22.09.2016

ҚАДИМИЙ ҚАЛЪАЛАР СИРИ

Мана, йигирма бир йилдирки, Қорақалпоғис­тон Республикаси ҳудудидаги қадимий қалъа­ларда Авс­тралиянинг Сидней университети мутахассислари билан ҳамкорликда археологик қазишма ишлари олиб борилмоқда. Унда бевосита иштирок этаётган ЎзРФА Қорақалпоқ бўлими археология бўлими мудири, Ўзбекистон Қаҳрамони Қайрат Хўжаниёзов бизга қу­йидагиларни ҳикоя қилиб берди.

– Бу кўҳна замин ўз бағрида тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақаладиган қанчадан-қанча сирларни яшириб ётибди. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги қадимий қалъа ва обидаларни тадқиқ қилиш ишлари ўтган асрнинг 37-йилларида бошланган. Археологик экспедиция­га этнограф Сергей Толстов раҳбарлик қилган. Қазишма ишлари давомида топилган эрамиздан олдинги ва милоднинг бошларига оид қадимги Хоразм ёзувлари, турли топилмаларнинг катта қисми бугунги кунда Эрмитажда сақланяпти.

Ўтган йили австралиялик мутахассислар ҳамкорлигида милоддан олдинги давр­га оид зардуштийлар эҳромида қазишма ишлари олиб борганимизда, унинг деворларига чизилган рангли суратлар топилди. Ҳозир бу суратлар Франция, Австралия ва ўзбекистонлик мутахассислар томонидан реставрация қилинмоқда. Энг қизиғи шундаки, бу қадимги Хоразм ҳукмдорларининг суратлари бўл­иб, унда хоразмий маликалар қиёфаси акс этган.

Замин бағрида яшириниб ётган, тарихи уч минг йилликларга бориб тақаладиган бундай жавоҳирлар бизга узоқ ўтмишимизни тадқиқ этишга, ўзлигимизни англашга ёрдам беради.

1967 йилда Нукус давлат педагогика институтининг тарих факультетига ўқишга кирдим. Ўзбекис­тон Фанлар Академияси археология илмий-текшириш институти Қорақалпоғистон бўлими археологлари Вадим Ягодин бошчилигида Тахтакўпир туманидаги Қўрғонча қалъада қазишма ишлари олиб борилган. Унда мен ҳам иштирок этганман.

Бу ерда ярим ўтроқ, ярим кўчманчи бўлган кардерлар қабиласи яшаган. Қалъадан милоднинг VII-XI асрларига оид турли ашёлар топилди. Кардерлар қабиласи ҳақидаги маълумотлар тарихчи сайёҳ Ибн Баттута асарларида ҳам тилга олинган. Чунки ўз даврида гуллаб-яшнаган бу қалъа­га араб истилочиларининг ҳам қадами етган.

Қазишма ишларида менга бахт кулиб боққан — бўйи 30 сантиметрча келадиган кардерлар маъбудасини топиб олганман. Уни яшириб, бир амаллаб уйга олиб келганман. Ҳозир бу маъбуда Ўзбекистон Фанлар Академия­си археология илмий-текшириш институти Қорақалпоғистон бўлими қо­ши­да ташкил этилган археология музейини безаб турибди...

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 1995 йилдан буён австралиялик археологлар билан ҳамкорликда ўндан зиёд тарихий жойлар тадқиқ қилинди. Элликқалъа туманидаги Тупроққалъа ҳудудидан эрамизнинг II-III асрларига оид лойдан ишланган турли ҳайкалчалар топилди. Мутахассислар баҳосига кўра, бу ҳайкалчалар пишиқ ва бежиримлиги жиҳатидан тош ва бронзадан ясалган ҳайкалчалардан кам эмас.

Тўрткўл туманидаги Қўйқирқилган қалъадан инсонларнинг суяги солинган кўплаб остадонлар, милоддан олдинги IV-III асрга оид юлдуз туркумларини текширадиган астрология асбоблари қолдиқлари топилди. Уларнинг номи Беруний асарларида ҳам учрайди. Беруний тумани ҳудудидаги Тошхирмон воҳасида ўнга яқин археологик объект­лар очилди. Ҳудуди 50 гектарга тенг бўлган Ақчахон қалъаси милоддан олдинги III-II асрларда хоразмийлар давлатининг энг биринчи пойтахти бўлган, дея тахмин қилинмоқда. Изланишлар натижасида топилган барча ашёлар археология музейидан жой олди. Қаз­ишма ишлари бўйича олиб борилган тадқиқотлар Австралия, Франция давлатларининг нуфузли журналларида чоп этилди...

Мен учун оила даврасида бўлишнинг ўзи катта байрам. Чунки йилнинг ярмидан кўпроғини экспедицияда ўтказаман. Хонадонимиз фариштаси, турмуш ўртоғим, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи Умидахон Шарипова билан икки ўғил, бир қизни тарбияладик, улар олий маълумотли бўлишди. Ширинтойгина невараларим бор, уларни жуда яхши кўраман. Оила бахти, шукроналик шу-да!

Мен 40 йилдан ошиқ вақт мобайнида қадимги Хоразм давлатчилиги ҳудудларида олиб борган археологик тадқиқотларим натижасида бир нарсага амин бўлдим: милоддан олдин ҳам, милоддан ке­йинги даврларда ҳам жамиятда аёлнинг роли беқиёс бўлган.

Буни милоддан олдинги II-I асрларда бунёд этилган Ақчахон қалъаси деворларидан топилган, одам бўйи баробарида чизилган хотин-қизларнинг рангли суратлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Демак, аёлларни эъзозлаш, жамиятимизнинг ил­ғор иштирокчиси, авлодлар давомчиси сифатида уларни ҳурмат қилиш, қадрлаш бизнинг қон-қонимизда бор.

Шу кунларда илмий экспедициямиз аъзолари томонидан тарихий обидаларда олиб борилган кўп йиллик изланишлар маҳсули бўлган турли топилма ва ашёлар асосида китоб тайёрланаяпти. Ўзаро ҳамкорликда яратилаётган бу китоб немис ва инглиз тилларида ҳам чоп этилиши мўлжалланмоқда. Унда кўп йиллик машаққатли меҳнат натижасида кашф этилган қадимий қалъалар сири Ватанимиз тарихининг яна бир зарварағи сифатида дунёга намоён бўлади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.