15.09.2016

КЕЛАЖАК ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

Қадим-қадимдан фарзанд тарбияси башарият ҳаётида муҳим ўринни эгаллаб келган. Ҳар бир ота-она ўз жигаргўшасининг ақлли, одобли, меҳр-оқибатли, меҳнатсевар инсон бўлиб етишишини истайди, баҳоли қудрат шунга шароит яратишга ҳаракат қилади. Бунинг учун керак бўлса жонини ҳам аямайди.

Халқимизнинг азалий анъаналаридан келиб чиққан ҳолда тарбиянинг «оила — мактаб — маҳалла» тамо­йилини ҳаётга татбиқ этиш юзасидан изчиллик билан иш олиб борилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки бола оилада камол топади, мактабда таълим-тарбия олади, маҳалла бағрида улғаяди. Оилада тўғри тарбия олса, мактабда намунали ўқувчига айланади, маҳалласида бошқаларга ибрат бўлади.

Ота-онанинг феъли-атвори, ахлоқи-одоби, дунёқараши, ўзаро ва ўзгаларга муносабати бола ақлини таниган пайтдан бошлаб, кўз олдида муттасил содир бўладиган, уни ўйлашга, ёшига мос хулосалар чиқаришга мажбур қиладиган ҳаётий жараёнлардир.

Агар ота оқил-доно, билимли, меҳрибон, жонкуяр, фидойи, қариндош-уруғларига меҳр-оқибатли, қўни-қўшниларга ғамхўр ва эътиборли, она хушмуомала, ширин сўз, пазанда, саранжом-саришта бўлса, уларнинг ўзаро муносабатида ҳурмат ва эҳтиром балқиб турса, бундай оилада ҳаётга ва дунёга соғлом назар билан қарайдиган маънавий етук фарзанд­лар камол топади.

Маълумки, фарзандлар тарбия­сида оналарнинг хизмати беқиёс. Лекин ёлғиз ўзи болаларининг тўлиқ маънодаги тарбиячиси бў­лолмайди. Сабаби, аёлнинг юрагида кечиримлилик устувор. Боласининг нуқсонларини кўриб-кўрмасликка олади, айбини хас­пўшлашга уринади. Бирорта ножўя қилиғи учун қизи ёки ўғлини койиганда ҳам меҳри сезилиб туради. Бу онанинг айби эмас. Балки, фазилати. Тақдир уни шундай яратган.

У давлат ва жамоат арбоби бўладими, корхона раҳбари ё тадбиркор бўладими, шифокор ё ўқитувчи бўладими, барибир мана шу хислатини сақлаб қолаверади. Шунинг учун ҳам фақат она тарбия­сини олган ўғил-қизнинг феъл-атвори, ҳаётга муносабатида маълум маънода кемтиклик ва нуқсон мавжуд бўлади. Қушнинг эркин парвози учун қўш қанот зарур бўлганидек, тарбия жараёни ота ва она томонидан баравар амалга оширилгандагина мукаммалликка эришиш мумкин.

Шарқда қадим-қадимдан отанинг фарзандлар олдида обрўси-ҳурмати беҳад юксак бўлган. У фақат боқувчи сифатида эмас, ғурурли ва мард инсон, ҳимоячи ва паноҳ сифатида ҳам фарзандларига ибрат ва таянч ҳисобланади.

Биз бугун мураккаб бир замонда яшаяпмиз. Озод юртимизда миллий қадриятларимизни тиклаш, улуғ аждодларнинг ҳурматини жо­йига қўйиш, эзгу анъаналарни давом эттириш борасида кенг кўламли, узоқ даврга мўлжалланган дас­турлар амалга оширилаётган бир пайтда халқимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан алоқаси ҳам кун сайин ривожланиб бормоқда.

Дунё дегани — фақатгина турли халқлар, эллар, элатлардан иборат эмас, у бир-бирига ўхшамайдиган, ҳатто, бир-бирини инкор этадиган турли маданиятлар, урф-одатлар, қарашлар макони ҳамдир. Фан-техниканинг тараққиёти иқтисодий юксалишларга қанчалик самарали хизмат қилаётган бўлса, маънавий-маърифий соҳаларга бир қадар ўзининг салбий таъсирини ҳам ўтказмоқда. Ахборот технологиясининг ривожи, теле ва радиоканаллар, интернет тармоқлари жаҳон аҳлининг энг сўнгги янгиликлардан, воқеалардан хабардор қилиш билан биргаликда, хилма-хил мафкураларнинг мақсад ва ғояларини ҳам тар­ғиб этаётир.

