07.09.2016

ЗАМОНАВИЙ, КЎРКАМ ВА ТЎКИН

Чироқчи шаҳри марказидаги эски бозор тўлиқ қайтадан қурилиб, ишга туширилди

Пала-партиш қуриб ташланган бинолар ўрнида кўркам, замонавий, қулай, обод бозор қад ростлагани, шубҳасиз туман тарихининг ёрқин саҳифаларидан биридир.

Ушбу озиқ-овқат ва деҳқон бозоридан 500 мингга яқин аҳолининг ярми, шунингдек, Яккабоғ, Қамаши, Шаҳрисабз, Китоб туманларининг яқин қишлоқлари баҳраманд бўлмоқда. Қурилиш ва ободончиликка сарфланган 13 миллиард сўмдан кўпроқ сармоянинг асосий қисми тадбиркорлар улушига тўғри келади.

Эрта тонг. Чироқчи шаҳрининг марказий кўчасидан ўнга бурилиб, бозор олдига етиб келдим. Бир нафас тўхтадим. Воажаб, қаршимдаги манзара ҳайрат уйғотарди. Ахир, бундан уч-тўрт ой бурун келганимда, айрим бинолар тикланган эди холос. Энди рўпарамда қўш қаватли, замонавий, давр меъморчилигининг барча унсурларини ўзида акс эттирган, улкан ойналари ялтираб турган савдо маркази қад кўтарибди.

Айниқса, бозор дарвозаси эътиборни тортади. Беш-олти метрлик оқ устунлар кўтариб турган «соябон»нинг таг қисми оппоқ қопламали. Темир дарвозанинг тарам-тарам металл чивиқлари ҳам оқ рангга бўялган. Агар таъбир жоиз бўлса, шу туришида қанотларини ёзган оққушга ўхшайди. Оппоқ ёғду кўзни қамаштиради. Ногоҳ, сал наридаги бощдан-оёқ оппоқ ки­йинган кекса кишига кўзим тушди. У маҳобатли дарвоза қаршисида ўй суриб турарди.

Танидим — элнинг донишманд кайвониларидан бири 90 ёшли Темир ҳожи Жуманов эди. Бир неча бор суҳбатлашгандим. Олий маълумотли, узоқ йиллар хўжаликларда меҳнат қилган. Жами 6 ўғил, 4 қизни улғайтириб, элга қўшган.

— Мана, шу оппоқ дарвозага қараб ўйлаб турувдим, — дейди бобо мен билан кўришиб. — Халқ қалби денгиз экан-да. Истиқлол йил­ларида ободончилик ишлари кўпайди. Замонавий мактаблар, коллежлар қурилди. «Кўкдала-Келеф» газ қувури тортиб келинди. Энди тўғрисини айтай, фақат шу эски бозорни обод қилиш қолган эди... Хайрият, ниятимизга етдик...

Чироқчиликлар қадимий Чияли бозорини Юртбошимиз вилоятда ишлаганларида ўзлари бошида туриб, тўла қайта қуриб берганини ҳеч қачон унутишмайди. Чунки қир-адирларга маржондек сочилган қишлоқларда яшаётган чироқчиликлар учун бозор олди-сотди воситаси эмас, балки қут-барака, тирикчилик манбаи. Туманда 16 бозор бор. Аммо Чироқчидаги марказий озиқ-овқат ва деҳқон бозорининг ўрни бўлакча.

Бундан уч йил бурун туман ҳокими ўзгаргач, қурилиш-ободончилик ишларига эътибор кучайди. Тошкентдаги шаҳарсозлик институти
Чироқчи шаҳрини қайта қуриш лойиҳасини тайёрлаб берди. Шаҳар марказидаги 3 гектардан ошиқ жойда замонавий болалар истироҳат боғи барпо этилди. Эски кинотеатр таъмирланиб, маданият саройига айлантирилди. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилди. Аммо шаҳар марказидаги эски бозорни қайтадан қуриш режасини амалга ошириш осон кечмади.

Зарурият бозор раҳбарини ўзгартиришга олиб келди. Ҳокимиятнинг тавсияси билан МЧЖ раислигига Исматилло Ибодуллаев сайланди. Ёши улуғ, яхши тадбиркор. Ҳақиқат шундаки, у дастлаб унамади, ишлаб кетиш ниҳоятда оғирлигини биларди. Чунки тафтиш бозорнинг солиқдан жуда катта қарзи борлигини аниқлаганди. Бунинг устига эски иморатлар бузила бошлаб, савдо-сотиқ бозордан 3 километр узоқликдаги эски дўконларга кўчирилганди. Қор-ёмғир остида савдо бўлар, тушумларни йиғиш, тадбиркорларга шароит яратиб бериш машаққатини асти сўраманг... Бу ёқда қурилишларни давом эттиришда муаммоларга дуч келинаётган эди.

