22.09.2016

ЎЗБЕКИСТОН СПОРТЧИЛАРИНИНГ ЖАСОРАТИ

XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 32 спортчиси дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда муносиб иштирок этиб, 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза, жами 31 медалга сазовор бўлди. Мазкур кўрсаткич билан Ўзбекистон делегацияси 160 дан ортиқ давлат орасида ўн олтинчи, Осиёда учинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.

...2013 йилда пойтахтимизда Осиё Паралимпия қўмитасининг конференцияси бўлиб ўтганди. Унда мазкур қўмитанинг ўша пайтдаги раиси Дато Зайнал Абу Зарин қуйидаги сўзларни айтганди:

— Ўзбекистонда Паралимпия ҳаракати ривожига берилаётган эътиборни биз бошқа давлатларга ибрат сифатида кўрсатаяпмиз. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, илк бора ташкиллаштирилаётган конференцияни ўтказиш учун Тошкент бежиз танлангани йўқ. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Бунинг учун, аввало, Президент Ислом Каримовга, ҳукуматга, Паралимпия спорт турларини ривожлантириш борасида жонкуярлик қилаётган мутасадди ходимларга миннатдорлик билдираман. Эндиликда қўмитамиз қитъада бешта минтақага бўлинган ҳолда фаолият кўрсатади. Ҳар бир минтақанинг етакчиси та­йинланади. Шубҳасиз, Марказий Осиё минтақасининг етакчиси Ўзбекистон бўлади...

...Тошкент халқаро аэропортида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XV Пар­алимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар катта тантаналар билан кутиб олинди.

Шу пайтгача мамлакатимиз спортчилари Паралимпия ўйинларида биргина кумуш медални қўлга киритган эди. Лондон шаҳри мезбонлик қилган мусобақаларда қатнашган дзюдочимиз Шариф Халилов сазовор бўлган ўша медаль Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида олтинчи бўлганди.

2016 йил ўзбек спорти тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилишига шубҳа йўқ. Дастлаб олимпиячиларимиз мамлакатимиз спорти тарихидаги энг юксак натижани қайд этган бўлса, паралимпия­чиларимиз ҳам зафарли юришни муносиб давом эттирди.

XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 32 спортчиси дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда муносиб иштирок этиб, 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза, жами 31 медалга сазовор бўлди. Мазкур кўрсаткич билан Ўзбекистон делегацияси 160 дан ортиқ давлат орасида ўн олтинчи, Осиё мамлакатлари ичида учинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади. XV Паралимпия ўйинларида 160 дан зиёд давлатдан 83 давлат спортчиларигина медалларни қўлга кирита олди, 63 давлат вакилларигагина олтин медаль насиб этди.

...Тошкент халқаро аэропорти ҳаяжон ва қувонч оғушида. Юзлаб ҳамюртларимиз байроқлар, турли ёзувлар битилган баннерларни кўтарганча спортчиларни кутмоқда... Ана, қаҳрамонлар карнай-сурнай садолари остида чиқиб келмоқда.

— XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари тарихий ғалабаларни қўлга киритди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов. — Спортчиларимиз салкам юз фоизлик натижани қайд этишди. Бунақа ютуқ билан бошқа бирор бир давлат фахр­лана олмаса керак. Биз ҳаммамиз оммавий ахборот воситалари орқали спортчиларимизнинг чиқишларини, ютуқларини мунтазам кузатиб бордик. Ўзбекистон спортчилари медаль олмаган бирор кун бўлмади. Бунинг учун сиз спортчиларга минг раҳмат. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистонда спортнинг барча турларини ҳар томонлама ривожлантириш учун бор куч-ғайратини сарфлаган эди. Бугун у кишининг эзгу ниятлари сизларнинг тимсолингизда амалга ошмоқда. Сизларни тарбиялаган ота-онангизга катта раҳмат.

— Ўғлим Паралимпия ўйинлари чемпиони бўлди, — дейди Шерзод Намозовнинг онаси Меҳринисо Адизова. — Бу мен учун жуда катта бахт, катта шараф. Мазкур ютуқлар аввало мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг спортга берган юксак эътибори натижасида қўлга киритилди. Ўғлим чемпион бўлганидан кейин жуда кўп табриклар бўлди. Ришод Собировни ҳар гал кўрганимда ҳавас қилардим. Менинг ўғлим ҳам унга ўхшаб медаллар билан юртимизга қайтса дердим. Шукр, орзуларим ушалди. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг фармойишига асосан Паралимпия ўйинлари ғолиб ва сов­риндорлари, иштирокчилари юксак мукофотларга муносиб кўрилди. Бундан биз барча ота-оналар миннатдормиз.

— XV Паралимпия ўйинлари Ўзбекистонимиз учун улуғвор ғалабаларга бой бўлди, — дейди Фотима Омилованинг отаси Равшан Омилов. — Бу ютуқлар замирида устоз-мураббийларнинг ҳам машаққатли меҳнати ётибди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг спортга берган юксак эътибори бугун ўз меваларини бермоқда. Мен қизимнинг ҳар бир чиқишини ҳам ота, ҳам мураббий сифатида кузатдим. У дунёнинг ривожланган давлатларидан келган спортчилар орасида чемпион бўла олди. Унга бир йўла Паралимпия ўйинларининг олтин, кумуш ва бронза медаллари берилди. Мен қизим билан фахрланаман. Спортчиларимиз эришган ютуқлар билан халқимизни табриклайман.

