06.09.2016

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

бўйича баъзи мулоҳазалар

Нуроний, оппоқ соқоли ўзига ярашган, саксонни қоралаганига қарамай, ҳали тетик ва бардам кўринишли отахон хонага кириб, самимий саломлашгач, вазмин гап бошлади:

— Болам, Наманганнинг Попидан, Резаксой қишлоғидан атайлаб келдим...

Гап шундаки, тилимиз, динимиз, ҳилпираб турган байроғимиз бор. Кундан-кун сайин ривожланиб бораётган Ватанимиз билан фахрланамиз. Энг муҳими, баркамол авлод камол топмоқда. Буюк аждодларга муносиб авлод вояга етмоқда. Ёшларимиз чуқур билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун ҳамма шароитлар яратилмоқда. Замонавий мактаблар, лицей ва коллежлар, спорт саройлари, мусиқа мактаблари барпо этилмоқда.

Бу имкониятларга қа­раб, туриб, ўйлаб қоламан. Давлат шунча ишни қилиб беряпти, ота-оналар нима иш қилиши керак? Тўғриси, ота-оналар зиммасида катта масъулият бор. Улар, айниқса, фарзанд­лари бўш вақтини қандай ўтказаётганига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Чунки бекорчилик оқибатида бола ёмон иллатлар таъсирига тушиб қолиши мумкин. Ичиш ва чекиш каби бемаза одатлар ҳам бекорчиликдан бошланади, болани кимдир йўл­дан уради ёки у кимгадир тақлид қилади.

Ҳаётдан кузатиб айтаманки, чекиш ичкиликбозликни ёки ичкиликбозлик чекишни келтириб чиқаради. Энг хавфлиси, чекиш-ичиш билан гиёҳвандлик ўртаси бир қадам. Ёшлар тарбиясини бузувчи, жа­мият тараққиётига зиён етказувчи бундай иллатлардан қандай қутилиш мумкин?

Бу таклифлар бировга ёқар, бировга ёқмас, лекин одамларга билдиргим келяпти. Наманганда бир анъана йўлга қўйилган. Ароқхўр тўйга айтилмайди ёки унинг тўйига кўпчилик бормайди. Ўйлай­манки, ичкиликбозликка қарши курашда шунга ўхшаш, яъни жамоатчилик таъсирини ўтказувчи усуллар ўйлаб топилса, фойдали бўларди.

Ўзини Мамасоли Сат­торов деб таништирган отахон шу ерга келганда бироз сукут сақлаб қолди, сўнг яна гап бошлади:

— Умр бўйи болаларга физика-математикадан сабоқ бердим. Шу дейман, айримларга ҳайронсан, ичиш ё чекиш саломатликка зарарлигини билишади. Аммо «менга ҳеч нарса қилмайди», деб ўйлайди. Соғ­лиғини йўқотиб бўлгач, афсус чекади. Наҳотки, туғилган кунлар ё бошқа хайр­ли тадбирларни ичиш-чекишсиз ўтказиб бўлмаса. Айрим тўйларда ширакайф йигитнинг қизларни рақсга таклиф этиши оқи­батида жанжаллар келиб чиқмоқда. Шунингдек, спиртли ичимликларни истъемол қилганларни жамоат транспортига чиқармаслик йўл­лари ҳақи­да ҳам ўйлаб кўрилса, ёмон бўлмасди. Керак бўлса, жамоат жойида кимдир маст ҳолда юрган бўлса, дарҳол ички ишлар бўлимига хабар беришни одат қилишимиз керак.

Ёшлар бир ҳақиқатни қулоғига қуйиб олиши керак. Яъни, ичкиликбозликдан ҳеч ким обрў топмаган, ҳеч кимнинг бири икки бўлмаган. Аксинча, шу касофат сабабли кўпчилик ишдан, оиласидан айрилган соғлиғини, обрўсини йўқотган. Тўғриси, бу иллатлардан воз кечиш учун тарғибот ишларини кучайтириш керак.

Тан олиш керак, гиёҳвандликка қарши кураш қатъий йўлга қўйилган. Гиё­ҳвандликнинг зарарли оқибатлари ҳақида реклама, танқидий чиқишлар кўп бўляпти, кинофильмлар яратилмоқда. Лекин гиёҳвандликнинг пойдевори кашандаликнинг зарари хақида ўйлайманки, тар­ғибот ишлари етарли эмас. Ҳатто ўсмирлар, қизларнинг сигарета чекишига лоқайд қараймиз. Бу лоқайдлик аввало ота-онага қимматга тушади ва улар азият чекади. Сўзимни мухтасар қиладиган бўлсам, қуш ўз уясида кўрганини қилади, деганларидек, фарзандларимизга аввало ўзимиз турмуш тарзимиз билан ибрат бўлайлик. Келажаги буюк давлатнинг ворислари ҳар жиҳатдан етук, соғлом бўлиши зарурлигини унутмаслик даркор.

 

Мирзо АНВАР



DB query error.
Please try later.