05.09.2016

САВОЛ ВА ЖАВОБ

Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан танлаб олиш ва уларга нафақа тўлаш тартиби ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз...

Зумрад ИСАҚОВА, Тошкент шаҳри.

 

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Аввало, таъкидлаш керакки, сиз сўраган мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг қўшма қарори асосида Низом тасдиқланган.

Унга кўра, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ­«Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобига тўланадиган энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида бир йўла нафақа олиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда битирувчи ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида ўқиш даврида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун мўлжалланган муассасаларга жойлаштирилмаган ва бошқа қонуний вакиллари — васийси, ҳомийси, тутинган ота-онаси (патронат) қарамоғида турган бўлиши лозим.

Нафақа битта битирувчига фақат бир марта, яъни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битириб, ишга жойлашганида берилади. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди 2015-2016 ўқув йилидан бошлаб мунтазам равишда битирувчиларга нафақа тўлаш учун маблағлар ажратишни режалаштиради. Бунинг учун ажратиладиган маблағлар миқдори «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.

Низомда шунингдек, нафақа олиш ҳақидаги мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланган. Унда қайд этилишича, битирувчи нафақа олиш учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битириб, ишга жойлашгандан кейин ўзи тамомлаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директорига нафақа берилишини сўраб, ариза билан мурожаат қилади. Аризага туғилганлик ҳақида гувоҳнома, фуқаролик паспорти, ўрта махсус ва касб-ҳунар маълумоти тўғрисида диплом (барчаси асли кўрсатилган ҳолда нусхаси тақдим этилади), васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақида туман (шаҳар) ҳокими қарорининг ёки болани оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисидаги келишувнинг нусхаси ҳамда доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган битирувчининг оилавий ва мулкий аҳволи ҳақида маълумотнома илова қилинади. Шунингдек, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), меҳнат дафтарчасининг иш берувчи томонидан тасдиқланган нусхаси, битирувчи ёки унинг ота-онасида мулк ҳуқуқи асосида кўчмас мулк мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) ҳақида туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхонаси томонидан берилган маълумотнома ҳамда битирувчининг тиббий-ижтимоий аҳволи — ногиронлиги, узоқ муддат даволанишга муҳтожлиги ёки меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилади.

Мазкур Низом ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида ўқиш даврида тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларга нисбатан татбиқ этилмайди.



DB query error.
Please try later.