20.09.2016

ЮРТИМИЗ ТАҚДИРИ ВА ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН

юксак фуқаролик масъулиятини намоён этиш муқаддас бурчимиздир

Аввал хабар берилганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунларнинг тегишли моддаларига асосан жорий йилнинг 9 сентябрь кунидан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинди.

Мамлакатимизда ушбу сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар очиқ-ошкора, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ҳолда амалга оширилмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақатгина сиёсий партия­лар эгадир.

Шу муносабат билан 17 сентябрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VI пленумида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг фаол ва муносиб иштирокини таъминлаш билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама этилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзолари, масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракция­си аъзолари, минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Пленум қатнашчилари Ўзбекис­тон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат арбоби Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, унга ҳурмат бажо келтиришди.

Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштироки тўғрисидаги масала юзасидан партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов сўзга чиқди.

Мамлакатимизда қонунлар такомиллашаётгани, давлат идоралари фаолиятига, ҳаётимизга умум­эътироф этилган демократик қоида ва талаблар изчил жорий қилинаётгани, инсоннинг устувор ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётгани, фуқароларимизнинг ­дунёқараши кенгайиб, фикрлаш тарзи тубдан ўзгариб бораётгани сари халқимизда ривожланган давлатлар қаторига қўшилишга интилиш, ишонч ҳисси кучаймоқда.

Ислоҳотларнинг ижтимоий ­самарадорлиги ошишида, электоратимиз вакиллари, сайловчиларда сиё­сий-ҳуқуқий билим ва фаоллик кучайишида бу долзарб аҳамиятга эга. Бугунги шароитда партиямизнинг жамиятдаги нуфузи электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётганимиз, жойлардаги муаммоларнинг ечими юзасидан қандай ташаббуслар билан чиқаётганимизга қараб баҳоланади, деди партия раҳбари.

Маълумки, 2014 йил декабрь ойида бўлиб ўтган сайловлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 27 нафар депутатдан иборат Ўзбекистон ХДП фракцияси тузилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида 214 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 1649 нафар партиямиздан сайланган депутат фаолият юритмоқда. Яъни, 178 маҳаллий Кенгашда партиямиз гуруҳлари тузилган. Бир сўз билан айтганда, партиямиз ўз дас­турий мақсадларини амалга оширишга қодир бўлган депутатлик корпусини шакллантира олди ва улар парламент, депутатлик назоратини кучайтиришда фаол қатнашмоқда.

Партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури қабул қилинган. Унда электорат манфаатларига қаратилган қатор қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларга ечим топиш, ижтимоий аҳамияти юқори бўлган дас­турларнинг ижроси устидан депутатлик ва парламент назоратини амалга ошириш бўйича парламентдаги фракциямиз, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз олдига аниқ вазифалар қўйилган.

Шу асосда муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 129 масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари йиғилишларида кўрилган, шундан 72 масала доимий комиссияларда, 50 масала эса сессияларда муҳокама этилиб, электорат манфаатларига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинган.

Партия етакчиси парламентдаги фракция фаолияти бўйича ҳам атрофлича тўхталиб ўтди. Бу ҳақда гап кетганда, аввало, Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламентдаги кўпчилик, яъни Демократик кучлар блокига нисбатан мухолиф, деб эълон қилди. Бундай ёндашув фракция фаолиятида, парламентда қонун лойиҳалари муҳокама қилинаётганда ўз самарасини бермоқда. Бир сўз билан айтганда, қонун ижодкорлиги жараёнида соғлом демократик рақобат муҳити барқарор ривожланмоқда. Жорий йилда Олий Мажлис ­Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган 30 га яқин қонун ло­йиҳаси Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари томонидан биринчи ва кейинги ўқишларда танқидий жиҳатдан кўриб чиқилган.

Шу ўринда айтиш керакки, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари бўйича Демократик кучлар блоки томонидан билдирилган фикрларга ЎзХДП фракцияси ўз позициясини баён қилган.

Бундан ташқари, фракция аъзолари қонунчилик ташаббуси ҳу­қу­қидан фойдаланиб, бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қарори лойиҳаси, «Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатишган.

Ўзбекистон ХДП фракцияси масъуллигида бўлган Мудофаа ва хавфсизлик масалалари, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмиталари томонидан ҳам қонунлар лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан маълум ишлар амалга оширилмоқда.

