06.09.2016

КУЗАТУВ ХИЗМАТИ – ХАВФСИЗЛИК КАФОЛАТИ

Маълумки, республикамизнинг катта қисми тоғли ва тоғолди ҳудудлардан иборат бўлиб, турли геологик жараёнлар, яъни ер кўчкилари, тош қулаши, чўкишлар, суффозия ва бошқа хатарлар содир бўлиши мумкин.

Булардан энг хавфлиси ер кўчкиси ҳисобланади. Ер кўчкиси — бу бехосдан қўзғалувчи, намгарчилиги юқори бўлган катта тупроқ қатлами бўлиб, ўзининг оғирлиги ҳисобига тоғ ёнбағирлардан ва адирлардан пастга қараб ҳаракатланади.

Бу жараёнлар жуда хавфли, чунки кўчки тўсатдан пайдо бўлиб, тупроқ уюмини юқори тезликда узоқ масофага суриб боради.

Экинзорларни пайҳон қилиб, аҳоли турар-жойларига катта зарар етказади, инфратузилмаларни ишдан чиқаради, сув ўзанларини тўсиб қўяди. Яъни, зилзила сингари хавф­ли офатлардан ҳисобланади.

Мамлакатимизда тоғли ва тоғ­олди ҳудудларидаги қишлоқ ва шаҳарларни, корхоналарни, аҳолини хавфли геологик жараёнлардан ҳимоя қилиш масаласи давлат сиё­сати даражасига кўтарилган. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 апрелдаги қарори асосида Хавфли геологик жараёнларни кузатиш Давлат хизмати (ДКХ) ташкил этилди.

Унинг таркибида 7 ҳудудий кузатиш станциялари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу ҳудудлардаги 700 объект, жумладан, кўплаб аҳоли пунктлари, дам олиш оромгоҳлари, автомобиль ва темир йўллари, каналлар ва тоғ-кон ва сув иншоотлари ДКХ ходимларининг доимий кузатуви остидадир.

ДКХ мутахассислари ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилаётган ўнлаб ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Улар магистрал газ қувурларини ўтказиш, автомобиль ва темир йўлларини қуриш олдидан тегишли учас­ткаларда геологик вазиятни ўрганиб, ўзларининг хулоса ва таклифларини берадилар.

 Масалан, 2005-2006 йилларда Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўли трассалари ёқасидаги тоғ-ёнбағирлари бардошлилигини геологик жиҳатдан тадқиқ этишди. 2013 йилда Тошкент — Самар­қанд юқори тезликдаги темир йўли линиясининг Ғаллаорол участкаси муҳандислик-геологик текширувдан ўтазилди.

Шунингдек, 2013-2014 йилларда Ангрен — Поп темир йўли ўтадиган тоғларнинг, Тошкент — Ўш автомагистрал йўли ўтадиган ҳудудларнинг геологик аҳволи чуқур ўрганилиб, қурувчи ва муҳандисларга тегишли хулосалар берилди. 2014-2015 йилларда барпо этилиши мўлжалланган Марказий Осиё — Хитой газ қувурининг Ўзбекистон ҳудудига қарашли участкасида муҳандислик-геологик текшириш ишлари ўтказилди.

Бундан ташқари, ДКХ мутахассислари 2007-2011 йилларда фавқулодда вазиятларни прогнозлаш ва уларнинг олдини олиш, 2008-2012 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат Дастурларини, 2011-2015 йилларда атроф-муҳитнинг Давлат мониторингини амалга оширишда қатнашишди.

Айни пайтда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. 10 йилдан буён ДКХ мутахассислари кўчки мониторинги бўйича халқаро лойиҳаларда иштирок этишмоқда. 2004-2005 йилларда Словакия Фанлар академия­си Геофизика институти олимлари билан биргаликда кўчки жараёнлари мониторинги юзасидан тадқиқот олиб борилди. 2008-2010 йилларда Япония агентлиги билан биргаликда мазкур йўналишда пилот лойиҳалари амалга оширилди. Айни пайтда хавфли геологик жараёнларни ўрганиш бўйича япониялик мутахассислар билан тажриба алмашиш ҳам йўлга қўйилган.

Ҳозирги кунда MIREKO Корея компанияси ва Марубени Япония корпорацияси билан ҳамкорликда ер кўчкиларини ўрганиш ва мониторингини ўтказиш жараёнида замонавий усулларни ҳамда илғор технологик ускуналарни қўллаш режалаштирилмоқда.

2012 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда юртимиздаги тоғ ва тоғолди ҳудудларининг кўчки хавфининг даражаси акс эттирилган хариталарни тузиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилди ва 12 тоғ минтақаси бўйича 24 харита яратилди. Шу тарзда Ўзбекистонда табиий хавфларни умумий баҳолашга оид бўшлиқ тўлдирилди.

Амалга оширилаётган ушбу тадбирлар юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш, талафотларни камайтириш, фуқаролар ва иқтисодиёт объект­ларини ҳимоялашга хизмат қилади.

 

Ғани БИМУРЗАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги хавфли геологик жараёнларни кузатиш Давлат хизмати бошлиғининг ўринбосари.



DB query error.
Please try later.