22.09.2016

ЁШЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИ:

янги қонун мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинмоқда

Ёшлик инсонга эзгу орзулар рўёбини, илм эгаллашга бўлган шижоатни, қувончларга тўла илиқ хотираларни, катта ҳаёт тажрибасини туҳфа этиши билан қадрли. Бу даврда ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар уларни мамлакатимиз тараққиёти йўлида бирлаштиради, илмий-ижодий фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга, фаолликка, ташаббускорликка руҳлантиради.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, «оммавий маданият» ва ёт ғоялар таъсиридан асраш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Бу фикрлар пойтахтимиздаги «Туркистон» саро­йида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкил этган семинарда алоҳида таъкидланди. Яқинда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга бағишланган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари мазкур қонуннинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад, бу борадаги тажрибалар ва долзарб вазифалар хусусида фикр юритишди.

— Мустақиллик йилларида баркамол авлодни тарбия­лаш, ёшларимизнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун қулай шароит яратилди, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддас Раҳматуллаева — Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини бугун фарзандларимиз камолида, эришаётган ютуқларида кўриб турибмиз. Аммо шиддатли замон, ҳаётнинг ўзи ёш авлод тарбиясида олдимизга янги, ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда. Мустақилликка эришган йилимиз, «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган эди. Орадан шунча йил ўтиб, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга эҳтиёж сезилди. Шунга мувофиқ, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.

Унда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлари янада мустаҳкамланди. Бу борада давлат сиёсатини амалга оширувчи органлар ва муассасалар вазифалари, ваколатлари, шунингдек, уларнинг бу соҳадаги жавобгарлиги аниқ белгилаб берилди. Бу, биринчи навбатда, йигит-қизларимизнинг олижаноб интилишларини рўёбга чиқариш, жамиятимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ривожланишида иштирок этишида барча ёрдамни кўрсатиш билан боғлиқдир.

Ёшларимизнинг салоҳия­тини ҳар томонлама рўёбга чиқариш учун уларнинг илм-фан, техника, ахборот технологиялари, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик каби соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини амалга оширишда давлат ва жамоат тузилмаларининг ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш зарур.

— Республикамизда ёш­ларнинг манфаатларини кўзловчи қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган, — дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев. — «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир. Қувонарлиси, бу борадаги амалий, айтиш мумкинки, тарихий ишлар бугун ҳам изчиллик билан давом этмоқда. Куни кеча қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун ёшларнинг билим олиши, ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши учун янада кенг йўл очади.

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда жамоат ташкилотлари, энг аввало, ёшлар ташкилотларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларининг роли ҳамда ўрнини кучайтириш масалалари алоҳида эътиборга олинган. Давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, баркамол авлодни тарбиялашга доир тадбирларни уюштириш ҳамда ўтказишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг кафолатлари белгилаб берилди.

Демак, олдимизда масъулиятли вазифалар турибди. Бугун биз яшаётган давр ўз шиддати билан бош­қа даврлардан ажралиб туради. Бу, албатта, дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ. Мана шундай даврда ёшларни ҳар қандай маънавий таҳдид ва тажовузлардан асраш, ҳимоя қилиш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш долзарб аҳамиятга эга. Ўз навбатида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ёш авлод зиммасига ҳам катта масъулият юклайди, юксак мақсадларга эришишда янада фаоллик кўрсатишни талаб этади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.