Қонунлар, муҳим Давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини изчил йўлга қўйиш, ижро ҳокимиятининг масъулиятини кучайтириш масалалари партия фракцияси фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун фракция ташаббусига асосан электорат манфаатлари билан боғлиқ долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан парламент эшитувлари ташкил этиляпти. Хусусан, ўтган йил сентябрь ­ойида Меҳнат вазирининг иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури бажарилиши тўғрисидаги ахбороти тингланиб, жорий йилга мўлжалланган Дастур учун зарур таклифлар берилди, муҳокама якунлари бўйича парламент қарори қабул қилинди. Бундай мажлисларда Вазирлар Маҳкамаси, ­мутасадди вазирликлар, идора ва ­муассасалар, маҳаллий давлат ­ҳо­кимия­ти органлари вакиллари фаол ­иштирок этаётгани парламент­нинг таъсир кучи ошишида, ман­фаатлар мувозанати таъминланишида, ўзаро ҳамжиҳатлик кучайишида катта аҳамият касб этади, албатта.

Жорий йил 12 апрелда матбуотда эълон қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонун парламент ислоҳотларини янада чуқурлаштиришда, демократиянинг умум­эътироф этилган тамойил ва қоидаларини ҳаётимизга кенг жорий этишда янги имкониятлар яратиб берди. Парламент назорати талабларига мувофиқ равишда «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳамда бу борадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати ўрганилди. Шунга кўра, партия фракция­си ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли ахбороти эшитилиб, парламент қарори қабул қилинди.

Буларнинг барчаси партиямиз электорати манфаатларини ҳимоялаш, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттиришга хизмат қилмоқда.

Пленумда мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол ва муносиб иштирок этиш партиямиз зиммасидаги энг устувор вазифа экани таъкидланди.

Президент сайлови жамият ҳаётида, халқимиз, жонажон Ўзбекистонимизнинг келгуси истиқболини белгилаб беришда беқиёс ўрин тутади.

Маълумки, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини демократик сайловларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айнан сайловда одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, якдиллиги ва бирдамлиги яққол намоён бўлади.

Алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказиладиган бу галги сайлов мамлакатимизда ­демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўта масъулиятли пайтига тўғри келмоқда.

Шундай экан, партия ўзининг стратегик мақсадлари, ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби халқ демократияси тамойилларига содиқ қолган ҳолда, Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ана шу ғоянинг тарғиботчиси сифатида фаол ҳаракат қилиши лозим. Буни шиддаткор давримиз талаблари кун тартибига қўймоқда, деди партия раҳбари.

Партиянинг барча даражадаги ташкилотлари сайловга тайёргарлик жараёнида юксак фуқаролик масъ­улиятини намоён этиши, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб уюшқоқлик билан ўтказиладиган тар­ғибот-ташвиқот тадбирларида биринчи навбатда юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга, халқ манфаати, юрт равнақи йўлида дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиши зарур бўлади.

Сайлов кампаниясининг мазкур босқичи ҳар бир партия ташкилотидан, яъни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аппаратидан тортиб, то бошланғич ташкилотларигача бўлган бўғинларидан аниқликни, ишчанликни, ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштиришни юксак даражага кўтаришни талаб этади.

Бу борадаги биринчи қадам сайлов кампанияси даврида партия ташкилотлари ва сайланадиган органлар ишини мувофиқлаштириш бўйича штабни ташкил этиш бўлади. Яқин кунларда худди шундай штабларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича ташкил этилган сайлов округлари марказларида ҳам тезкорлик билан тузиш лозим. Ушбу штаблар зиммасига жиддий ва масъулиятли ташкилий-ҳуқуқий вазифалар юкланади.

Сайлов кампанияси даврида партия туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотларимиз аҳоли ўртасида сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар, очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ташкил қилиши, электорат вакилларида фаол фуқаролик позициясини, ўз сайлов ҳуқуқидан онгли равишда ва юксак масъулият билан фойдаланишга бўлган интилишни кучайтиришга ҳаракат қилмоғи лозим.

Пленумда сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бош­қа муҳим масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Халқ демократик партияси сайлов жараёнларига тайёргарлик кўрар экан, энг аввало, мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, давлат ва жамият томонидан аниқ йўналтирилган ижтимоий муҳофазага ҳамда қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этиш, ички ва ташқи сиёсатни изчиллик билан давом эттириш ҳамда мамлакат фуқароларининг манфаатларига мос ­келувчи сиёсатни амалга оширишга қодир бўлган шахс номзодини ­Президент сайловида илгари суришни мақсад қилган.

Шундан келиб чиқиб, пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партия­сидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Бу борада партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, пар­тия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия Қурулто­йида кўриб чиқиш учун номзод сифатида кўрсатилди.

Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар бошқа зарурий ҳужжатлар билан бирга Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Марказий сайлов комиссияси ушбу ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилиши ҳамда сиё­сий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини бериши керак.

