22.09.2016

ИНСОН МАНФААТИ ҲИМОЯСИ

Мустақиллик жамиятнинг тубдан ўзгаришига, айниқса, иқтисодий масалаларни тўғри ҳал этишга кенг имкониятлар яратди. Аввалги тоталитар тузумдаги «фақат давлатники, халқнинг эса қорни тўйса бўлди», каби тушунчалар ўрнига аввало халқ, кейин давлат шиори асосий тамойил қилиб олинганлиги иқтисодий масалаларни оқилона ҳал этишга замин яратди.

Бу ўзгаришлар, ислоҳотларнинг замирида аввалги тузумда бўлган, жаҳон андозаларига мутлақо тўғри келмайдиган қонунлардан воз кечиб, демократик асосларга мос халқ­аро нормаларни инобатга олган ҳаётий қонунларни яратиш зарурати турар эди. Негаки, шўролар тузуми қонунлари жамиятнинг иқтисодий ривожланишига мутлақо йўл бермасди. Бу бутун давлатнинг иқтисодий инқирозига сабаб бўлди. Шўролар даврида фақат давлат манфаатлари устун қўйилган. Кишиларнинг шахсий иқтисодий масалаларни мустақил ҳал этишлари жиноят сифатида баҳоланган. Мол-мулк­лари мусодара қилинган.

Бутун давлат миқёсида мажбурий колхозлаштириш йўлга қўйилиши асосида шахсий мулк ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилган, одамларнинг томорқа ерлари тортиб олинган. Натижада улар қашшоқликда кун кечирган.

Мулк эгаси давлат, деб белгиланиши жиддий оқибатларни келтириб чиқарган. Жиноят кодексида давлат ва жамоат мулкига қарши жиноятлар учун алоҳида боб ажратилган. Жумладан, давлат ва жамоат мулкига қаратилган тажовуз оғир жиноят, деб баҳоланиб узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилиш ва ҳатто ўлим жазолари назарда тутилган. Яна бир гап. Давлат мулкининг эгаси бўлмагани сабабли бу мулкларни ташмачилик қилиш, ўзлаштириб олиш каби қилмишлар одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги шарофати билан ўша вақтда амалда бўлган 1959 йилги Жиноят кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар кири­тилган эди. Фикримизни исботлаш учун айрим мисолларни келтириб ўтсак...

1992 йил 9 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Жиноят кодексидан 174-модда (хусусий тадбиркорлик ва тижоратда воситачилик қилиш) ва 1773-модда (ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланиш) чиқарилди. Ушбу жиноятлар учун совет қонунчилигида фуқаронинг мол-мулки мусодара қилиниб, 10 йилгача ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган эди.

1993 йил 29 декабрда қабул қилинган Қонунга мувофиқ, Жи­ноят кодексидан мол-мулки мусодара қилиниб, ўн йилгача озод­ликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган 175-модда (чайқов­чилик) ҳам чиқарилди.

Қонунчиликдаги ана шу ва бош­қа ўзгартишлар бозор иқтисодиётининг нормал ривожланишига тўсиқ бўлган му­аммоларни бартараф этди. Мулкнинг турли шаклларига, эркин иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнатга асосланган бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган қонунчилик база­си яратилди.

Киритилган янгиликларга қарамасдан 1959 йилги Жиноят ко­дексининг асосий қоидалари жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва иж­тимоий эҳтиёжларига, шунингдек, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига ва Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган халқаро шарт­номалар талабига жавоб бера олмас эди. Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг моҳиятан янги Жи­ноят кодекси қабул қилиниши зарурлигини кўрсатди.

Янги Жиноят кодекси 1959 йилдаги Жиноят кодексидан тубдан фарқ қилади. Агар 1959 йилги Жиноят кодексида биринчи даражали вазифа сифатида сиёсий ва иқтисодий тузумни, социа­листик мулкни муҳофаза қилиш белгиланган бўлса, 1994 йилги Жиноят кодексида, аввало шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари устувор этиб белгиланди.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида замон талабидан келиб чиқиб, қонунчилигимизга жуда кўп ўзгартишлар киритилди. Яъни бозор иқтисодиёти мезонлари асосида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар, аввало инсон манфаати ҳимоясига қаратилди. Унинг эмин-эркин меҳнат қилиши ва ҳаёт кечиришига замин яратди.

 

Баҳром АҲРОРОВ,

юридик фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.