Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
06.09.2016

ИМТИЁЗЛАР ИҚТИСОДИЁТ РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этиш ҳамда жадал ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга.

Бу борадаги фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий усулларидан бири хўжалик юритувчи субъектларга солиқларни тўлашда имтиёзлар беришдир.

Мамлакат солиқ тизимида имтиёзлардан фойдаланишнинг қуйидаги ижтимоий-иқтисодий сабаблари мавжуд.

Биринчидан, солиқ тў­ловчиларнинг жамиятда тутган мавқеи, ижтимоий ҳолати турличадир. Шу жиҳатдан, барчани бир хил тартибда ёки миқдорда солиққа тортиш тўғри эмас.

Иккинчидан, давлат солиқ имтиёзлари орқали иқтисодиётни самарали ва қулай бошқариш имкония­тига эга бўлади. Яъни, солиқ имтиёзлари давлатни ўз функция ва вазифаларини юзага чиқаришда муҳим омилдир.

Учинчидан, давлат солиқ имтиёзларини қўл­лаш орқали мамлакатда яратилган миллий даромадни қулай, самарали ва оқилона тақсимлашга эришади. Яъни, солиқлар сифатида бюджетга жалб этилиши лозим бўлган молия­вий ресурслар имтиёз бериш туфайли бюджетга жалб этилмасдан солиқ тўловчиларнинг ўзларига мақсадли равишда қолдирилади. Бунинг афзал томони шундаки, солиқ тўловларини бюджетга олиш ва уни яна қайта тақсимлаш ишлари осонлашиб, маълум фаолият турларини рағбатлантиришга эришилади.

Солиқ имтиёзларини қўллашдан мақсад айрим солиқ тўловчиларнинг солиқларини камайтириш ёки ундан озод этиш эмас, балки ишлатилаётган даромадлар, молиявий маблағлар оқимини иқтисодий тараққиёт учун зарур деб топилган томонга йўналтиришдир.

Мамлакатимиз солиқ тизимида солиқ тушумларининг салмоғи йилдан-йилга ўсиб бориши билан бирга, солиқ имтиёзларининг салмоғи ҳам ортиб бормоқда. Агар кейинги беш йил давомида мамлакатимиз бюджети даромадларининг миқдори 2,2 баробарга ўсган бўлса, айнан шу даврда солиқ имтиёзларининг миқдори 3,5 баробарга ўсган. Ёки 2010 йилда солиқ тушумлари салмоғида солиқ имтиёзларининг улуши 29,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2015 йилда 43,6 фоизни ташкил этганлигини кузатишимиз мумкин.

Республикамизда солиқ тўловчиларга солиқ имтиёзлари ҳар томонлама ҳисоб-китоб қи­линиб, аниқ мақсадни кўзлаб бериляпти. Бу солиқ тўловчининг молиявий фао­лияти ва ишлаб чиқариш жараёнларининг ўсишига ижобий таъсир этиб, солиқ тушумлари кўпайишига асос бўлмоқда.

Республикамизда солиқ имтиёзлари асосан Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари асосида жорий этилади.

Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлардан келиб чиқиб, солиқ имтиёзлари асосан ички бозорни ҳимоя қилишга, маҳаллий хом­ашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлашга, ишлаб чиқаришни янги техник ва технологик асбоб-ускуналар билан қайта жиҳозлаш ҳамда модернизациялашга қаратилган. Имтиёзлар ҳисобига корхоналарнинг молиявий фаолияти барқарорлашмоқда ва мамлакатимиз экспорт салоҳияти орт­моқда.

Шу билан бирга, иқтисодиётнинг алоҳида тармоқларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзлар ҳам амал қилиб келмоқда.

Яратилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли республикамизда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, солиқ имтиёзлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.

 

Отабек АЛЛАБЕРГАНОВ,

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи.



DB query error.
Please try later.