17.09.2016

ПАРТИЯНИНГ ТАЪСИР КУЧИ

кўп жиҳатдан маҳаллий кенгашлар фаоллигига боғлиқ

Сиёсий партия ғояларининг ҳаётда ўз аксини топиши, электорат манфаатлари ҳимоя қилиниши кўп жиҳатдан маҳаллий ташкилотлар ва депутатлик бирлашмалари фаолиятига боғлиқ. Қайси туман ёки шаҳарда партия ташкилотлари фаол бўлса, ўша ҳудудда сиёсий кучнинг обрўси юқори бўлади, тарафдорлари сони ортади.

Буни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бекобод шаҳар кенгаши фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Сиёсий партия — муайян ижтимоий гуруҳлар манфаатларини ифодаловчи, уларнинг энг фаол вакилларини бирлаштирувчи сиёсий ташкилотдир, — дейди Бекобод шаҳар кенгаши ­раиси, халқ депутатлари ­шаҳар Кенгашидаги партия ­гуруҳи раҳбари Улуғбек ­Абдуназаров. — Шундан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак, аввало биз электорат манфаатлари ҳимояси учун курашишимиз талаб этилади. Бу борада партия фаоллари, бош­лан­ғич ташкилот етакчилари ҳамда шаҳар Кенгашидаги 16 нафар партия гуруҳи аъзолари ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Ўқув-семинарлари ва тарғибот тадбирлари аниқ режа ва дастурлар асосида ўтказиб келинмоқда. Бошланғич ташкилотлар ва партия гуруҳи ўртасида яқин алоқа ўрнатилган. Етакчилар аҳолидан тушган мурожаатлар асосида ҳамда ўз ташаббуслари билан депутатларга муайян ижтимоий масалаларни ҳал этиш юзасидан таклифлар киритмоқда.

Бундан ташқари, Жамоатчилик қабулхоналари имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Жорий йилнинг шу даврига қадар электорат вакилларидан 50 дан ортиқ мурожаат бўлди. Уларнинг аксарият қисмига шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жам­ғармаси ва «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг шаҳар бўлимлари билан ҳамкорликда ижобий ечим топилди.

Шунингдек, маҳаллий ­оммавий ахборот воситалари билан ҳам ҳамкорлик қилиб келамиз. Хусусан, «Бекобод ишчиси» ва «Рабочий Бекабада» газеталари таҳририятида партиямизнинг бошланғич ташкилоти тузилган. Унинг етакчиси Матлуба Ҳожимуродова партия ғояларини тарғ­иб этишда фаоллик кўрсатмоқда. Мазкур нашрда депутатларимиз, партия фаолларининг чиқишини мунтазам равишда ташкил этиб келяпмиз.

Аммо барча йўналишдаги ишларимиз юқори савияда кетаяпти, деб бўлмайди. Сиёсий ўқувларни ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланишимиз зарур. Электорат билан ишлашнинг янгича усулларини амалиётга тўлиқ жорий этиш учун замон талаблари даражасида фаолият юритишимиз керак бўлади.

— Депутат халқ вакили экан, энг аввало, ўзи сайланган ҳудуддаги аҳоли манфаатлари ҳимояси учун курашиши зарур, — дейди халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Дониёр Мирзақулов. — Бу, айниқса, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар фаолиятида ўз аксини топиши лозим. Депутатлик ваколатларидан фойдаланишдаги энг асосий воситалардан бири — депутатлик сўрови ҳисобланади. Айнан депутатлик сўровларига қараб, партия гуруҳининг ишига баҳо бериш мумкин. Жорий йилнинг шу даврига қадар партия гуруҳимиз аъзолари томонидан ижро ҳокимияти, турли корхона ва ташкилотлар раҳбарларига 20 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилган. Уларда кўплаб ижтимоий-иқтисодий масалаларга эътибор қаратилган. Сўровларга қонунчиликда белгиланган муддатларда жавоблар берилган.

Бироқ депутатлар партиямизнинг Ҳаракат дастурида кўзда ­тутилган масалаларни доимий комиссия ва сессиялар муҳо­камасига киритишда етарли ­даражада фаоллик кўрсата олмаяпти. Бундан кейинги фаолиятимизда ана шу масалага янада жиддий эътибор қаратишимиз лозим.

— Ғоялар тарғиботини кучайтириш маҳаллий партия ташкилотларининг муҳим вазифаларидан биридир, — дейди ­Бекобод шаҳар кенгашидаги тар­ғибот гуруҳи аъзоси ­Абдулла ­Исматов. — Шу боис кенгашимизда маънавият фидо­йилари, педагоглар, сиёсатшунослар ва ижодкорлардан иборат тарғибот гуруҳи ташкил этилган. Ҳар ойда камида 2-3 марта тарғибот тадбирлари ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу йил «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ҳамда Сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар ижросига бағишланган мулоқотлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ҳозиргача 15 дан ортиқ ана шундай тарғибот тадбирлари ўтказилди. Йил охирига қадар бу борадаги ташаббусларимиз изчил давом этади.

— Бошланғич ташкилот қанчалик фаол, ташаббускор бўлса, партия­нинг обрў-эътибори, таъ­сир кучи ҳам шунчалик юқори бўлади,дейди Бекобод шаҳар «Андижон» маҳалласидаги ҳудудий партия ташкилоти етакчиси Робия Қодирова. — Бу ҳақиқатни англаган бошлан­ғич ташкилот борки, ўз ишини кучайтиришга ҳаракат қилаяпти. Йил бошида аъзоларимиз томонидан аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш масаласи ўрганиб чиқилди. Ҳудудимиздаги айрим кўп қаватли уйнинг лифтлари таъмирталаб экани, хонадонларга олиб кирувчи йўлаклар, ертўлаларда электр чироқлари йўқлиги маълум бўлди. Биз ўрганиш натижаларини Бек­обод шаҳар Кенгашидаги партия­миз гуруҳига тақдим этдик. Партия гуруҳи йиғилишида масала ҳар томонлама муҳокама этилиб, унинг ечими бўйича мутасадди идораларга депутатлик сўровлари юборилди. Қисқа вақт ичида кўп қаватли уйлардаги лифтлар таъмирланди. Ертўлаларга электр чироқлари, подъездларга темир эшиклар ва рақамли қулфлар ўрнатилди. Мавземизнинг ён-атрофи ободонлаштирилиб, болалар майдончаси ташкил этилди. Маҳалламиз кўркам ва обод, файз­ли масканга айланди.

Умуман олганда, Бекобод шаҳар партия ташкилоти ҳамда депутатлик бирлашмаси фаолиятида намунали ишлар оз эмас. Шу боис бугун мазкур ҳудудда пар­тия­миз тарафдорлари сони ортиб бормоқда. Сиёсий партиянинг устуни, уни халқ билан боғлаб турадиган таянч маҳаллий кенгашлар ҳисобланади. Уларнинг фаолияти талаб даражасида ташкил этилсагина, партиямиз нуфузи ошади, одамлар ишончи мустаҳкамланади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.