Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
20.09.2016

МУҚОБИЛ ЁНИЛҒИ — КОНИ ФОЙДА

Бугунги кунда республикамизда иқтисодиётнинг юқори ва барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда, ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишда транспорт воситаларининг хизмати каттадир.

Мустақиллик йилларида автотранспорт воситаларининг сони кескин кўпайиши ёнилғи маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг ўсишига олиб келди. Уларни экологик тоза ёнилғи билан таъминлаш долзарб масалага айланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 10 февралдаги «Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станция­ларини ва автомобилларни суюлтирилган ва сиқилган газга бос­қичма-босқич ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. 2007-2014 йилда 260 та АГТКСлари (автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари) қурилиб, фойдаланишга топширилди. 434,8 мингта автотранспорт воситалари сиқилган газда ишлашга мослаштирилиб, прогноз кўрсаткич 108,4 фоизга таъминланди.

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига эса фойдаланишга топширилган АГТКСлар сони 519 тага етди. 2010 йилда республика бўйича жисмоний шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларидан 70 фоизи автобензин ёнилғисида, 3,6 фоизи дизель ёнилғисида, 14,5 фоизи сиқилган табиий газда ва 11,9 фоизи суюлтирилган углеводород газида ишлашга мослаштирилган бўлса, 2016 йилнинг 1 январига келиб 38,7 фоизи автобензинда, 2,9 фоизи дизель ёнил­ғисида, 42,7 фоизи табиий газда ва 15,7 фоизи суюлтирилган углеводород газида ишлашга мослаштирилди. Яъни 2016 йилда автобензинда ишлайдиган автотранспорт воситаларининг сони 2010 йилга нисбатан 24,2 фоизга камайган ҳолда, сиқилган табиий газда ишлайдиган автотранспорт воситалари сони 394 фоизга, суюлтирилган газда ишлайдиган автотранспорт воситаларининг сони эса 176 фоизга ошди. Бугунги кунда республикада рўйхатдан ўтказилган автомобилларнинг 58,4 фоиздан ортиғи газдан фойдаланмоқда. Натижада 2011 йилдан бугунги кунгача сиқилган газда ишлайдиган автотранспорт воситаларига 8055 млн. куб. метр сиқилган табиий газ сотилган бўлиб, натижада 3348 минг тоннадан ортиқ атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни камайтиришга ва 6271 минг тоннадан ортиқ автобензиннинг тежалишига эришилди. Келтирилган маълумотлардан яққол кўриниб турибдики, автомобилларни суюлтирилган газда ишлашга мослаштиришдан кўра, сиқилган газда ишлашга ўтказиш жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Ҳозирги кунда экспертлар республикамизда икки турдаги муқобил газ ёнил­ғиси бозори ташкил топганини ва уларнинг доимий ривожланиб бораётганини эътироф этмоқдалар.

Автомобилларни сиқилган табиий газда ва суюлтирилган газда ишлашга мослаштиришнинг яна бир сабаби уларнинг автобензин ёнилғисига нисбатан бир қанча афзалликларга эга эканлигидадир. Энг аввало ва асосийси, сиқилган табиий ва суюлтирилган газ автобензинга нисбатан бир неча бор арзонга тушади.

Масалан, «Нексия» русумли автомашинанинг 100 км. масофани босиб ўтиши сиқилган табиий газдан фойдаланилганда автобензинга нисбатан 1,5 баробар арзонга тушади.

Бундан ташқари, автомобиль двигателлари қисмларининг детонациясиз бир маромда ишлашини таъминлайди. Таркибида емирувчи кимёвий унсурлар йўқлиги, ёниш кўрсаткичининг юқорилиги, чиқинди қолдирмаслиги туфайли двигателларнинг ишлаш муддати 30-40 фоизга узаяди ва айни пайтда ҳавони ифлослантирмайди.

Автомобилларнинг суюлтирилган ва сиқилган газга ўтиши республикамиз аҳолисининг миллион-миллион сўмлик маблағлари тежалишига, айни пайтда тежалган нефть маҳсулотларини халқ хўжалигининг бошқа муҳим тармоқларида фойдаланишга имконият яратиб қолмасдан, атроф-муҳитнинг софлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

 

Нуриддин МАҲМУДХЎДЖАЕВ,

«Ўздавнефтгазинспекция»си нефть маҳсулотларидан

оқилона фойдаланиш бўйича бош технологи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: