24.09.2016

МАТОНАТЛИ СПОРТЧИЛАРИМИЗ МУНОСИБ РАЁБАТЛАНТИРИЛДИ

Бугун қаерга борманг, халқимиз паралимпиячиларимиз ҳақида ифтихор билан гапирмоқда. Уларнинг матонати, жасорати тўғрисида тўлқинланиб фикр билдиришяпти.

Сўнгги бир ойда мамлакатимиз спортчиларининг улкан ютуқлари бир-бирига уланиб кетди. Дастлаб XXXI ёзги Олимпия ўйинлари қаҳрамонларини олқишлаган бўлсак, энди навбат паралимпиячиларимизга келди.

Пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейида XV ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

2016 йилнинг 7-18 сентябрь кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XV ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчиларимиз 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза медални қўлга киритди. Бунинг натжасида 160 дан ортиқ давлат орасида умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгалладик.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 19 сентябрдаги Фармойишига мувофиқ ­Паралимпия ўйинларининг ғолиб ва сов­риндорларига пул мукофотлари ажратилди. Шунингдек, уларга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Олимпиячиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан «Malibu» маркали енгил автомобиллар тақдим этилди.

Мираброр УСМОНОВ, Миллий Олимпия қўмитаси президенти:

Ўзбекистонлик спортчиларнинг энг катта ютуғи шундаки, уларнинг қалбида Ватанига, Халқига, Президентига бўлган кучли муҳаббат бор. 2016 йил ўзбек спорти тарихида янги саҳифалар очди. Ютуқлар яхши. Лекин уларни давом эттириш, янада юксалтириш ундан ҳам муҳимдир. Бугун биз ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб, келажакда ўтказиладиган мусобақаларда бу натижалар тасодиф эмаслигини исботлашимиз керак. Куни кеча Токио олимпиадасига тайёргарлик кўриш тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекдим. Бу кейинги олимпиада учун ҳаракат бошлаб юборилганини кўрсатади. Умид қиламизки, Японияда бундан ҳам юксак марраларни забт этамиз.

Фирдавс МУСАБЕКОВ, Паралимпия ўйинлари ғолиби:

— Халқимизга, ҳукуматимизга барча спортчилар номидан катта раҳмат айтмоқчиман. Бизнинг бу ютуқларга эришишимизда, Биринчи Президентимиз ­Ислом Каримовнинг бебаҳо хизматлари бор. У кишининг спортга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги туфайли улкан натижаларга эришдик. Мамлакатимизда барча талабларга жавоб берадиган спорт комплекс­лари қурилган. Уларда шуғулланган, тобланган спортчилар бугун дунё миқёсидаги мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда.

Очиғини айтганда, ана шундай имкониятларга эга бўла туриб, чемпион бўлмасликнинг ҳам иложи йўқ.

Севинч САЛАЕВА, Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби:

Мен Паралимпия ўйинлари совриндори бўлганимдан жуда бахтиёрман. Куни кеча юртимизга қайтиб келдик. Бугун Олимпия шон-шуҳрати ­музейида бизни кутганимиздан ҳам ортиқ тақдирлашди. Ўзбекистондек юрт ҳеч қаерда йўқ. Халқимизга, мураббийларимизга, ота-онамизга мингдан-минг раҳмат.

Ўткиржон НИҒМАТОВ, Паралимпия ўйинлари ғолиби:

Албатта, ҳар бир спортчи ўз олдига юксак мақсадлар қўяди. Олимпиадада иштирок этишни, ғалаба қозонишни ҳамма истайди. Мен ҳам Пар­алимпия ўйинларида қатнашишни орзу қилардим. Бунга эришиш осон бўлмади. Бунинг учун жуда кўп тўсиқлардан ўтиш керак эди. Мураббийларимиз билан биргаликда ана шунга эришдик.

Аҳрор БОЗОРОВ, Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби:

— Мазкур Паралимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритдим. Ваъда бериб айтаманки, Токио паралим­пия­сида бу медаль албатта олтин бўлади. Бизни бугун юксак даражада тақдирлашди. Бундан жуда ҳам миннатдормиз.