Онги, эътиқоди эндигина шакл­ланаётган авлодни уларнинг зарарли таъсиридан сақлаб қолиш, тўғри йўлдан бошлаш, ёмонлик нима, яхшилик нима, англатиш осон иш эмас. Буни фақат таълим муассасаларининг зиммасига юклаб қўйиш ҳам нотўғри.

Мана шу ўринда отанинг ўғил-қизлари билан доимий мулоқотда бўлиши муҳим аҳамиятга эгадир. Улар билан чин юракдан суҳбатлашиш, ғўр ва содда фикрларини тушуниш, кўнглини оғритмасдан шунга яраша муомала қилиш, саволларига жавоб бериш ҳам тарбиянинг муҳим йўналишларидан биридир.

Болалар қуруқ насиҳатдан кўра, ҳаётий мисолларга бой, ибратли воқеа-ҳодисаларга боғланган мисолларни, уларнинг ижобий ва салбий томонлари ҳақида фикрларни эшитишни, имкони борича ўзининг муносабатини ҳам билдиришни яхши кўради. Шу тарздаги суҳбатгина уларнинг кўнглида из қолдиради, онгига сингади.

 Албатта, отанинг ўғил болалар билан тил топиши осон кечади. Бу ўринда унинг ҳаётий малакаси, боланинг неча ёшда нималарга қизиқиши, кимлар билан дўстлашиши мумкинлиги ҳақидаги тасаввур ва тажрибаси қўл келади. Бир қадар, деганимизнинг сабаби шундаки, ота билан бола яшаган давр­лардаги шарт-шароит, ҳаёт ва тирикчилик ташвишлари, инсоний муносабатлар бир-биридан фарқ қилади. Лекин турмушнинг мақсад ва моҳияти, инсоннинг ўзи яшаётган жамиятдаги ўрни сингари кўплаб масалаларда умумий нуқтаи назарни топиш, бугунги кун, келажак ҳақида бемалол фикрлашишлари мумкин.

Аммо отанинг ўз қизи билан тил топишиши бирмунча мураккаб кечади. Чунки табиатнинг мар­ҳаматига кўра, қиз бола бошқа оламнинг вакили, ҳаёт тарзи, турмуши, тушунчаси ўртасида маълум тафовутлар мавжуд.

Лекин бир ҳақиқатни эсдан чиқармаслик керакки, ўғил болага қараганда, қиз бола ота-онага анча меҳрибон бўлади ва ўзи ҳам шунга яраша меҳр, эътибор талаб қилади. Бошқача қилиб айтганда, қиз боланинг кўнглида қайсидир даражада оналик туйғуси мужассам бўлади.

Масаланинг яна бир нозик томони шундаки, болаларнинг ўсмирлик йиллари энг нозик ва хатарли давр ҳисобланади. Оилада, мактабда тўғриликка, ҳалолликка, меҳнатсеварликка, ростгўйликка ихлос руҳида тарбияланган қиз ёки ўғил ёши жиҳатидан катта ҳаёт остонасига яқинлашаётган пайтида ўқиган ва уққанларига нисбатан ҳақиқий ҳаётнинг анчагина мураккаб эканини ўз кўзи билан кўради.

Бир пайтлар фақатгина тиниқ осмон, нурли уфқлар, зангори кенг­ликлар тимсолида чексиз ва беғубор кўринган турмушнинг ўзига яраша аччиқ-чучуклари, тўкис ва нотўкис томонлари борлигидан, ҳаёт рост ва ёлғон, адолат ва адолатсизлик, маърифат ва жаҳолат, кучли ва кучсизнинг ўзаро курашларидан иборат эканини пайқайди. Гоҳида ёлғоннинг ростдан, адолатсизликнинг адолат устидан ғолиб чиққанини кўрганда эсанкираб қолади, шу аснода руҳий мададга, таскин-тасаллига муҳтож бўлади. Кимнингдир нега шунақа эканини, ҳақиқий ҳаётнинг кинода кўрганлари, китобда ўрганганларига нима учун тўғри келмаслигини тушунтириб беришини истайди.