— XV Паралимпия ўйинларидаги ҳар бир баҳсга биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотирасини ёд этган ҳолда чиқдим ва якунда олтин медални қўлга киритдим, — дейди Паралимпия ўйинлари олтин медали соҳиби Шерзод Намозов. — Спортда ютуққа эришиш учун моддий-техник базанинг мустаҳкам бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Биз спортчиларга бу борада энг юксак шароитлар яратиб берилганини алоҳида эътироф этмоқчиман. Шундай юртнинг фарзанди эканимдан ғурурланаман.

— Мен бу ғалабамни халқимизга бағишлайман, — дейди Пар­алимпия ўйинлари кумуш медали совриндори Ҳаётжон Алимова. — Биз Риога етиб борганимизда Юрт­бошимиз Ислом Каримов вафот этганини эшитдик. Ҳаммамиз чуқур қайғуга ботдик. Ке­йин биз спортчилар ўз-ўзимизга сўз бердик: биз у кишининг руҳини шод этамиз, қилган меҳнатларининг самарасини бутун дунёга кўрсатамиз. Майдонга чиққан ҳар бир спортчини бу ҳис заррача тарк этгани йўқ. Бизни қўллаб-қувватлаб турган барчага ўз миннатдорлигимни билдираман.

— Биз спортчилар Паралимпия ўйинларидан ўзига хос ютуқлар билан қайтдик, — дейди бронза медали совриндори Музаффар Турсунхўжаев. — Биздан ғамхўрлигини аямаган раҳбарларимизга, ҳар бир ютуғимиздан қувонган халқ­и­мизга раҳмат айтмоқчиман.

— Мен ҳам шу ерга йиғилган ота-оналар каби ҳаяжондаман, — дейди Турсунпошша Нурметованинг онаси Рўзигул Қўчқорова. — Ўтган икки ҳафта мобайнида фарзандларимиз биз учун унутилмас дақиқаларни ҳадя этдилар.

Ватанимиз байроғини юксакларга кўтариб, 31 медаль билан юртимизга қайтиб келишди. Паралимпиячиларимиз Рио­га кетиш олдидан Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга катта ютуқлар билан қайтишга ваъда берганди ва улар ўз ваъдасининг устидан чиқишди. Мен қизимга берган оқ сутимга мингдан минг розиман.

— Паралимпиячиларимизнинг ҳар бир чиқишини катта қизиқиш билан кузатиб бордим, — дейди Тошкент кимё технологиялари институти талабаси Ҳумоюн Ўктамов. — Уларнинг жасоратига нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё тан берди. Бугун Ватанимиз қаҳрамонларини кутиб олиш учун аэропортга келдим. Уларнинг матонати ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун ибрат намунаси бўлди, деб ўйлайман. Биз паралимпиячиларимиз билан фахрланамиз. Ишонамизки, улар келажакда бундан ҳам юксак марраларни забт этадилар.

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ҳамюртимиз Руслан Нурудинов оғир атлетика баҳсларида олимпиада рекордини ўрнатган эди. Паралимпия­чиларимиз ҳам бу ишни муносиб давом эттирган ҳолда, бир қатор рекордларни янгиладилар. Мазкур мусобақада спортчиларимиз томонидан 7 Пар­алимпия ўйинлари, 6 жаҳон ва 12 Осиё рекорди ўрнатилди.

— Биз узоқ Бразилияда халқимизнинг меҳрини, бизни қўллаб-қувватлаётганини ҳис қилиб турдик, — дейди Паралимпия ўйинлари олтин медали соҳиби Фотима Омилова. — 2018 йилда Жакартада Паросиё ўйинлари, 2020 йилда Токиода Паралимпия ўйинлари ўтказилади. Уларда ҳам муносиб қатнашишни ният қилганман.

— Мен Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон байроғини кўтариб чиқишдек шарафга муносиб кўрилдим, — дейди Паралимпия ўйинлари олтин медали соҳиби Ҳусниддин Норбеков. — Бу менга ўзига хос масъулият юклади. Паралимпия ўйинлари ғолиби бўлганимдан бир қувонган бўлсам, бу натижага Паралимпия рекордини янгилаган ҳолда эришганимдан икки ҳисса қувондим. Биринчи бўлиб оила аъзоларим ва мураббийимга қўнғироқ қилдим. Улар қувончдан йиғлаб юборишди. Келажакда бундан ҳам юқори натижаларга эришишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.

— Ҳаётда кўп кўрганмиз, тўрт мучаси соғ бўлган инсонлар спорт билан шуғулланишга қунт қилмайди, — дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Руслан Нурудинов. — Паралимпиячиларимиз ҳақиқий жасорат намунасини кўрсатди. Улар биздан ҳам юқори натижани қайд этишди. Улар замонамиз қаҳрамонларидир...

Аэропортдан қайтаётганда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Баҳром Обиджонов билан кўришиб қолдик. У киши ҳам паралимпиячиларимиз ҳақида фикр­ларини билдирди:

— Биласизми, ҳаёт қадрини, яшашдан мақсадни айнан пар­алимпиячиларимиздан ўрганишимиз керак. Уларнинг жасорати, матонати, сабр-бардоши олдида ҳаммамиз бош эгиб таъзим қилишимиз зарур. Мана шу иродали инсонлар ҳақида очерклар, китоблар ёзиш лозим. Ҳар бир меҳнат жамоасида улар билан учрашувлар ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Уларга мукофотлар берилиши муҳим воқеалардан биридир. Бизнинг мамлакатда инсон қадри улуғлигини шундан ҳам билса бўлади.

Тантанали маросимда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов иштирок этди.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.