17.09.2016

ЎЗБЕКИСТОН ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАДА НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

Жорий йилнинг 12-15 сентябрь кунлари Россиянинг Москва шаҳрида «Food Moscow — 2016» озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз компания ва корхоналари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида амалга оширилган ишлар самарасида мамлакатимизнинг экс­порт салоҳияти юксалиб бормоқда. «Made in Uzbekistan» ёрлиғи туширилган маҳсулотлар жаҳон бозорида кенг ўрин эгалламоқда.

Бу жараёнда Ислом Каримовнинг 2013 йил 8 августдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси муҳим роль ўйнамоқда. Жамғарма ишлаб чиқарувчиларнинг чет элларда ўтказилаётган йирик халқ­аро ярмаркалар, бизнес-форум ва кооперацион биржаларда иштирок этиши, харидорлар топиши ва шартномалар тузишига, экспорт жўғрофиясини кенгайтиришга кўмаклашмоқда.

Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги ўнта етакчи давлат қаторида туради. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган изчил ишлар самарасида 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунё бозорларига экспорт қилинаётир. Сўнгги уч йилда ташқи бозорга йўналтирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми уч баробардан ошди. Озиқ-овқат товарларини аҳолига узлуксиз етказиб бериш, сифати ва хавфсизлигини таъминлашга эришилмоқда. Мисол учун, 1990 йилда аҳолининг озиқ-овқат, хусусан, гўшт, сут, қандолат ­маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи асосан импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги кунга келиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи юртимизда етиштирилмоқда.

Ишбилармонларимизнинг турли мамлакатларда ўтказилаётган халқ­аро ярмарка ва кўргазмалардаги фаол иштироки мамлакатимиз экс­порт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда. «World Food Moscow» кўргазмаси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этди.

«World Food Moscow» халқаро кўргазмасида АҚШ, Хитой, Миср, Саудия Арабистони, Бразилия, Аргентина, Нидерландия, Италия, Испания, Ҳиндистон, Арманистон, Эрон каби дунёнинг етмишга яқин мамлакатидан юзлаб фирма ва компаниялар иштирок этди. Мазкур форумда озиқ-овқат маҳсулотлари, уларни етиштириш ва қайта ишлашга оид энг сўнгги ютуқлар намо­йиш этилди. Мева ва сабзавотлар, гўшт, сут, денгиз, қандолат ва нон маҳсулотлари, техника ва технологиялар каби йўналишларга оид ўнлаб бўлимлар ишлади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жам­ғармасидан маълум қилишларича, мазкур халқаро кўргазмада мамлакатимизнинг озиқ-овқат соҳасида иш юритувчи «Euro Food Trade», «Tasty Production», «Green Agro Invest», «Samo-Produkt», «Меҳригиё», «Ливадия-Бухоро» каби ўнга яқин хусусий компанияси ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди. Кўргазма иштирокчилари Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, соҳада таклиф этилаётган хизматлар билан танишди.

Халқаро кўргазмада Ўзбекистон компаниялари турли мамлакатларнинг фирма ва компаниялари билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Тадбиркорларимиз томонидан жами икки миллион доллардан зиёд экспорт шартномалари имзоланди.

— Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар фаолиятимиз ривожида муҳим омил бўлаётир, — деди «Меҳригиё» кичик корхонаси раҳбари Ҳожиакбар Абдураззоқов (Фарғона вилояти). — 1992 йилда ташкил этилган ­корхонамиз шифобахш асал маҳсулотлари ва ўсимликлардан табиий, шифобахш чойлар тайёрлашга ихтисослашган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъект­ларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида турли халқаро кўргазма ва ярмаркаларда қатнашиб, маҳсулотларимизни экспорт қилмоқдамиз. «World Food Moscow — 2016» халқ­аро кўргазмаси биз, тадбиркорлар учун самарали бўлди. Унда кўплаб компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказдик, қатор битимлар имзоладик.

«World Food Moscow — 2016» мамлакатимиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари хизматларини халқаро бозорларга таклиф этиш, хорижий давлатлар ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш, мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш бўйича келишувларга эришиш, юртимизга инвестициялар жалб этиш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, халқаро бозор талабларини ўрганиш имконини берди. Унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар экспорт ҳажмини ошириш ва жуғрофиясини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.