Ана шундан сўнг сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Прези­дент­лигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаш бўйича имзо тўплашга ҳақли бўлади. Қонунга кўра, сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сонидан камида бир фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри) сиё­сий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш сиёсий партиянинг юқори органи томонидан амалга оширилади. ЎзХДПнинг юқори органи унинг қурултойи ҳисобланади.

Шунинг учун пленумда Ўзбекис­тон Халқ демократик партиясининг навбатдаги қурултойини чақириш ва унинг кун тартиби тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Таклиф-мулоҳазалардан сўнг пар­тия­нинг X қурултойини жорий йилнинг 14 октябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш бўйича қарор қабул қилинди.

Қурултой кун тартибига Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши муносабати билан унинг маҳаллий ташкилотлари зиммасидаги вазифалар, партиядан Президентликка номзод кўрсатиш, Президентликка номзоднинг Сайловолди дастури ҳақидаги ва бошқа масалаларни киритиш таклифи маъқулланди.

Пленумда партия Марказий Кенгаши аъзолари, фаоллар сўзга чиқди.

 

Сафар ОСТОНОВ, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири:

— Аввало, шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президент­лигига бўладиган бу сайлов масъулияти олдинги сайловларга нисбатан бир неча баробар катта ва юксак. Чунки бу сайлов Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 96-моддасига асосан ўтказилмоқда...

Бу муҳим жараён қанчалик масъулиятли эканини ҳар биримиз чуқур ҳис этиб турибмиз. Бугунги вазият, бугунги шароит биздан ҳар қачонгидан ҳам уюшқоқликни, ҳамжиҳатликни, бирдамликни, ўз бурчимизга садоқат билан ёндашишни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак сайловга мамлакатдаги ҳозирги вазиятни, дунёда юз бераётган мураккаб ва кескин воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда тайёргарлик кўришимиз талаб этилади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришни, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришни, шунингдек, сайлов жараёнларини матбуот ва оммавий ахборот воситалари иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Сайлов очиқ-ошкора, яъни демократик тамойиллар асосида ўтишида уларнинг ­фаолияти муҳим ўрин тутади. Аввало оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганини ёритади. Мазкур жараён сайловчиларнинг сиёсий фаоллик даражасини оширишга кучли таъсир қилади. Энг муҳими, Президент сайлови — бу мамлакат, халқ тақдири, истиқболи билан боғлиқ муҳим воқеа экани тўғрисида жамоатчилик фикрини шакллантиради.

Шу боис матбуот ва оммавий ахборот воситаларидан самарали фойдаланиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Бизнинг бугунги бош вазифамиз, барча тарғибот-ташвиқот ишларимиз мазмун-моҳияти фуқароларимизнинг сайловда фаол иштирокини, халқимизнинг Ўзбекистонимиз манфаати йўлида руҳан бирлигини таъминлашга, она Ватанга садоқат туйғусини кучайтиришга қаратилмоғи керак, деб ҳисоблайман.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Истиқлолимизнинг 25 йиллик даври мобайнида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан тарихий ютуқ ва марралар қўлга киритилди. Иқтисодиётимиз салоҳияти ошди, халқимизнинг ғурури, маънавияти, турмуш фаровонлиги юксалди, юртимиз жаҳонда ўз ўрни, ўз ўзига эга бўлди.

Мустақиллик йилларида бошқа ­муҳим йўналишлар қаторида пар­ламентаризмни ривожлантириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди. Шу боис жамиятимиз ҳаётида парламентнинг ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Кўппартиявийлик тизими, сайлов тизими демократик талаблар асосида ислоҳ этилди. Фуқаролик жамиятининг асоси ҳисобланган нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари янги демократик тамойилларни инобатга олган ҳолда янада такомиллаштирилди. Пировардида давлат ва жамият бошқарувида сиёсий партияларнинг таъсир доираси янада кенгайди. Буларнинг ҳаммаси турли аҳоли қатламлари манфаатларини ўзида ифода этадиган мукаммал қонунларнинг қабул қилиниши ҳамда иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий соҳаларда ислоҳотларнинг самарали олиб борилишига хизмат қилмоқда.

Жорий йилда ўтказиладиган Президент сайловида партиямиз, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси фаол ва муносиб иштирок этади, халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, сиёсий-ҳуқуқий маданияти юқорилиги яна бир бор намоён бўлади, деб ишонаман.

Сайловга тайёргарлик жараёнларида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратмоғимиз лозим, деб ўйлайман.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати, электорат манфаатларига мувофиқ тарзда пар­тия­миздан кўрсатиладиган номзоднинг Сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, унинг халқчиллиги, ижтимоий ҳимояга йўналтирилганига урғу бериш мақсадга мувофиқдир.

