17.09.2016

«ОЗОН ВА ИҚЛИМ: ДУНЁ ҲАМЖИҲАТЛИГИДА ТИКЛАНМОҚДА»

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида «16 июнь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «Озон ва иқлим: жаҳон ҳамжамия­ти кўмагида тикланмоқда» мавзусида ўтказилган тадбир озон туйнуклари орқали ўтадиган ультрабинафша нурларнинг инсон саломатлиги, ўсимлик ва ҳайвонот ­дун­ёсига салбий таъсирига, озон қатламининг емирилишига олиб келаётган омилларни камайтириш борасида дунё ҳамда республика миқёсида эришилган натижалар ва ютуқлар билан кенг жамоатчиликни таништиришга бағишланди.

Унда қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 18 май куни озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва озон қатламини емирувчи моддаларга доир Монреаль протоколини имзолади. Мазкур ҳужжатларга қўшилишдан келиб чиқадиган мажбуриятларни ўз зиммасига олиш асносида, ҳукуматимиз томонидан озон қатламини емирувчи моддалардан фойдаланишни қисқартириш борасида Давлат дастури тасдиқланди. Мазкур Дастурда Ўзбекистон томонидан халқаро мажбуриятларни босқичма-босқич амалга ошириш белгилаб қўйилди.

2001-2007 йилларда мамлакатимизда Давлат дастурининг озон қатламини емирувчи моддалардан фойдаланишни қисқартириш борасидаги биринчи босқичи амалга оширилди. Халқ­аро ташкилотлар кўмагида озон қатламини емирувчи моддалардан фойдаланишни қисқартиришга қаратилган, қиймати 3,4 миллион АҚШ доллари бўлган 5 лойиҳа амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, республикамизда 99,95 фоиз озонни емирувчи моддалар фойдаланишдан тўлиқ чиқарилган. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (ТД) Глобал экологик жамғармасининг «Иқтисодиёти ўтиш давридаги мамлакатлар ҳудудида озонни емирувчи моддалардан фойдаланишни жадал қисқартиришнинг бирламчи бажарилиши» қўшма лойиҳасининг бу борадаги аҳамияти беқиёсдир. Ушбу лойиҳанинг изчил амалга оширилиши туфайли юртимизда озонни емирувчи моддалардан фойдаланишни камайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилди.

Ушбу лойиҳанинг устувор йўналишларидан бири Ўзбекис­тон Республикасида ҳавони совутиш соҳаси корхоналари салоҳиятини ошириш, дейди лойиҳа менежери Аброр ­Ҳоджаев. — Гидрохлорфторор­углеродларни (ГХФУ) чиқариб олиш ҳамда уларни рециркуляция қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бешта Марказ ташкил этилади. Юздан ортиқ давлатга қарашли ҳамда хусусий корхоналар замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланади.

Жорий йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистондаги БМТ ТДнинг ташаббуси билан ташкил этилган марказий ва маҳаллий ОАВ вакилларининг Фарғона водийси корхоналари бўйлаб қилган сафари пайтида бу борада қилинаётган ишлар ва эришилаётган ютуқлар намойиш этилди.

Медиасафар қатнашчилари Фарғона ва Андижондаги ­совутиш агентларини рециркуляция қилиш ва қайта ишлатиш бўйича Марказда, маиший ва саноат совуткичлари ва ҳавони мўътадиллаштириш ускуналарига хизмат кўрсатувчи бир неча корхоналарда бўлишди. Жумладан, улар Фарғонадаги «Альбатрос» оилавий корхонасига махсус ускуна ва асбобларни топшириш маросимида иштирок этишди.

Мазкур корхона бир йилда мингга яқин совутгич ва ҳавони мўътадиллаштирувчи ускуналарга хизмат кўрсатади. Илгарилари ушбу ускуналарнинг иш жараёнида фойдаланиладиган фреон моддаси муддатини ўтаб бўлгач, чиқит сифатида ҳавога чиқариб юборилар, бу эса озон қатламига таҳдид соларди. Ҳозирги пайтда ушбу хатар бартараф этилди. «Альбатрос» оилавий корхонасининг мутахассислари чиқинди фреонни Фарғона шаҳридаги «Шомур» марказига топширади. Бу ерда заҳарли модда зарарсизлантирилади, тўйинтирилади ва яна «Альбатрос»га қайтарилади. Натижада уни совутгич ва ҳавони мўътадиллаштириш ускунасига қайта қуйиш мумкин бўлади.

— Ушбу жараён махсус ­технологик воситалар ва ускуналар ёрдамида бажарилади, — дейди «Альбатрос» оилавий корхонаси раҳбари Алишер Ёдгоров. — Уларни бизга БМТ ваколатхонаси бепул берган. «Шомур» хусусий корхонаси ҳам фреон тозалаш ускуналарини БМТ лойиҳасига биноан бепул олган.

Медиасафар давомида Андижон шаҳридаги «Хлодомонтаж» хусусий корхонаси қошидаги марказга ҳам замонавий асбоб-ускуналар топширилди.

— Марказ фаолияти озон қатламини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим аҳамият касб этади, — дейди тадбир иштирокчиси, Андижон шаҳар табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси етакчи мутахассиси Эркинжон Музаффаров. — Озонни емирувчи моддалардан фойдаланиш борасидаги назоратни кучайтиради.

Намангандаги «Тўхтаназаров Бахтиёр» хусусий корхонаси, «Olmos Farm Text» масъулияти чекланган жамиятида ҳам ускуналардан таркибида гидрохлорфтор сақловчи газларни рециркуляция қилувчи, яъни газларни чиқариб, қайта ишлаб, яна ­фойдаланишга жорий этиш имкониятини берувчи технологик мосламалар ишга туширилди.

Мазкур мосламалар хлорфтор углеродлари билан ишлайдиган фреон моддасининг атмосфера ҳавосига салбий таъсирини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

— Бу борада Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ўзаро тажриба алмашинуви алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда,дейди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Надежда Доценко. Бугунги кунда юртимиз олимлари томонидан озон қатламини емирувчи моддаларни маиший, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фойдаланишдан босқичма-босқич чиқаришга қаратилган кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилаяпти.

Тадбир сўнгида журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.

 

Аҳмадулла СОЛИЕВ,

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Шаҳбоз САИДОВ.



DB query error.
Please try later.