15.09.2016

КОМБИНАТ ТАШАББУСИ БИЛАН

Навоий кон-металлургия комбинати томонидан Кармана туманидаги «Металлург» санаторий-профилакторийсининг замонавий даволаш корпуси бунёд этилиб, икки миллиард сўмлик замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланди.

— Муассасамиз 200 ўринли бўлиб, бу ерда дам олувчиларни сув ва балчиқ билан даволаш ҳамда бош­қа самарали муолажалар орқали соғ­ломлаштириш йўлга қўйилган, — дейди бош шифокор Дилмурод Рўзиев. – Мукаммал таъмирланган ётоқхона мажмуасида эса ишчи-хизматчилар ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароит яратилди.

— Ҳар йили ўнга яқин соғломлаштириш масканлари қурилмоқда. — дейди НКМК бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов. — Келгуси йилда Зомин тоғлари бағрида комбинатнинг 100 ўринли сиҳатгоҳи фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, турли ижтимоий соҳа объектлари бун­ёд этилади.

Зарафшон шаҳрида Навоий кон-металлургия комбинати ташаббуси билан «Она ва бола скрининг маркази» қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ушбу марказни қуриш ва жиҳозлаш учун 1 миллиард 200 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

— Аввал шаҳримизда бундай марказ мавжуд эмас эди, — дейди 13-умумий ўрта таълим мактаби директори Зилола Ҳотамова. — Ҳомиладор аёллар икки соатдан зиёд йўл босиб, вилоят марказига боришга мажбур бўларди. Яратилган қулайликдан ҳаммамиз, айниқса, ёш оналаримиз жуда хурсанд.

Шунингдек, комбинат ёрдами билан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида сув билан даволаш профилакторийси, Заркент қўрғонида эса болажонлар учун аквапарк қуриб берилди.

 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.