07.09.2016

ДЕПУТАТЛИК СЎРОВИ

ижтимоий масалаларни ҳал этишга хизмат қилади

Электорат вакилларининг мурожаатларини ҳал этишда депутатлик сўрови институти муҳим ўрин тутади. Бундай сўров натижасида маҳаллий давлат ҳокимияти бошқаруви органлари фаолияти устидан депутатлик назорати самарали амалга оширилади, қонунлар ижросига ўзига хос таъсир кўрсатилади.

Шунинг учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатлар бу масалага алоҳида эътибор бермоқда. Мутасадди идора ва ташкилотларга сўровлар юборилиб, уларнинг ижроси назоратга олинмоқда.

Хўш, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзолари бу ваколатдан қандай фойдаланяпти? Электорат манфаатларини ҳимоя қилишда бу институт қай даражада самара бермоқда? Унинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш учун нималарга эътиборни кучайтириш керак?

 

Гулчеҳра ХОЛМАТОВА, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши бўлим бошлиғи:

— Айни пайтда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида партиямиздан сайланган 15 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Айтиш керакки, улар партиямиз дастурий мақсадлари ҳамда вазифаларини амалга оширишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишмоқда. Масалан, жорий йилнинг 6 ойи давомида шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 60 га яқин депутатлик сўрови юборилди. Уларда уй-жой ва коммунал, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга оид масалалар кўтарилган. Муҳими, мурожаатларнинг аксариятига вақтида жавоб олинди ва электорат манфаатларига дахлдор катта-кичик муаммоларни ҳал этишга эришилди.

Хусусан, Муҳаммаджон Зуфаров аҳолига пенсияларнинг вақтида етиб бориши, Зоя Ан ички кўчаларни ёритиш, Ҳайдар Бобохонов аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, Руслан Муборакшин болалар майдончаларини кўпайтириш, Нигора Эшметова ногиронлик нафақалари ажратилиши масалалари бўйича тегишли ташкилот ва идораларга мурожаат қилишган. Уларга вақтида жавоблар олинди ва муаммолар ижобий ҳал этилди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Менимча, ҳар қандай сўров муам­мо атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг юборилсагина, кутилган самарани беради. Чунки сўровда масала аниқ ва асосли қўйилган бўлади. Ҳар бир депутат, партия ташкилоти шунга амал қилса, депутатлик сўровининг таъсир кучи юқори бўлади.

 

Лола ИЛИЕВА, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

— Депутат ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараши, уни зийрак кузатиши керак. Қайсидир ҳудудда аҳолини ўйлантириб келаётган муаммо бўлса, уни ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги зарур.

Яна бир масалани ёддан чиқармаслигимиз керак. Депутатлик сўровининг имкониятлари кенг, бу борада бизга катта ҳуқуқ, ваколат берилган. Муайян ташкилотга сўров билан мурожаат қилар эканмиз, аввало, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини ҳисобга олишимиз, вазиятни чуқур таҳлил қилишимиз лозим.

Менга яқинда Шота Руставели кўчасида истиқомат қилаётган фуқаролардан мурожаат бўлди. Унда ёмғир сувларининг қу­йилиши оқибатида кўчада сув тўпланиб, машиналар ва одамлар учун ноқулайлик туғдираётгани маълум қилинган. Ушбу масала бўйича Яккасарой туман, кейин эса Тошкент шаҳар ҳокимиятига депутатлик сўрови юбордим ва мурожаат ўз ечимини топди.

Айтиш керакки, бугунга келиб депутатлик сўровларидан фойдаланиш партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишдаги муҳим механизмига айланди. Лекин бу борада айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланиб турибди. Хусусан, сўров юборишда баъзан сайловчи кўтарган масалани чуқур ўрганмаслик ҳолатлари кузатиляпти.

Аслида депутатлик сўрови кўпчиликни ўйлантираётган масала ёки қонунлар, қарор ва фармонлар ҳамда давлат дастурлари ижроси билан боғлиқ бўлиши мақсадга мувофиқдир. Шунда масала ичига чуқур кириб бориш, кўтарилган муаммони бартараф этиш имкони ортади, деб ўйлайман.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.