04.09.2016

ОИЛА — ЭЗГУ НИЯТЛАР МАСКАНИ

Энг ибтидоий жамоа давридан бошлаб то ҳозиргача ўтказилган турли экспериментлар, натижаси шуни кўрсатадики, бола ҳар қандай муҳитда вояга етишидан қатъи назар, уни тарбиялашда ота-она ўрнини боса оладиган бирор-бир муқобил омил бўлмаган. Оилада ота-онанинг бир-бирига, атрофдагиларга муносабати фарзанд тарбиясига таъсир қилган. Соғлом маънавий муҳит мавжудлиги эса боланинг ҳар томонлама теран мулоҳазали, ҳар бир вазиятни мустақил баҳолайдиган ва тўғри хулоса чиқарадиган инсон бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Аввало шуни айтиш керакки, мустақиллик йилларида қайси йил қандай номланишидан қатъи назар, барчасининг мақсади, мазмуни ҳаммаси инсон фаровонлиги, жамият равнақи, соғлом авлод баркамоллиги, оила ҳамжиҳатлигига йўналтирилганини кўрамиз. Соғ­лом она ва бола йили ҳам ана шу эътибор ҳамда ғамхўрликнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Бу дунёда ҳаёт борки, оила, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Одамзод ҳамиша фарзанд камолини кўришни, унинг ўзидан ҳам яхшироқ турмуш кечиришини истайди, ана шундай орзу-интилиш билан яшайди. Демак, ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган ибрат ва маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш жамиятдаги ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Қиз бола онаси ва унинг оилада ўзини тутишига қараб, ўрнак олади, ўғил эса отасининг атрофдагиларга нисбатан муносабатини идрок қилиб борар экан, худди шундай тарбия топади. Бу психологик қонуният шахснинг оиладаги шахсий ва жинсий ижтимоийлашувининг етакчи тамойили ҳисобланади. Оила — маҳалла — таълим муассасаси тизимида энг аввало шуни ҳисобга олиш муҳимки, боланинг ижтимоий муносабатларга тайёр бўлишида оиладаги педагогик муҳит бирламчи ўринда туради ва уни ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди.

Хўш, кўча болалари, тар­бия­си оғир болалар қаердан пайдо бўлади? Жиноятга қўл ураётган ўсмирлар ҳам ота-она бағрида улғайган-ку! Оилада эр ва хотин ўртасида иноқлик бўлмаса, ёки ота-онанинг атрофдагиларга нисбатан ёлғон-яшиқ ишлатиши, алдов-хиёнат ҳолатлари мавжуд бўлса, ўзаро муносабатлар таранглашиб боради. Бундай муносабатлар нафақат уларга, балки ўзи яшаётган муҳитга, биринчи нав­батда фарзандларга салбий таъсир этади, ёшларнинг ижтимоийлашув жараёнига тўғаноқ бўлади. Оилада мавжуд бўлган бундай педагогик муҳит ҳар қандай жамиятда муаммоларни келтириб чиқаради.

Оила тарбияли бўлиши учун аввало ота-она тарбияли бўлиши лозим. Шунда фарзанд катта, мустақил ҳаётга, жумладан, оилавий ҳаётга тайёрланади, ўзига яраша сифат ва фазилатларни шакллантириб боради, ҳар томонлама етук, баркамол, ақлли, соғлом бўлиб воя­га етади. Оиладаги соғлом маънавий муҳит болани жа­мият­да ўз ўрнини топишга, муомала қилиш, фаолият юритиш, касб-ҳунарли бўлиш, одоб-ахлоқ қоидаларига бўйсунишга ўргатади, психологик жиҳатдан тайёрлайди.

Оилада бола тарбиясида, айниқса, ота етакчи рол ўйнайди. У аввало юриш-туриши, одамлар билан муомаласи, ёлғон гапирмаслиги, лафзида туриши, ваъдасига вафо қилиши билан ўрнак бўлади. Ота болалар билан суҳбатлашишга вақт топиши, уларнинг қизиқишларига алоҳида эътибор қаратиши, лозим бўлса, қўл­лаб-қувватлаши керак.

Аёл қудрати, унинг оиладаги иштироки эркаклар билан тенглигини намоён қилишда эмас, балки назокат ва меҳр-шафқатда, ўзига хос иффат, кийиниш одоби, кишилар билан муносабатда иболи, андишали бўлиш каби ахлоқий сифатлардадир. Шунинг учун қизлар тарбияси ва маънавий камолотига фақат оила доирасида эмас, жамият нуқтаи назаридан эътибор бериш керак.

Қизлар оилада, жамоат жой­ларида юриш-туриши, ахлоқ доирасида ўзини тутиши, ота-онага итоатда бўлиши сингари одобнинг нозик томонларига ўргатилиши керак. Она зиммасидаги бу масъ­улият­ натижаси фарзандлар ул­ғайганида, уларнинг хатти-ҳаракатида, қўни-қўшничиликда, атрофдаги инсонлар билан ижтимоий муносабатларда ўз аксини топади. Демак биз нафақат оиладаги, балки маҳалла-кўйдаги одамларнинг хатти-ҳаракати ҳам боланинг шаклланиб келаётган соф қалби ва онгига қандай таъсир кўрсатишини эътиборга олишимиз керак.

Ҳар қандай мамлакат тараққиёти ўша юртдаги оила мустаҳкамлиги, уларнинг барқарорлигига чамбарчас боғлиқдир. Оила — барча эзгу тилаклар, орзу-умидлар рўёбга чиқадиган қутлуғ маскан ҳисобланади. Зеро, инсон ўз саодатини аввало оиласи бағридан топади.

Ҳаётнинг абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган миллий ва диний урф-одатларимизни асраб-авайлайдиган ва уларни келгуси авлодга етказадиган тарбия маскани — оиладир.

Таълим муассасалари ва маҳалла фаоллари ҳамкорлигида фарзандлари ўқишга бормай, кўча-кўйда, бозор-ўчарда юрган оилаларга жамоатчилик таъсири кучайтирилиб, лозим топилганда, нотинч оилаларда профилактик тадбирлар ўтказилаётгани, республика умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва лицейларда давомат, ўқувчилар кийиниш маданиятининг тартибга солиниши ҳам ахлоқий тарбиянинг узвий давомидир.

Республика «Оила» илмий амалий маркази томонидан юксак маданиятли оилалар тажрибалари оммалаштирилиб, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва лицейларда таълим олаётган қизлар учун «Ораста қизлар ён дафтарчаси», ўғил болалар учун «Оталарнинг олтин ўгити» қўлланмаси чоп қилинди ва улар интернетдаги «Оила» маркази сайтига ҳам жойлаштирилди. Бу эса ушбу манбалардан ­оммавий фойдаланиш имконини яратяпти.

Инсон ўзига ато этилган бахтнинг тўртдан уч қисмини оиладан, қолган бир қисмини бошқа омиллардан топар экан. Ота-она барча эзгу ниятлари, орзу-истакларини фарзанд тақдири билан боғлайди, ўз келажагини уларнинг бахт-истиқболида кўради. Барча эзгу фазилатларни ўзида мужассам қилган фарзанд оила қувончи, жамият таянчидир.

Соғлом она ва бола йилида қабул қилинган Давлат дас­турида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, сифат даражасини кўтариш, бу борада кўлами ва моҳиятига кўра, улкан ишларни амалга ошириш жамиятимизда оила бахти учун қилинаётган эзгу ишларнинг давоми ҳисобланади.

 

Дилбархон ИМИНОВА,

Андижон давлат университети ўқитувчиси.



DB query error.
Please try later.