07.09.2016

ИЖТИМОИЙ ДОРИХОНА

қандай қулайлик яратади?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сай­л­оволди дастурида фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори-дармон воситалари ва тиббий анжомларга нархларнинг қўйилиши устидан давлат назоратини кучайтириш масалалари кўзда тутилган.

Мамлакатимизда аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишга мустақилликнинг даст­лабки йиллариданоқ алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирга келиб, бу ишлар юқори босқичга кўтарилмоқда. Мустақиллик байрами олдидан «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан жойларда 60 га яқин ижтимиоий дорихоналар ишга туширилди. Бу аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

— Фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлашда компаниямизнинг алоҳида ўрни бор, — дейди «Дори-дармон» акциядорлик компанияси масъул ходими Оқил Ҳожиметов. — Бугун юртимиздаги 150 га яқин фармацевтика корхоналарида 1 минг 500 номдаги турли дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Жойларда иш бошлаётган дорихоналарнинг асосий жиҳати шундаки, бу ерда назорат касса машинаси ва тўлов терминали ўрнатилгани аҳолига қўшимча қулайлик яратади.

«Ижтимоий дорихона», деб номланишининг сабаби мазкур дорихоналарда дори-дармонларга кўпи билан 15 фоиз устама нарх қўйилади. Қолаверса, харидорлар учун қулайлик яратиш мақсадида дам олиш жойлари ташкил этилган. Истеъмолчилар фитобарлардан ҳам имтиёзли фойдаланиши мумкин.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни такомиллаштириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Собитхон Турғунов. — Партиямиз Сайловолди дас­турида биринчи тиббий ёрдамдан қулай ва тезкор фойдаланишни таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кўпайтириш, жисм­о­ний имконияти чекланган кишилар ва бош­қа айрим тоифаларга имтиёзли асос­да бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар рўйхатини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар белгиланган. Буларнинг барчаси инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишда долзарб аҳамиятга эга.

Аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашда Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуни муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда2016-2017 йилларда биргина Фар­ғона вилоятида 12 ижтимоий дорихона ва уларнинг 9 шохобчасини ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса фуқаролар, айниқса, партия­миз электорати манфаатларига хизмат қилади.

— Касалликни даволашда дори воситасининг сифати жуда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Пойтахтимиздаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Муқаддас Раҳматуллаева. — Очиғини айтиш керак, ҳозир айрим хусусий дорихоналарда сотилаётган дори-дармонларнинг ҳаммасини ҳам нархи ва сифати талабга тўлиқ жавоб беради, деб бўлмайди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган ижтимоий дорихоналарда эса бундай муаммо бўлмайди. Энг асосийси, дори воситалари арзон нарх­ларда аҳолига етказиб берилади.

«Дори-дармон» акциядорлик компанияси вакилларининг маълум қилишича, 2016 йил охирига қадар 130 га яқин ана шундай дорихоналар ишга туширилиши кўзда тутилган. Бу аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, кексалар, беморлар, ёрдамга муҳтож кишиларга қулайлик яратишда муҳим аҳамиятга эга.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.