Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
15.09.2016

ЖОНКУЯР ВА ФИДОЙИ ЎҚИТУВЧИ

Мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ўқитувчи ва мураббийларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Устозларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор Тошкент қурилиш-коммунал касб-ҳунар коллежининг махсус фан ўқитувчиси Гули Муҳамаджонова фаолиятида ҳам намоён бўлмоқда.

Г.Муҳамаджонованинг мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ ўқиши, интилиши, билимларни ўзлаштириши бўйича аниқ фанларга иштиёқи баланд экани яққол намоён бўлди. Бу интилиш уни Тошкент архитектура-қурилиш институти сари етаклади. Ёш мутахассис бир неча йил мобайнида «Фотон» акциядорлик жамиятида фаолият кўрсатди. 2002 йилдан бошлаб коллежда сув-газ таъминоти ва канализация тизимларини ўрнатиш ва ишлатиш фани бўйича ўқувчиларга дарс бериб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан таълим соҳасида бошланган ислоҳотлар, жумладан, ўқитишнинг муҳим тизими — умумий ва олий таълимни ўзаро боғловчи мутлақо янги йўналиш — ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг жорий этилиши бутун халқимиз, кенг жамоатчилик, барча ота-оналар, устоз ва мураббийлар каби Гули опани ҳам бефарқ қолдирмади.

— Мамлакатимизда «Таълим тўғрисида»ги қонун ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дас­тури қабул қилиниб, 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилгани ўз самарасини бермоқда, — дейди Г.Муҳамаджонова. — Ушбу моделнинг принципиал хусусияти шундаки, умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар кейинги 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда таҳсил олиб, уларнинг ҳар бири умумтаълим фанлари билан бирга меҳнат бозорида талаб қилинадиган икки-уч мутахассислик бўйича касб-ҳунар ҳам эгаллайди.

Гули Муҳамаджонованинг бу борадаги ҳам назарий, ҳам амалий қарашлари, таҳлил ва изланишлари касб одоби ва хизмат кўрсатиш маданиятига доир бир қатор услубий қўлланма ва намунавий дастурларда ўз ифодасини топган. Бу қўлланмалар ўрта махсус таълим масканлари ўқувчилари учун касб маҳоратини шакллантириш, ишлаб чиқариш корхоналарида мутахассислар учун қўйиладиган асосий талаблар, меҳнат интизоми, муомала маданияти, жамоада ўзини тутиш, кўпчилик билан ишлаш каби муҳим масалаларга оид кўникмаларни пухта эгаллаш имконини бераётир.

Турли семинарларда Г.Муҳамаджонованинг тажрибаси, махсус фанларни ўқитиш методикаси ҳамкасбларида катта қизиқиш уйғотди. Унинг айтишича, коллежнинг лабораторияси, устахона ёки кичик цехидаги ўқув-амалиёт жараёнлари битирувчиларнинг меҳнат жамоаларида дадил иш бошлашига яхши туртки беради.

2012 йилда Ўзбекистон — Германия қўшма лойиҳаси асосида коллежга янги ўқув жиҳозлари ўрнатилди. Ушбу ускуналарни ўрнатилиши назарий билимларни бевосита амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.

— Билим масканимизда тўқсондан ортиқ педагог фаолият кўрсатади, — дейди Тошкент қурилиш-коммунал касб-ҳунар коллежи директори Илҳом Исломов. — Ёшларнинг ўз танлаган касбига меҳрининг ортишида, битирувчиларнинг иш билан таъминланишида, меҳнат жамоаларида ҳурмат қозонишида Гули опа сингари фидойи ўқитувчиларнинг ҳиссаси беқиёс.

Коллежда турли ишлаб чиқариш корхоналари, фирма ва компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Билим масканидаги йўналиш ва ихтисосликлар бўйича тўлиқроқ маълумот олишда «Очиқ эшиклар куни», «Касблар фестивали» каби тадбирларда педагогнинг ижодий ёндашувлари, коллеж ўқувчиларини касбга қизиқтира олишига доир ташаббуслар яхши натижа бермоқда.  

Ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, меҳнатсеварлик ва атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш туйғуларини сингдираётган жонкуяр ўқитувчи 2015 йил Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фармонига мувофиқ «Шуҳрат» медали билан мукофотланди. Бу эътироф устозни баркамол авлод тарбиясидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга ундамоқда.

 

Нурилло НАСРИЕВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: