06.09.2016

ХАЛҚИМИЗНИНГ УЛУҒ ФАРЗАНДИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида мотам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуаси шу кунларда нафақат вилоят аҳли, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан келган юртдошларимиз, хорижлик меҳмонлар билан гавжум. Улар бу ерда ­ташкил этилган хотира бурчаги ва ­Президентимиз портрети пойига ўзларининг Юртбошимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, садоқатининг рамзи сифатида гуллар қўйиб, ҳурмат бажо келтирмоқда.

— 2014 йил май ойида ушбу мажмуада ўтказилган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида Президентимизнинг «Қаерда тинчлик ва барқарорлик бўлсагина илм-фан марказлари, академиялар, олий ўқув юртлари пайдо бўлади. Энг асосийси, таълим-тарбия равнақ топиб, унга қизиқиш, эътибор кучаяди. Тинчлик-барқарорлик бўлган жойдагина одамлар ўқиб-ўрганишни, ҳар томонлама ривожланишни истайди», деган фикрлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди, — дейди Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Муслиҳиддин Муҳиддинов. — Ислом ­Каримовнинг юртимизда тинчлик-осо­йишталикнинг кафолати бўлгани ҳамда ёшлар таълим-тарбиясига, маънавиятга, адабиётга юксак эътибори туфайли бугун Самарқанд Амир Темур бобомиз давридагидек, илм-фан, маданият марказига айланди. Ҳозир шаҳарда саккизта олий таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси билан бунёд этилган Форумлар мажмуасида халқаро илмий анжуманлар, сиёсий тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳар икки йилда дунёнинг барча қитъаларидан маданият ва санъат намояндалари Самар­қандда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида жам бўлиб, миллий мусиқа маданиятимиз тарихи ва анъаналарини ўрганмоқда. Юртбошимизнинг ушбу тадбирларда иштирок этиб, «Менинг она шаҳрим Самарқандга хуш келибсиз!» деган бир оғиз каломининг ўзи қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдирар эди. Бу буюк инсон барчамизнинг қалбимизда абадий яшайди.

Вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари жамоалари, маҳаллалар аҳли Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентини ёд этиб, у киши бошлаган эзгу ишларни изчил давом эттиришга аҳд қилмоқда.

— Худди ёмон туш кўраётгандек «ҳозир уйғониб кетаману ҳаммаси тумандек тарқаб кетади», деб ўзимга тасалли бераман, — дейди пастдарғомлик меҳнат фахрийси Рисолат Солиева. — Бутун борлиғи, ҳаётини Ватанимиз равнақи, ­халқимиз тинч-осойишталигига бағишлаб, барчамизни буюк ишлар сари бошлаган Йўлбошчимизнинг бугун орамизда йўқлигига ҳеч ҳам ишонгим келмайди. У киши жисман ёнимизда бўлмаса-да, ўзи бунёд этган мустақил Ўзбекистон давлатини ривожлантиришга оид дастур ва ғоялари, ташаббуслари бизни доим юксак марралар сари руҳлантиради. Ислом ­Каримов номи тинчликпарвар ва халқпарвар давлат арбоби, доно сиёсатчи ва комил инсон сифатида халқимиз қалбидан мангу жой олган.

 

Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.