Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
22.09.2016

ҚОНУН ҲАР ТОМОНЛАМА МУСТАҲКАМ

Мамлакатимиз, халқимиз катта сиёсий воқеа арафасида турибди. Шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юксак савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш учун қизғин тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Сайлов билан боғлиқ жараёнлар юртдошларимизда катта қизиқиш уй­ғотмоқда.

Таҳририятимизга сайловчилардан келаётган саволлар ҳам буни тасдиқлаб турибди.

 

Шаҳло Бақоева, уй бекаси, Бухоро вилояти: 

— Эшитишимга қараганда, сайловни ўтказишда округ сайлов комиссиялари фаолияти муҳим аҳамиятга эга экан. Уларнинг ваколатлари ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз?

 

Фарҳод УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Албатта, сайловни қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда, юқори савияда ўтказишда округ сайлов комиссиялари фаолияти муҳим ўрин тутади.

Округ сайлов комиссиялари Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва камида 6-8 нафар аъзосидан иборат таркибда тузилади. Округ сайлов комиссиясининг шахсий таркиби Марказий сайлов комиссиясининг қа­рори билан тасдиқланади. Унинг вазифаларига тўхталадиган бўлсак, сайлов участкаларини тузади, округ бўйича тартиб рақамини белгилайди ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади. Участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ҳам айнан мазкур комиссия зиммасидадир.

Биламизки, қонунчилигимизда Президентликка номзодлар сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун бирдек ҳуқуққа эга. Шундан келиб чиқиб, округ сайлов комиссияси номзодлар учун бу борада тенг шароитларни таъминлаши керак. Бундан ташқа­ри, сиёсий партиялар вакилларининг, сайлов округи ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхати тузилиши, унинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб бориш ҳам округ сайлов комиссиясининг вазифасига киради. Қолаверса, мазкур комиссия маблағларни участка сайлов комиссияларига тақсимлаш, сайлов комис­сия­ларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилиш ҳамда сайловни моддий-техник жиҳатдан таъминлашнинг бош­қа масалаларини кўриб чиқиш ишларини амалга оширади.

Агар участка сайлов комиссия­ларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан қандайдир ариза ёки шикоят тушса, уларни кўриб чиқиш ва бу ҳақда қарор қабул қилиш ҳам айнан округ сайлов комиссияси ваколатига киради. Комиссия округ бўйича сайлов якунларини чиқаради ва маълумотларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади.

 

Умид Баракаев, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси:

— Мамлакатимизда сайлов очиқ-ошкора ўтказилиши ҳақида кўп эшитаман. Бунинг қандай қонуний асослари бор?

 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунда бу ҳақда баён этилган. Унга кўра, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади. Шунингдек, фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, комиссиянинг таркиби, уларнинг жойлашган жойи ва иш вақтидан воқиф этади, сайловчилар рўйхати, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар фаолияти билан таништиради. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақида хабардор қилади.

Айтиш жоизки, сайлов жараёнида ошкораликни таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Қонунчиликка асосан, улар сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганини, номзодлар дастури, сайловчилар фикрини ёритиб боради.

Сайловга тайёргарлик кў­риш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Президент­ликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳу­қуқига эга. Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссия­ларига сайловдан камида ўн беш кун олдин маълум қилиши керак.

Ана шуларнинг ҳаммаси сайловнинг очиқ-ошкора ўтишида, фуқароларнинг конституцияда белгилаб берилган устувор ҳуқуқлари таъминланишида долзарб аҳамият касб этади.


Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ яна қандай масалалар ҳақида батафсил маълумот олишни истайсиз? Саволларингизни таҳририятимизга бемалол йўлланг. Уларга депутатлар, тажрибали ҳуқуқшунослар жавоб беради.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: