10.09.2016

ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИНИ ОШИРИШ

масаласи вилоят Кенгаши сессиясига киритиладиган бўлди

Раимберган САБУРОВ, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш юзасидан тегишли меъёрий-ҳу­қуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Мамлакатимизнинг олис ҳудудларида ҳам замонавий тиббиёт муассасалари барпо этилди. Зарур мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ихтисослаштирилган олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ташкил этилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, замонавий ускуналар билан жиҳозланди.

Бу борада Хоразм вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда вилоятимизда «Соғ­лом она ва бола йили» Давлат дас­тури доирасида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар силга қарши кураш санаторийсида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, вилоят кўп тармоқли клиник шифохонаси, қон қуйиш станцияси, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш маркази Хоразм вилоят филиали, руҳий ва асаб касалликлари диспансери, Урганч шаҳри­даги 1-сон оилавий поликлиника, Қўшкўпир ва Гурлан туманлари тиббиёт бирлашмалари, Питнак шаҳар ҳамда Урганч туман тиббиёт бирлашмалари поликлиника бўлимлари капитал таъмирланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, тиббиёт ходимларига аҳолига хизмат кўрсатиш учун ҳар томонлама қулай шароит яратиб бериляпти. Лекин афсуски, биз, депутатларга сайловчилардан айрим соғ­лиқни сақлаш муассасалари ходимлари томонидан беморларга кўнгилдагидек хизмат кўрсатилмаётгани, ходимларнинг муомала маданияти пастлиги ҳолатлари бўйича мурожаатлар тушяпти.

Яқинда халқ депутатлари Хоразм вилоят, туманлар ва Урганч шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари аъзолари мурожаатлар асосида назорат-таҳлил ўтказди. Сўнгра вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи йиғилишида ­«Вилоятда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифатини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги масала атрофлича муҳокама этилди.

Дастлаб депутатлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ахборотини тингладилар.

Муҳокамалар чоғида депутатлар соғ­лиқни сақлаш муассасалари тизимида амалга оширилган ижобий ишларни эътироф этиб, соҳада учраётган баъзи камчиликларга ҳам тўхталиб ўтишди.

Хусусан, айрим тиббиёт ходимларининг вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашаётгани, малакасини оширишга интилиши сустлиги, дори воситалари олиш учун шифокор томонидан берилган рецептларнинг белгиланган тартибда расмийлаштирилмаслиги, дорихоналар фаолиятидаги камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.

Депутатларнинг фикр-мулоҳазаларидан сўнг Ўзбекистон ХДП гуруҳи масалани вилоят Кенгаши сессиясига олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилди.

Зеро, бугунги кунда ҳукумат томонидан яратиб берилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш, бошқача айтганда, одамларни рози қилиш долзарб вазифадир.



DB query error.
Please try later.