— Бу гапларнинг барчаси ҳақиқат, — дейди қурилиш ишларининг анча ташвиши зиммасига тушган туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерали Ҳусаинов. — Қайта қуриш ҳаракатлари 2013 йилда бошланганди. Илгариги бозорни кўрганмисиз? Дўконлар дуч келган жойда қурилган, раста етишмаганидан деҳ­қонлар маҳсулотларни очиқ жойда сотишарди. Ҳатто чиқиндини ташиб чиқиш муаммо эди. Биз бузиш-қуришлар давомида 10 минг тоннадан ошиқ чиқиндиларни ташиб чиқишга мажбур бўлдик. Энг катта муаммо — айрим дўкондорларнинг ўжарлиги эди.

Дарҳақиқат, бу жиддий муаммо эди. Йигирма йиллар давомида айтгани айтган, дегани деган бўлган айрим тадбиркорлар замоннинг зайлини тушунишмади. Шундай кунларнинг бирида бозор ҳовлисида ўтган йиғинда Темир бобо сўз олиб: «Биродарлар, ҳокимимиз Чироқчи обод бўлсин, деб уриниб ётибди. Келинглар, уни қўллайлик, аҳил бўлайлик!», деди. Бошқалар ҳам ўз фикр­ларини айтишди.

Ҳа, бу гал ҳам аҳиллик енг­ди. Мен ўжар дўкондорларнинг анчаси билан суҳбатлашдим. «Кўпчиликнинг қилаётган иши юрагимни эритди. Шукр, яхши дўкон қуриб олдик. Фарзандларим ишлайди», деган эди тадбиркор Ҳамид Ҳамроев.

— Хўп аризабозлик қилган, деб мени кўрсатишгандир? — деганди тадбиркор Муборак Султонова. — Бу гаплар тўғри эмас. Мен савдо-сотиқ ичида ўсганман. Яхши ният билан ошхона қургандик, бузишга рози бўлмадим. Шикоят ёзганимдан тонмайман. Кейин ҳокимимиз Равшан Комилов: «Опажон, янги лойиҳа тузилган, бузиш ишларида ўзим кўмак бераман. Келинг, кўпчиликни қўлини ишдан совутмайлик», деди. Яхши гап жон озиғи, дейдилар. Кўндим, эски бинони буздик. Ўрнида кўркам, замонавий ошхона қуриб олдик. Мен кўпчиликдан, элдан айрилишни асло истамайман...

Ўжарлик ўрнига, қурилишга фаол киришиш ободончиликнинг асосий пойдевори бўлди. Ишлар юришиб кетди.

Бироқ энди энг катта муам­мо кўндаланг бўлди — етарли сармоя йўқ эди. Қурилиш ташкилотлари, олдиндан маблағ ўтказмаса ишни бошлашни хоҳлашмади. Ана шундай оғир вазиятда «Олим ўғли Жасур» хусусий фирмаси бошлиғи Холлиёр Ўтаев ҳамкорликка рози бўлди. Бу ташкилотнинг ўз ғишт заводи, эшик-дераза цехи бор. Унда 80 қурувчи меҳнат қилади. Бозор маъмурияти ҳам қараб турмади, банкдан 700 миллион сўм кредит олиб, қурилишни кетма-кет молия­лаштира бошлади.

Биз ана шулар ҳақида ўзаро суҳбатлашиб, Темир бобо билан янги бозорнинг дарвозасидан ичкарига кирамиз. Бундай дарвоза 4 та экан. Рости, янги бозор қиёфасидан ҳайратга тушмай иложи йўқ эди. Ана, Холлиёр Ўтаев бошлиқ қурувчилар тиклаган марказий савдо рас­таси, темир устунларга кўтарилган, усти рангли тунукалар билан қопланган. Бу жойда 800 савдо ўрни яратилган экан. Растанинг икки ёнида замонавий совутгичлар ўрнатилган, гўшт ва сут маҳсулотлари павильонлари усти ёпиқ. Лойиҳани Қарши шаҳридаги «Ландшафт-Нахшаб» масъулияти чекланган жамияти пешма-пеш тайёрлаб бераверибди. Тадбиркорлар бирин-кетин дўкон, ошхона қураверишибди. Масалан, тадбиркор Собир Хон­алиев ўзи қурган чойхонани «Асл чой», деб атамоқчи. Кўркам, барча шароит муҳайё. Ҳозиргача 320 савдо дўкони қурилибди. Жами 1,5 минг­та иш ўрни яратилибди. Айниқса, бозор чеккасидан ўтган, соҳили ташландиқ бўлиб қолган Қайрилма канали бўйлари обод. Ишбилармон Бахтиёр Ҳамроев яхши чойхона қурибди. «Ҳали дарахт, гуллар кўкартираман», — дейди у. Келгусида канал ёқасидаги эски уйларни кўчириш, сайилгоҳ, катта автомобиль тўхташ жойи барпо этиш режаси тузилган экан.

Бозор раҳбари Исматилло Ибодуллаев билан суҳбатлашаман. У муҳим ишларни тилга олади. Эски бозор ўртасидаги сув минораси бош­қа жойга кўчирилиб, 2 янги артезиан қудуғи кавланибди. Жами 6 жойда сув олиш учун қулай мосламалар ўрнатилибди. Яна 400 метр сув узатиш, 2500 метр канализация учун қувурлар тортилибди. Бир йўла 60 тонна маҳсулотни захирада сақлаш сиғимига эга омборхона қурилибди. Тиббиёт, оналар ва болалар хонаси ҳозирланган. Бозорни назорат қилиш учун кузатув камералари ўрнатилган. Замонавий ускуналар билан таъминланган лаборатория хизматга ҳозир. Янги тарозилар олинган. Юртимиз ва вилоятимиздаги бозорларда нарх-наволардан, айрим янгиликлардан харидорларни хабардор қилиш мақсадида электрон «телевизор» ўрнатилибди. Яна сиғими 500 тонналик совутгич ўрнатиларкан...

— Отам Очил бобо тадбиркор бўлган, — дейди саховатли инсон Ўрал Боқиев. — Доим «Элга қайиш, кам бўлмайсан», дердилар. «Сарбон» кийим-кечак бозори ёнида кичик ошхонамиз бор. Мен ўз ихтиёрим билан бозор олдига ўтган йили 2 кичик фаввора қуриб бердим. Ҳокимимиз алқаб, тўн кийдирганларида хижолат чекканман. Савоб учун қилгандим-да! Марказий бозор қурилаётганда, Исматилло акага ниятимни айтдим, у киши қўлладилар. Бозор марказида фаввора қуриб бердим. Жами 50 миллион сўмга яқин маблағ сарф­ладик. Эл ҳам мендан рози бўлсин...

Мана, ўша фаввора, сувларини сочиб турибди. Харидорлар салқинлашади. Кейин дарвозадан чиқиб, қўш қаватли савдо марказининг кичик хиёбонига ўрнатилган ўриндиқларга ўтириб, бир нафас ҳордиқ чиқаришади. Келгусида бозор ҳовлисида дарахт ва гуллар кўкартирилади. Иссиқ иқлимда дарахт­нинг сояси соз бўлади.

Янгидан қурилган бозор очилишига минглаб чироқчиликлар келишди. Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ботир Зокиров ва бошқа меҳмонлар янгидан қурилган бозор расталари, дўконлар, ободончилик ишлари билан танишишди. Шундан кейин Чироқчи шаҳри марказидаги дам олиш ва маданият марказининг томоша залида туман фаоллари, оқсоқоллар, бозорни қурган қурувчилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишдан олдин қисқа метражли ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Унда олдинги эски бозор ва янгидан қурилган кўркам рас­талар, янги бинолар намо­йиш қилинди. Маросимда сўз олган вилоят раҳбари Чироқчи туманида амалга оширилган бунёдкорликлар ҳақида қисқача тўхталди. «Мард, танти, меҳмондўст чироқчиликлар ҳар ишга қодир, улар оғир шароитда лалми ерларда мўл дон етиштириб, ўзларининг омилкорликларини исбот қилишмоқда», деди у фахрланиб. Дар­ҳақиқат, кейинги бир неча йилда туманда ободончилик ишларига катта эътибор берилмоқда. Бу йил туман ғаллакорлари шартнома режасини 150 фоиз қилиб бажаришди. Ҳозир далаларда мўл пахта етиштирилган.

«Нуроний» жамғармаси Қашқадарё вилоят кенгашининг раиси, ЎзХДПдан вилоят кенгаши депутати Январ Иноятов, Чироқчи туман ҳокими Равшан Комилов ва бошқалар қурувчиларнинг, тадбиркорларнинг, фидойи инсонларнинг меҳнатига раҳматлар айтишди. Бир гуруҳ фаоллар ва қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.