10.09.2016

МЕҲР-ОҚИБАТ, ҲИММАТ ВА САХОВАТ АЙЁМИ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида маънавият­ни юксалтириш, умрбоқий анъана ва қадрият­лар, урф-одатларни тиклаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ислом дини қадриятларини тиклаш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш йўлида амалга оширилган улкан ишлар маънавий юксалишнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Таъкидлаш жоиз, бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар Ислом ­Каримов ташаббуси билан ҳали собиқ мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ бошланган эди. Хусусан, 1991 йил 20 июнда Президентимизнинг «Диний байрам — Қурбон ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида»ги фармони эълон қилингани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Ушбу ҳужжатга биноан Қурбон ҳайити юртимизда ҳар йили кенг нишонланади.

Мамлакатимизда фуқаролар учун виждон ва эътиқод эркинлиги Конституция ва қонунлар билан мустаҳкамланган. Бош қомусимизнинг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга экани белгиланган. Конституциямизнинг ушбу моддаси мамлакатимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги муҳим тамойил бўлиб, айни пайтда жамиятнинг барча аъзолари ўртасида тотувлик ва диний эркинликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Инсоният тамаддуни бешикларидан бири сифатида эътироф этилган диёримиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотуридий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақш­банд, Хожа Аҳрор Валий каби буюк алломаларнинг қутлуғ номи ва бебаҳо мероси қайта тикланди. 2007 йилда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳри ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши Юртбошимиз раҳнамолигида халқимизнинг ислом дини ривожига қўшган ҳиссасининг юксак халқаро эътирофи бўлди.

Мамлакатимизда диний эътиқод эркинлигининг таъминлангани, жумладан, ислом илмини ўқитишга ихтисослашган бир қатор таълим муассасаларининг фаолият юритиши бой тарихий ва маънавий меросимизни улуғлаш йўлида улкан қадамлар ташланганидан далолатдир. Буюк Йўлбошчимиз ташаббуси билан ташкил этилган Тошкент ислом университети каби олий таълим муассасалари, бир қатор ўрта махсус билим юртларида ёшларнинг диний ва дунёвий илмларни эгаллашига ҳар томонлама шароит яратилган.

Мамлакатимизда ислом динининг барча арконларини, жумладан, муборак ҳаж сафарини адо этиш учун кенг имкониятлар яратилган. Истиқлол йилларида юз мингдан ортиқ юртдошимиз ҳаж зиёратини адо этишга муяссар бўлди. Бу йил ҳам беш мингдан зиёд юртдошимиз муборак ҳаж зиёратини амалга ошириш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Улар зиёратни тўла-тўкис амалга ошириши учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Ҳожиларимизга турар жой, тиббий хизмат кўрсатиш борасида барча зарур чоралар кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг шу йил 9 сентябрда қабул қилинган «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 12 сентябрь куни юртимизда ушбу муборак айём кенг нишонланади. Меҳр-мурувват, ўзаро ёрдам, саховат каби эзгу амаллар бажариладиган Қурбон ҳайитини кўтаринки руҳда нишонлаш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

— Мамлакатимизда мўмин-мусулмонларга диний қадрият ва амалларни бажариши учун барча шароит яратилган, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур. — Масжидларимиз обод бўлиб бормоқда. Юртдошларимиз хотиржамликда ўз ибодатларини адо этиб келмоқда. Буларнинг ҳаммаси мустақиллигимиз шарофати, Биринчи Президентимизнинг миллий-диний қадриятларимиз ривожига қаратган улкан эътибори натижасидир.

Ҳайит байрами кишиларни бир-бирига меҳр-оқибатли бў­лишга чақириш билан бирга, ўзаро иззат-ҳурмат, саховат кўрсатишга ундайди. Байрамда ота-онаси, яқинларининг, шунинг­дек, кексалар, беморлар, ногиронлар, етимлар ҳолидан хабар олиш энг яхши амаллардандир.

Меҳрибонлик, Мурувват ва ­Саховат уйларига моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бундай хайр­ли амаллар юртдошларимиз ўртасида меҳр-мурувват ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

— Ҳайит байрамини кўтаринки руҳда нишонлашга катта тайёргарлик кўрмоқдамиз, — дейди пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги «Миришкор» маҳалла ­фуқаролар йиғини раиси Рустам Ҳошимов. — Жойларда меҳр-мурувват ва хайр-саховат тадбирлари амалга оширилмоқда. Ногирон, ёрдамга муҳтож кишилар, уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Нуронийларимиз бош бўлиб, кенг жамоатчилик иштирокида масжидлар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабрис­тонлар тартибга келтирилмоқда.

Юртдошларимиз байрамни тинч ва осойишта ўтказиши учун барча техник ва хавфсизлик чоралари кўрилган. Ҳайит намози ўқиладиган масжидларнинг техник ҳолатини мос равишда ташкил этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган ҳолда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Тинчлик-хотиржамлик, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳиммат ва саховат каби анъаналар юртимизда мустаҳкам қарор топган. Мана шундай фараҳбахш кунларда ҳар биримизнинг қалбимизда шукроналик ва шодумонлик туйғуси жўш уриши шубҳасиз. Шу маънода, муборак Қурбон ҳайитининг мамлакатимизда кенг нишонланиши тинчлик ва осойишталикнинг, қўлга киритаётган бемисл ютуқларимизнинг шукронасидир.

 

Дилшод КАРИМОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.