04.09.2016

ҲАРАКАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

электорат манфаатларига хизмат қилмоқда

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар электорат манфаатлари ҳимоя­сида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари унинг ижросига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мазкур Ҳаракат дастурида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларни партия гуруҳларида ўрганиш, доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш белгиланган. Хўш, бу борада қандай натижаларга эришилмоқда?

— Ҳаракат дастури ижросида депутатларимиз алоҳида фаоллик кўрсатмоқда, – дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири ­Акмал Турсунбоев. – Хусусан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган турли масалалар чуқур ўрганилиб, уларнинг ечими назоратга олинмоқда.

Ҳаракат дастури асосида бу йил 198 масала ўрганилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар уларнинг 126 таси партия гуруҳларида, 72 таси доимий комиссия йиғилишларида ва 50 таси сессиялар муҳокамасига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бунда электорат манфаатлари ҳимоясига, хусусан, бандлик дастури ижроси, битирувчиларни ишга жойлаштириш, қонун ва қарорлар ижросини ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мисол учун, жорий йилнинг биринчи чорагида Ҳаракат дастури доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар 9 ҳудудда тегишли тартибда ўрганилди. Мазкур масала халқ депутатлари Қўнғирот, Тўрақўр­ғон, Сариосиё, ­Марҳамат, Асака ҳамда Оҳангарон туман, Ангрен шаҳар Кенгашлари сессияларига киритилди, қабул қилинган қарорлар ижроси устидан назорат ўрнатилди.

– Партиямиз гуруҳи ташаббуси билан август ­ойида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси ўрганилиб, сессияда муҳокама этилди, – дейди халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари ­Расул Йўлдошев. – Ўрганиш натижаларига кўра, туманда жорий йилнинг биринчи ярмида минглаб янги иш ўрни яратилгани маълум бўлди.

Шулардан хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 300 дан ортиқ, қишлоқ хўжалигида 50 га яқин, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш натижасида 100 дан ортиқ янги иш ўрни очилди. Жорий йил январь-июнь ойлари давомида 11 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, унга кўплаб корхона ва ташкилотлар жалб этилди. 200 нафардан ортиқ фуқаро ишга жойлашиш учун йўлланма олди. Шундан 120 нафари касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир.

Депутатлар, шунингдек, жойларда ижтимоий ҳимоя­га муҳтож оилалар фарзандлари, айниқса, қиз болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш ва чекка ҳудудларда янги спорт объектлари қурилиши, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалаларни ўрганишди. ­Андижон ви­лоя­тининг ­Избоскан, Бухоро вилоятининг Олот, Навоий вилоятининг Конимех туманларида мазкур масалалар сессияларда атрофлича кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ҳаракат дастурига биноан пенсия ва нафақа пулларининг тайинланиши, ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жойлар берилиши, ажратилаётган моддий ёрдам маблағларининг манзилли сарфланишини ўрганиш ва ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш йўналишларида ­муайян ишлар олиб борилди. Ички йўлларни таъмирлаш, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш масалалари босқичма-босқич ўр­ганилди.

Айтиш керакки, партия ташкилоти, депутат учун электорат манфаати йўлидаги масаланинг катта-кичиги бўлмайди. Ишимизда амалий натижалар кўпа­йиши учун ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини атрофлича таҳлил қилишимиз, аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб боришимиз талаб этилади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.