17.09.2016

ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

янада мустаҳкамланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида маъ­қулланган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун 15 сентябрь куни матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди. Қайд этиш керак, мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжат баркамол авлодни вояга етказишда, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда муҳим ҳаётий аҳамиятга эгадир.

Қонунда «ёшларга оид давлат сиёсати», «ёшлар (ёш фуқаролар)», «ёш оила», «ёш мутахассис» каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган, ёшларнинг қонуний манфаатлари, хусусан, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий кафолатлари белгиланган. Жумладан, ёшлар (ёш фуқаролар) деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилган.

Шунингдек, ёш оила тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра, ёш оила деганда, 30 ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёхуд фарзанд (бола) парваришлаётган ота ёки онадан иборат бўлган оила, шу жумладан ёлғиз, бева эр (хотин) тушунилади.

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари ҳамда муассасаларнинг ваколатлари кўрсатилган. Бундан ташқари, ёшлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми, шунингдек, улар фаолиятининг кафолатлари белгиланган.

Ўз навбатида, қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ёшлар учун қўшимча кафолатлар, яъни бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, таълим муассасаларида ўқишга имтиёзли кредитлар тақдим этиш, таълим муассасаларини битирганидан кейин ёшларнинг бандлигини таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа муҳим ҳаётий масалалар акс этган.

Шунингдек, Қонунда мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш каби масалалар ор­қали истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатланган.

Қонунда мамлакатда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат томонидан чора-тадбирларни кўришга алоҳида ўрин ажратилган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳар бир мамлакат ёшларнинг ёши бўйича қонунчилик чора-­тадбирларини қабул қилган. Жумладан, АҚШ ва Японияда ёшлар 13-14 ёшдан 29-30 ёшгача қилиб белгиланган. Германияда ёшлар «кичик ёшдаги ёшлар» (14-18 ёш) ҳамда «катта ёшдаги ёшлар» (18-27 ёш)га бўлинади. Болгарияда 15 ёшдан 29 ёшгача, Россияда эса 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча шахслар ёшлар тоифасига тааллуқлидир.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши: биринчидан, «ёшлар», «ёш оила», «ёш мутахассис», «ёшлар тадбиркорлиги» сўзларининг мазмунини қонун йўли билан белгилашга; иккинчидан, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишларини белгилашга; учинчидан, ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги давлат бош­қарувини ушбу жараёнда иштирок этадиган ҳар бир субъект ваколатларини мустаҳкамлаган ҳолда такомиллаштиришга; тўр­тинчидан, Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама ривожлантиришни рағбатлантирадиган қўшимча давлат кафолатларини кенгайтириш ва ўрнатишга; бешинчидан, ёшлар ўртасидаги тадбиркорликни янада ривожлантиришга имкон ­беради.

 

Давронбек ОЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими.



DB query error.
Please try later.