда сайлов қонунчилигига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

1997 йилда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг қатор моддаларига ўзгартиш ва қў­шимчалар ҳамда 3 янги модда киритилди. Уларга мувофиқ, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг очиқ ва ошкора амалга оширилиши, сайлов жараёнида иштирок этувчи кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловларнинг молиявий таъминоти, сайловларни ўтказувчи сайлов комиссияларининг тизими, Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи, сайловолди ташвиқотининг ҳу­қуқий асослари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва ишончли вакилларининг ҳуқуқий мақоми, Президентлик лавозимига киришиш тартиби каби қоидалар янгича мазмунда ўз аксини топди.

Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳамда номзодларга ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқлар берилди.

2000 йилда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасига ўзгартиш киритилиб, янги нормага мувофиқ, сайланган шахс­га Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганлиги тўғрисида қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган намунадаги гувоҳнома топширилиши белгилаб қўйилди.

2004 йилда эса мазкур қонуннинг яна бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда 1 янги модда киритилди. Уларга асосан сайлов округлари ва участ­каларини тузиш тартиби, комиссияларда аъзолик, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи, сайловолди ташвиқоти, сайлов участ­касида овозларни санаб чиқиш, округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш, Президент сайлови натижаларини аниқлаш ва белгилаш, Президент лавозимига киришишга оид ҳуқуқий муносабатлар янгича мазмун касб этди.

2015 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш, номзодларни рўйхатга олиш учун тўпланадиган сайловчилар имзоларининг миқдорини камида беш фоиздан бир фоизга камайтириш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари, овоз бериш тартибига ўзгартиш киритилди.

 — Шу ўринда савол туғилади. Мамлакатимизда амалда бўлган сайлов қонунчилиги хал­қаро сайлов стандартларига, умумэътироф этилган меъёрларга қай даражада мос келади?

— Албатта, мамлакатимизда амалда бўлган ёки қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари халқаро меъёрларга тўла мос келади. Хусусан, сайлов қонунчилиги ҳам. Мисол учун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасига кўра, ҳар бир инсон ўзи яшаётган давлатнинг бошқарувида бевосита ёки эркин сайланган вакиллар орқали қатнашиш ҳу­қуқига эгадир. Халқ иродаси ҳокимиятнинг асоси бўлмоғи керак, бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бош­қа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги назарда тутилган.

 БМТ томонидан қабул қилинган яна бир ҳужжат — «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги хал­қаро пактнинг 25-моддасига мувофиқ, ҳар бир фуқаро камситишларсиз ҳамда асоссиз чекловларсиз ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловчиларнинг эркин ҳолдаги хоҳиш-иродасини таъминловчи чинакам даврий сайловларда овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлиши кўрсатилган.

Шунингдек, Парламентлараро иттифоқ Кенгаши томонидан қабул қилинган «Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисида»ги декларациянинг 1-моддасида ҳар қандай давлатда ҳокимият халқнинг умумий, тенг ва яширин овоз бериш асосида мунтазам вақт оралиғида ўтказиб туриладиган ҳақиқий, эркин ва адолатли сайловларда билдирадиган хоҳиш-иродасидан келиб чиқади, деб белгиланган. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжатида демократик сайлов принциплари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар универсаллик, тенглик, эркинлик, адолатлилик, яширинлилик, очиқлик ва ҳисобдорлик каби тамойилларда ўз ифодасини топган.

Мазкур халқаро ҳужжатларда назарда тутилган қоидалар «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунда ҳам ифодаланган. Хусусан, ушбу қонунда президентлик сайловларини ўтказиш принциплари ва фуқароларнинг сайловларда иштирок этишининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланганини таъкидлаш лозим. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилиши, фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайлов­олди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда иштирок этиши ҳамда уларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат ўрнатилишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Маълумки, Президент сайловини ўтказишда Марказий сайлов комиссияси асосий ўрин тутади. Мазкур орган ­фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссия­лари зиммасига юклатилган бўлиб, улар ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширади.

Марказий сайлов комиссияси Конституциямизнинг 117-моддасига мувофиқ, сайлов ва референдум ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тузиладиган ва доимий асосда фаолият кўрсатувчи конс­титуциявий орган ҳисобланади. Қонунга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси сайлов округларини, округ сайлов комиссияларини, округ сайлов комиссиялари эса сайлов участкаларини, участка сайлов комиссияларини тузади.

Ушбу қоидаларнинг амалий ифодаси сифатида 2016 йил 15 сентябрда Марказий сайлов комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округи тузилди.

Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақатгина сиёсий партиялар эгадир.

 Мазкур қоида сиёсий партияларни сайлов жараёнининг энг фаол иштирокчисига айлантириб, уларнинг давлат ва жамият ишларида фаоллигини янада оширишга хизмат қилади. Жорий йилнинг 19-20 сентябрь кунлари Президент сайловида қатнашиш учун барча сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига ўз ҳужжатларини тақдим этди.

Хусусан, ушбу органга сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги кўрсатилган ­маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумот берилди.

Сайловчилар энг муносиб номзодга овоз беришида сайловолди ташвиқоти катта аҳа­мият касб этади. Қонунчиликда бу борада нималар кўзда тутилган?

— Аввало, шуни айтиш керакки, қонунчиликда Ўзбекистон Республикаси Президентилигига номзодлар томонидан сайловолди ташвиқоти олиб боришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва сайловолди ташвиқотида тенг имкониятлар кафолатланган. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, сайловолди ташвиқоти Президентликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Сайловга бир кун қолганида сайлов ташвиқоти олиб борилишига йўл қўйилмайди. Бу эса сайловчилар ўзи танлаган номзодини бош­қа номзодлар билан солиштириб, якуний хулосага келишига имконият яратади. Сайлов­олди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда, сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда тенг ҳу­қуқлар берилади.

Сайловолди ташвиқотини номзодлар номидан уларнинг ишончли вакиллари ҳам олиб бориши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақлидир. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, уни Президент этиб сайлаш учун тарғибот олиб боради. Давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Президентликка номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этишда, зарур маълумот ва ахборот материаллари олишда ёрдам кўрсатади.

Хулоса сифатида айтиш керакки, мамлакатимизда эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш бўйича ҳуқуқий асослар тўла-тўкис яратилган. Сайловлар халқнинг эркин тарзда ифода этиладиган хоҳиш-иродасини аниқлайди ва унинг бевосита рўёбга чиқишини таъминлайди. Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сайловчиларга номзодларни танлаш ва эркин сайлаш имконини беради. Бу эса фуқароларимизнинг сайловда фаол иштирок этишига хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ суҳбатлашди. 



DB query error.
Please try later.