Фикримча, сайлов кампанияси даврида партиямизнинг туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотларимиз электорат вакилларида фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тадбирларнинг сони ва сифатини ошириши, бунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари имкониятларидан ҳам самарали фойдаланиши талаб этилади.

Шунингдек, партиямиз томонидан кўрсатиладиган номзоднинг ишончли вакилларини танлашда катта ҳаётий тажриба ва халқ орасида обрў-эътиборга эга, билимли, салоҳиятли фаолларимиз, хайрихоҳларимизга суянишимиз, умуман, сайлов билан боғлиқ ҳар бир масалага катта масъулият билан ёндашишимиз керак.

 

Абдулҳамид НУРМАТОВ, Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси:

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида изчил амалга оширилган ишлар, айниқса, қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар парламент, вакиллик органлари ҳуқуқ ҳамда ваколатларини янада кенгайтирди, ижро ҳокимияти органларининг масъулияти, жавобгарлигини оширди.

Шунга мувофиқ равишда, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан сиё­сий партияларнинг нуқтаи назари, позициялари тобора мустаҳкамланмоқда. Уларнинг дастурларида жамият ҳаётининг муҳим масалалари акс этяпти. Сиёсий партиялар вакиллик органларида кўпроқ ўринларни қўлга киритиш орқали ўз ғояларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг стратегик вазифаларини ҳал этишда сезиларли таъсир кучига эга бўлиб бормоқда.

Партиямизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало аҳоли бандлиги, турмуш фаровонлиги, кучли ижтимоий сиёсатга асосланган иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш масалаларига эътибор қаратиш зарур, деб ўйлайман.

Айтиш керакки, сайлов жараёнларида бизнинг асосий кучимиз ҳудудий ва бошланғич ташкилотларимиз ҳисобланади. Уларнинг имкониятлари ҳамда салоҳиятидан самарали фойдаланиш масаласи ҳар доим эътиборимизда туради.

Бу борадаги биринчи қадам вилоят партия ташкилотлари ва сайланма органлари ишини мувофиқлаштириш бўйича вилоят штабини ташкил этиш бўлиб, унинг зиммасига жиддий ҳамда масъулиятли ташкилий-ҳуқуқий вазифалар юкланади. Яъни, у партиямиздан Президентликка кўрсатиладиган номзодга қонуний ҳуқуқларини амалга ошириш ва тегишли сайловолди тадбирларини ўтказишга кўмак беради.

Сайлов кампанияси даврида партия ташкилотларимиз ўтказадиган тадбирларнинг юксак савияда ташкил этилишига эътибор қаратишимиз лозим. Қисқача айтганда, партиямизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши фаолиятимизда муҳим босқичдир. Шунинг учун пленумда қабул қилинган қарорлар, зиммамизга юклатилган масъулиятли вазифаларни тўла-тўкис бажаришимиз талаб этилади.

 

Нилуфар ЮЛДАШЕВА, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:

— Бош Қомусимизнинг 32-моддасида фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги, бу ҳуқуқ ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Шу маънода, сайлов халқимизнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришнинг муҳим асоси ҳисобланади. Шундай экан, давлатимизнинг ҳар бир фуқароси, хусусан, сайловда биринчи марта қатнашадиган ёшларимиз Президент сайлови мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур англаши керак бўлади.

Президент сайловига тайёргарлик жараёнида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласини эътиборга олишимиз керак. Бу борада партиямизнинг алоҳида тарғибот режасини ишлаб чиқишимиз муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Бошқача айтганда, сайлов кампанияси даврида партиямизнинг «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари етакчилари, «Ёш сиёсатчилар» клуби аъзолари ҳар қачонгидан-да фаол, ташаббускор ва фидойи бўлиши лозим. Айниқса, партиямиз сафидаги йигит-қизлар «Ёшлар — ёшларга», «Истиқбол» билимдонлари», «Парламент», «Қонун ижодкорлиги — ёшлар нигоҳида», «Муаммоларни ҳал этишда менинг иштироким», «Бўлажак депутат» каби лойиҳаларда фаол қатнашиб, муайян тажриба тўплашган. Уларнинг иштироки тарғибот-ташвиқот ишларини янада изчил йўлга қўйишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Пленумда, шунингдек, Тошкент вилояти Зангиота тумани «Назарбек» қишлоқ врачлик пункти мудири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова, Беруний туман партия кенгаши раиси Халилла Ешимбетов ва Қашқадарё вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим ­Равшанов Президент сайловига ҳар томонлама жиддий тайёргарлик кўриш, бу жараёнда партиянинг фаол ва муносиб иштирокини таъминлаш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Пленумда муҳокама этилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.