17.09.2016

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИНГ ИЖРОСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг нав­батдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари ­М.Мирзаев маъруза қилди.

Таъкидланганидек, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳон майдонида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 7,8 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 6,7 фоизга ошди.

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмини 11,8 фоизга ва пудрат-қурилиш ишлари ҳажмини 17,5 фоизга ошириш имконини берди.

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш орқали эришилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилиши таъминланиб, улар мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилди. ­«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси масалалари диққат марказида бўлди. Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган 13 мингта якка тартибдаги уй-жой қуришни ташкил этиш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айни пайтда 5,1 мингдан зиёд уйлар қуриб битказилди.

Муҳокамалар давомида депутатларнинг Давлат бюджети ижроси билан боғлиқ масалалар юзасидан берган саволларига ҳукумат вакиллари атрофлича жавоб берди.

Мамлакатимиз Давлат бюджетининг 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари нуқтаи назарлари ва фикрларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш, давлат органларининг мамлакатимиз Бюджет кодексига риоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан тавсияларини берди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар мажлис иштирокчиларининг диққатини аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг амалга оширилишига қаратдилар. Хусусан, 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида 462,5 мингта янги иш ўринлари яратилганлиги, шундан 59,8 фоизи қишлоқ жойларида эканлигини эътироф этишди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари Бандлик дастури ижросининг таъминланиши юзасидан бир қатор таклифлар киритишди. Бунда, таъкидланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан Бандлик дастурининг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш зарур.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати

(Материал қисқартирилган ҳолда берилмоқда).


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: