06.09.2016

ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИ МАСЪУЛИЯТИ

Ҳар бир сиёсий партиянинг асосий мақсади мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир. Бу электорат манфаатларини ҳимоя қилиш йўли билан амалга оши­рилади.

Ушбу жараёнда, албатта, ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолияти муҳим ўрин тутади.

Айниқса, ҳудудий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижтимоий самарадорлигини оширишда маҳаллий Кенгашлар сессияларида қа­бул қилинаётган қарорларнинг аҳа­мия­ти катта. Маҳаллий вакиллик ҳо­кимиятини ҳаракатга келтирувчи асосий омил сиё­сий партия­ларнинг депутатлик гуруҳларидир. Шундай экан, сес­сияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ечимини кутаётган масалалар юзасидан муқобил таклифлар ишлаб чиқиш, маълум бир ижтимоий вазифани зиммага олиб, уни охиригача ҳал этиш учун интилиш партия гуруҳларимиз зиммасидаги асосий вазифалардан ҳисобланади.

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида ЎзХДПнинг 167 нафар депутати шун­дан келиб чиқиб режали асосда фао­лият юритмоқда.

 Ишимизнинг самараси, биринчи навбатда, партиямизнинг Сайловолди ҳамда Ҳаракат дас­турларида белгиланган устувор вазифалар ижросида кўринади, албатта. Вилоятимиздаги партиямиз ташкилотлари ва гуруҳлари бунинг муҳимлигини англаган ҳолда, изчил фаолият олиб бормоқда.

Партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида 2016 йил учун белгиланган вазифалар, шунингдек, маҳаллий ижро ҳокимияти идоралари фаолияти, электорат манфаатлари билан бевосита боғлиқ бўлган масалалар тизимли равишда ўрганилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокамасига олиб чиқилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғ­лиғини муҳофаза қилиш, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолини табиий газ, электр энергия ва ичимлик суви билан доимий таъминлаш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қуриладиган якка тартибдаги уй-жойларнинг коммунал инфратузилмасини ташкил қилиш, дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ижроси билан боғлиқ масалалар маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари ва сессияларида атрофлича кўриб чиқилди. Уларда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, депутатлар томонидан 20 дан ортиқ сўров маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юборилди.

Буларнинг барчаси электорат манфаатлари ҳимоя қилиниши, уларни ўйлантириб келаётган айрим муаммолар ижобий ечим топишига туртки бўлмоқда.

Яна бир томони, шу орқали депутатлар жамоатчилик фикри, аҳолининг таклиф ва эҳтиёжларини ўрганиш имкониятига эга бўляпти.

Унутмаслик керакки, бизга электоратимиз, сайловчиларимиз аввало ўзимиз илгари сурган дастурий масалаларни қай даражада амалга оширганимизга қа­раб баҳо беради.

Фаолиятимизни бугунги кун талаби даражасида олиб бориш учун янада кўпроқ ишлашимиз, фидойи бўлишимиз керак. Ижтимоий масалаларни нафақат вакиллик ҳокимияти муҳокамасига олиб чиқиш, балки уларни ҳал этиш юзасидан ўз позициямизни билдиришимиз, муқобил таклифларни илгари суришимиз лозим бўлади.

Депутатлик гуруҳлари олдида турган энг муҳим вазифалардан яна бири доимий комиссия ҳамда сессияларда қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан мун­тазам назорат олиб боришдир. Бу депутатларнинг фаоллигини янада ошириш билан бирга, электорат манфаатини самарали ҳимоя қилишда қўл келади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сиёсий партия­нинг асосий таянчи маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларидир. Уларнинг фаолиятини кучайтириш ҳудудлардаги ижтимоий масалаларни комплекс ўрганиш ва ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, давлат ва ҳудудий дастурларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Олим РАВШАНОВ,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари.



DB query error.
Please try later.