Одил ТУЛЕНДИБАЕВ, Паралимпия ўйинлари ғолиби:

— Жисмоний имконияти чекланган одамлар тушкунликка тушиб қолган вазиятларни кўп кўрганмиз. Мен ўйлайманки, одам ҳар қандай ҳолатда ҳам олдинга интилиши, ўз олдига катта мақсадлар қўйиши зарур. Бугун Ўзбекистонда ­паралимпия спортчилари ҳеч кимдан кам бўлмаган даражада эъзозлан­япти. Бунинг учун давлатимизга раҳмат. Биз ­Риода 31 медални қўлга киритдик. Кейинги мусобақаларда бундан ҳам кўпроқ медаллар шодасига эга бўламиз.

Турсунпошша НУРМЕТОВА, Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби:

— Юртимиз азалдан полвонлар ватани бўлган. Бизда унча-мунча эркакларнинг курагини ерга теккизган аёл курашчилар ҳам кўп. Болалигимда улар ҳақида эртаклар айтиб беришарди. Ўша пайтда менда ҳам курашчи бўлиш истаги туғилган. Юртимизда аёллар спортини ривожлантиришга берилаётган юксак эътибор сабабли менда ҳам дзюдо билан шуғулланиш имкони пайдо бўлди. Устозларимнинг ўгитларига амал қилиб, Паралимпия ўйинларида сов­риндор бўлдим. Натижаларимни янада яхшлаш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан.

Феруз САИДОВ, Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби:

— Биз Рио паралимпиадасида ўзбек спортчиларининг қандай кучга эга эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилдик. Шахсан мен бу олимпиадада иштирок этишни жуда истагандим. Тўғри, бироз омад етишмади. Насиб бўлса, ҳозирги натижам билан чекланиб қолмай, кейинги Пар­алимпия ўйинларида ва халқ­аро турнирларда ғалаба қозонишга сўз бераман.

Фотима ОМИЛОВА, Паралимпия ўйинлари ғолиби:

— Авваламбор бу ғалаба фақатгина менинг ютуғим эмас. Унда юртимиз, халқимиз ва Биринчи Президентимизнинг хизматлари катта. Агар бизга шундай шароитлар яратиб берилмаганда бугунги натижалар бўлмасди. Паралимпия ўйинларида дастлаб бронза медалини қўлга киритдим. Кейинги баҳсларда эса кумуш медаль насиб этди. Бироқ менинг мақсадим олтин олиш эди ва учинчи уринишда бу мақсадимга эришдим. Мен бахтли ўзбек қизиман.

Миран САҲАТОВ, Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби:

— Бизни шу ғалабаларни қўлга киритишимиз йўлида тинимсиз қўллаган, халқимизга терма жамоамиз номидан миннатдорлик билдираман. Мени тақдир тақозоси билан кўзларим кўрмай қолди. Аммо тушкунликка тушмадим. Ҳаётнинг оғир қийинчиликларига бардош бериб, шу кунларга етиб келдим. Бундан 6 йил аввал енгил атлетиканинг югуриш турлари билан шуғуллана бошладим ва бу менинг ҳаётим мазмунига айланди. Кейинчалик эса Франция, ­Англия каби давлатларда бўлган халқаро турнирларда иштирок этиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилдим.

Биз, тўрт киши қўлга киритган эстафета бронза медали саноқ бўйича битта ҳисобланади. Бизга ажратилган пул мукофоти тўрт кишига бўлиб берилиши керак эди. Бироқ Фармойишга асосан ҳар биримизга алоҳида пул мукофоти бериладиган бўлди. Ана шу биргина мисолнинг ўзи ҳам бизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва қадрнинг намунаси, деб биламан.

Мавлон ҲАЙДАРОВ, 2014 йилги Пара Осиё ўйинлари ғолиби:

— Мусобақада қатнашган ҳар бир спортчи ғолиб бўлавермайди. Рио паралимпия ўйинларида менинг омадим келмади. Совриндор бўла олмадим. Лекин мен ҳам чемпионларга аталган «Malibu» автомобили билан тақдирландим. Менга ўхшаб совриндор бўла олмаган бошқа спортчиларга ҳам автомашина топширилди. Шунча йилдан бери спортнинг ичида юрган бўл­сам, бунақа эътиборни кўрмаганман. Ўзбекистонда инсон қадри ҳамиша баланд.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Адҳам Икромов сўзга чиқди.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.