10.09.2016

БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ

фаолияти атрофлича ўрганилмоқда

Ҳар бир сиёсий партиянинг таъсир кучи ва салоҳияти бошланғич ташкилотлари орқали белгиланади. Шунинг учун бошланғич ташкилотлар ва уларнинг етакчилари билан мунтазам алоқада бўлиш, фикр алмашиш талаб этилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши, шаҳар ва туман кенгашлари, депутатлар бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. Вилоят партия кенгаши қарори билан бошланғич ташкилотлар фаолиятини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган. Унга вилоят партия кенгаши ­раиси ўринбосари ­Эргашали Абдуллаев бошчилик қиляпти.

— Деярли ҳар куни бошланғич ташкилотлар етакчилари, партиямиз фаоллари билан учрашамиз, мулоқотда бўламиз, — дейди у. — Улар ўз ютуқлари, муаммолари ҳақида сўзлашади. Биз билдирилган фикр-мулоҳазаларни таҳлил этамиз. Шулар асосида турли масалаларни ўрганиш бўйича депутатларга таклифлар бериб бориляпти.

Вилоят партия кенгашининг бошланғич ташкилотлар билан ишлаш сектори мудири Ойбек Абдураҳимов ишчи гуруҳ аъзолари томонидан тақдим этилган маълумотларни умумлаштириб бормоқда.

Косонсой туманида 3247 нафар партиямиз аъзоси бўлиб, улар 55 бошланғич ташкилотга бирлашган. Шу кунгача уларда вилоят партия кенгаши томонидан тасдиқланган режа асосида 8 мавзуда ўқув-семинарлар ўтказилган.

Бироқ тумандаги айрим бошланғич ташкилотлар фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Туман кўп тармоқли поликлиникаси, Ровот қишлоқ врачлик пунк­ти, «Олмазор», «Обод» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳудудий партия ташкилотлари талаб даражасида ишламаяпти. Ўрганиш давомида етакчилар билан суҳбатлашилди. Бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада яхшилаш чоралари белгиланди.

«Қуқимбой» шифо­хонаси, Олмазор педагогика ва сервис коллежи, ­«Қо­расув» қишлоқ врачлик ­пунк­ти­­­даги бошланғич ташкилотлар етакчилари билан суҳбатда аъзолар фаоллигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Уйчи туманида жами 2672 нафар партия аъзоси бор, улар 65 бошлан­ғич ташкилотга бирлашган.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроқўм Ҳайъатининг 2013 йил 4 сентябрдаги қарорига мувофиқ, ҳар ойнинг охирги шанба кунида туман кенгашида «Бошланғич пар­тия ташкилотлари куни» мунтазам ўтказилиб ке­лин­япти. Рўзибоев, Навоий номли маҳалла фу­қаролар йиғинларидаги ҳудудий партия ташкилотлари, «Уйчи нефть» унитар корхонасидаги бошланғич ташкилотда иш намунали йўлга қўйилган.

Вилоят партия кенгаши вакилларининг фикрига кўра, Чортоқ, Поп, Учқўр­ғон туман партия кенгашлари йирик бошланғич ташкилотлар билан ишлаш тажрибасини ошириши талаб этилади.

Сиёсий партия жамиятда мустаҳкам ўрин топиши учун электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган таклифларни илгари суриши ва уларни амалга ошириш йўлида ташаббускорлик кўрсатиши зарур.

Вилоят партия кенгашининг бошланғич ташкилотлар билан ишлаш сектори мудиридан камчиликларни бартараф этиш чоралари ҳақида сўрадик.

— Бугун, аввало, электорат орасида олиб бораётган ишларимизни янги сифат босқичига кўтариш керак, — деди у. — Дастурий мақсадларимизни ­нафақат кенг тушунтириш, балки улар амалга ошишини депутатлар ёрдамида назорат қилиб бориш, бу ишларга партия аъзолари, фаолларини кенг жалб қилиш талаб этилмоқда. Чунки бошланғич ташкилотлар фаолияти қониқарли бўлмаса, партия ўз электоратидан узилиб қолади. Шундан келиб чиқиб, вилоят, шаҳар ва туман партия кенгашлари, депутатлар бошланғич ташкилотлар фаолиятини мунтазам ўрганиб бормоқда. Уларнинг ишини такомиллаштириш чораларини янада кучайтирамиз.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, вилоятда бошлан­ғич партия ташкилотларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, етакчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича мунтазам иш олиб бориляпти, уларнинг фаолиятида жонланиш куза­тиляпти. Бу бошлан­ғич ташкилотларнинг партиямиз таянчига айланишида муҳим ўрин тутади.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.