07.09.2016

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИ

партия ташкилотлари, депутатларнинг бирламчи вазифаси ҳисобланади

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши ўз фаолият­ини бугунги кун талаблари асосида кучайтиришга алоҳида эътибор қаратаётир. Вилоятда партиямизнинг 42000 нафар аъзоси мингдан зиёд бошланғич ташкилотга бирлашган. Улар сафи кундан-кун кенгайиб бормоқда.

Жорий йилнинг ўтган саккиз ойида 2168 нафар фуқаро партиямиз сафига қабул қилинди. Шундан 1550 нафари аёллар ва 1013 нафари ёшлардир.

— Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда сиёсий партияларнинг ўрнини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш долзарб масала, — дейди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Дилбархон Мамажонова. — Партиямизнинг амалий Харакат дастурига кўра, ҳозиргача маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз томонидан 46 масала партия гуруҳларида, 40 масала доимий комиссия йиғилишларида ва 8 масала сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Айниқса, Бешариқ, Тошлоқ, Ўзбекистон туманларидаги партия гуруҳлари Ҳаракат дастури ижросида самарали натижаларга эришишди. Хусусан, Тошлоқ туманида фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ижроси билан боғлиқ масала сессияга киритилди. Ёзёвон туманида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси доимий комиссия йиғилишида муҳокама қилинди.

ЎзХДП фаоли, Қўқон шаҳридаги 33-умумтаълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ёқутхон Рўзиева «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови ўтказилаётганини эшитди-ю, партия кенгашига келиб, унда иштирок этмоқчи эканини айтди. Бу интилиш ташкилотчиларни бефарқ қолдирмади. Ёқутхон танловга пухта тайёргарлик кўрди. У танловнинг уч шартида ҳам зукколиги, ташкилотчилигини намоён этди. Саккиз иштирокчи орасида энг юқори натижага эришиб, Қўқон шаҳар босқичида ғолиб бўлди.

— Танловнинг республика бос­қичида совриндор бўлишни ният қилганман, — дейди Ёқутхон. — Бу танлов орқали мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчилигимиз, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юзасидан қилинаётган ишлар билан яқиндан танишдим.

Фарғона вилоят партия ташкилотидаги ўзгаришлардан бири аъзолар сафидаги янгиланиш, ёшариш билан боғлиқ. Масалан, бундан беш йил аввал партия аъзоларининг атига 18,6 фоизини ўттиз ёшгача бўлганлар ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони 32,5 фоизга етибди. Ёшлар орасидан депутатлар етишиб чиқди. Партия гуруҳларини шакллантиришда улар салмоқли ўрин эгаллашди. Бу эса ташаббускорликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Фарғона вилоятида Ўзбекистон ХДПга аъзо ёшлар сони 15528 нафарни ташкил этади. Уларнинг орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиблари, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, давлат стипендиялари соҳиблари, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтариб, довруғини дунёга танитаётган спортчилар, фан, санъат, адабиёт соҳаларида катта ютуқларга эришаётган ижодкор ёшлар бор. Вилоят ташкилоти уларнинг ижтимоий-сиёсий билимини ошириш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, ёшларни ўйлантираётган муаммоларни партия гуруҳлари, «Ёш сиё­сатчилар» клуби фаоллари билан ҳамкорликда бартараф этиш борасида муайян тажрибага эга.

Маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари ва «Ёш сиёсатчилар» клуби фаоллари ташаббуси билан Тошлоқ, Бувайда, Ўзбекистон, Олтиариқ туманлари, Фар­ғона шаҳарларида ёшлар ҳаётига оид долзарб масалалар ўрганилди ва сессиялар муҳокамасига киритилди.

Олтиариқлик Ҳомиджон ва Гулнора Салимовалар уй-жой олиш масаласида Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилишди. Дастлаб масалани «Ёш сиёсатчилар» клуби аъзолари ўрганишди. Тумандаги яна бир неча ёш оила шу масалада ёрдамга муҳтож экани аниқланди. Шундан сўнг депутатларимиз ишчи гуруҳи тузиб, тегишли идора, мансабдорларга депутатлик сўровлари юборишди. Сўровларнинг натижалари дастлаб халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиясида, сўнгра сессияда кўриб чиқилди. Ёш оилалар имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу асосда бир неча ёш оилага кредит ажратилди.

Юқоридаги каби ўрганилган масалалар, қабул қилинган қарорлар электорат манфаатлари ҳимоя­сида муҳим ўрин тутади.

— Биз келгусида, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган электоратимиз вакиллари бўлган ёшларнинг муаммоларини ўрганишимиз ва уларни бартараф этишга кўмаклашишимиз зарур деб ўйлайман, — дейди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Аҳмадали Ҳакимов.

Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда партиямиз тизимида ўтказилиб келинаётган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг ўрни ва аҳамияти каттадир.

Ушбу танлов жараёнида иштирокчилар партия депутатлик бирлашмалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик асосида амалга оширилиши мумкин бўлган турли лойиҳаларни тақдим этишмоқда.

Жамият демократлашувининг муҳим талаблари, балки шартларидан бири сиёсий маданиятни ошириш билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам вилоят партия ташкилоти тарғибот-ташвиқот ишларига устувор вазифалардан бири сифатида қараб келади. Биргина мисол. Жорий йилнинг ўтган даврида бошланғич ташкилотларда 1600 га яқин сиёсий ўқув ўтказилди.

Тошлоқ туман марказий шифохонасидаги бошланғич партия ташкилотида «Кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир сиёсий ўқувни эркин мулоқот, ўзаро фикр алмашув шаклида баҳс-мунозаралар билан ўтказишга алоҳида эътибор берилаётир.

— Электорат вакилларининг сиёсий маданиятини ошириш фаолиятимизнинг энг муҳим йўналиши бўлиши лозим, — дейди ЎзХДП Тошлоқ туман кенгаши раисининг ўринбосари Турсунбой Солиев. — Шу боис, фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувлар таъсирчанлигини кучайтириш учун кўпни кўрган одамлар, ёш ва замонавий фикр­лайдиган мутахассисларни таклиф этяпмиз. Ҳар бир машғулот интерфаол усулда ўтишига ҳаракат қиламиз.

Партиямиз Дастури, Сайлов­олди ҳамда Ҳаракат дастурларининг ташвиқотини кучайтириш, хайрихоҳлар сафини кенгайтириш мақсадида ўтказилган «Тарғиботчи — маҳаллада» лойиҳаси Фар­ғона вилоятида тез орада эътибор қозонди.

— ЎзХДП шаҳар кенгаши вакиллари маҳалламизга келиб қизиқарли тадбир ташкил этишди, — дейди Фарғона шаҳридаги «Маърифат» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аъзамжон Ғофуров. — Унда партия ғоялари, ижтимоий ислоҳотлар аҳамияти ҳаётий мисоллар асносида мунозара шаклида муҳокама қилинди. Эътиборимни тортган томони тадбирда қатнашганларнинг ҳаммаси мавзуга ўз муносабатини билдириш имконига эга бўлди.

Дарҳақиқат, сиёсий ўқувлар, электорат вакиллари билан учрашувлар жонли тарзда ўтса, депутатлар ташаббуслари одамларни ўйлантираётган масалалар ечимига хизмат қилса, партиямизнинг обрў-эътибори, таъсир кучи ошиб бораверади.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.