Ўғил болалар нисбатан эркин ва фаол эканлиги туфайли тенг­қурлари, дўстлари орқали ёки ёши катталарнинг даврасига аралашганда, ўз саволларига жавоб олгандек, тўғрими, нотўғрими, ишқилиб, бир ечимини топгандек бўладилар.

Қизлар учун эса бу оғир кечади. Чунки тенгдошларининг билими, савияси, ҳаёт ва дунё ҳақидаги тушунчаси ўзиникидан фарқ қилмайди, ёши каттароқлар эса кўпинча улар билан бу масалаларда суҳбатлашишни ўзларига эп кўрмайди. Оналар эса қиз болага жамиятнинг эркин ва мустақил аъзосидан кўра, кўпроқ бўлажак уй бекаси сифатида қараганлари учун, унинг саволларига ҳам фақат шу тарафдан жавоб беришга ҳаракат қилади.

Ҳолбуки, бугунги даврда қизларимизнинг орзулари бўйларидан баланд. Мустақиллигимиз берган бахт, эркинлик ва имкониятдан фойдаланиб, чуқур билим олишни, касб-ҳунар ўрганишни, олий маълумотли мутахассис бўлишни, жамият ҳаётида фаол қатнашишни, мамлакатимизни юксалтиришга ўз ҳиссаларини қўшишни, ҳаётда инсон сифатидаги, фуқаро сифатидаги ўрнини топишни истайдилар. Ўзининг иқтидори ва салоҳиятини намоён этиб, меҳнати ва интилишларининг роҳати ва самарасини кўриш учун ҳаракат қиладилар.

Катта ҳаётга кириб бориш эса қиз бола учун осон кечмайди. Замонлар ўтиши билан эскирган, миллий қадрият эмас хурофотга айланган айрим ақидалардан тортиб, Ғарб­нинг эркин дунёсидан кириб келаётган халқимизнинг турмушига, тафаккури ва удумларига мутлақо ёт бўлган янгича русумлар ҳам уларни чалғитиши, ҳатто, ҳаётини издан чиқариб юбориши мумкин.

Шунинг учун ҳам оталар уларнинг турмуш тарзи, нималарни ўқиётгани, кимлар билан мулоқот қилаётгани, ким билан дўст тутунгани, кимдан ибрат олаётганини яқиндан билишлари зарур. Бу қизлар кун сайин янгиланаётган, ўзгараётган ҳаётга, ўзлари учун давлат томонидан яратилаётган шарт-шароитга, демократик жамият ва бозор иқтисоди очаётган эркинликларга қайси нуқтаи назардан қараётгани, бу моддий ва маънавий неъматлардан қандай фойдаланишни режалаштираётгани, ўзини келгуси ҳаётга қандай тайёрлаётгани билан қизиқиш, мана шу қалтис даврда уларга ҳамдам, маслаҳатгўй ва мадад бўлиш, хатоларини тузатиш, тўғри йўлни кўрсатиш ҳар бир ота-онанинг зиммасидаги бурчдир.

Мана шу ўринда онанинг, айниқса, ҳаётнинг ташвиши ва машаққатлари билан ҳамнафас яшаётган отанинг қизи билан мулоқоти, суҳбатлари, унинг бугунги кун, келажак, дунё ва жамиятдаги янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақидаги саволларига ўз тушунча ва тажрибалари мисолида берган жавоблари муҳим аҳамиятга эга бўлади. Яъни, оқил ота билан суҳбатлашган қиз миллий қадриятларимизнинг бизнинг асрлар оша келган маънавий меросимизни асраш борасидаги қиммати ва аҳамиятини, айни пайтда биз ўзлаштиришимиз керак бўлган умумбашарий қадриятларнинг моҳиятини англайди, ҳам Ватаннинг содиқ фуқароси, ҳам дунё ҳамжамиятининг онгли ва етук аъзоси бўлиб вояга етади.

Дарҳақиқат, бола тарбияси — масъулиятли ва машаққатли вазифа. Фақат давлатнинг кучи, эътибори, маблағи билан бу масала ҳал бўлиб қолмайди. Бутун халқнинг, ҳар бир фуқаронинг иштироки, жонкуярлиги туфайлигина кўзланган натижага эришиш мумкин.

 

Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.