Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
03.09.2016

ТОШСОЯБОН ТАГИДАГИ МЎЪЖИЗА

Ривоят қилишларича, Амир Темур узоқ сафарга отланганида, йўлда аскарлари оғир дардга чалинибди. Ўшанда улар Бойсун тоғ йўллари орқали ҳаракатланаётган экан. Шунда қўшиндагиларнинг кўзи кимсасиз бир қуруқликдаги тошсоябонга тушибди. У ердаги харсангтошлар орасидан сизиб чиқаётган булоқ сувидан ичган аскарлар ўзини анча тетик ва бардам сезибди. Касалликдан ҳам халос бўлишибди. Шу-шу мазкур қишлоқнинг номи «Омонхона» деб юритила бошлабди.

Ҳар қандай ривоятнинг замирида ҳақиқат ётади, де­йишади. Дарҳақиқат, Омонхона булоқ суви турли касалликларга, хусусан, жигар хасталигига даво бўлиши мутахассислар томонидан аниқ­ланган.

Омонхона булоқ суви Тошкентдаги илмий текшириш институти олимлари томонидан ўрганилганда, унинг таркибида жигар, буйрак, ўт, ошқозон-ичак касалликлари, қандли диабед, умуртқа поғонасидаги тузларни парчалаш каби кўплаб хасталикларга шифо бўладиган тўрт юздан ортиқ микроэлементлар борлиги маълум бўлди. Шундан сўнг ундан унумли фойдаланиш чоралари белгиланди. Ўрни келганда айтиш жоизки, бу хайрли ишларга бойсунлик фидойи инсон, меҳнат фахрийси Тўрақул Ҳамроев бош-қош бўл­ди.

Дастлаб, 1991 йилда булоқ атрофи ободонлаштирилиб, шифобахш сувдан фойдаланиш йўлга қўйилди. Туман шифохонасидан мутахассислар жалб қилинди. Ҳомий ташкилотлар, тадбиркорлар кўмагида беморлар ва шифокорлар учун шарт-шароитлар яратилди, йўллар қурилди, тепаликдан анча чуқурликда жойлашган тошсоябонгача бўлган масофада зинали йўлаклар қурилди, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

2009 йилдан бошлаб ушбу маскан тубдан қайта таъмирланди. 110 ўринга мўлжалланган мазкур иншоот учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ ажратилди. 2011 йили шифо маскани қурилишининг дастлабки босқичи, 2012 йилга келиб, унинг иккинчи қисми фойдаланишга топширилди. 2014 йили эса санаторий қурилиши якунланиб, ишга туширилди.

Очиғи, олис тоғ қишлоғида, кенг яйлов бағрида бундай улкан иншоотнинг барпо қилиниши кишини лол қолдиради. Икки қаватли шифо масканида беморлар учун икки ва уч кишилик хоналарда иситиш ва совутиш мосламалари, телевизор, ювиниш жойлари муҳайё этилган.

— Инсон саломатлиги энг устувор масала ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон темир йўллари Давлат акционерлик компаниясига қарашли «Омон­хона» бальнеологик шифо маскани директори Бахтиёр Жўраев. — Шифо масканимизга даво излаб келаётганларга малакали тиббий хизмат кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз. Санаториймизда беморларни асосан табиий булоқ суви билан даволаймиз. Шу билан бирга, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имконини берувчи асбоб-ускуналардан ҳам кенг фойдаланаяпмиз. Булоқ сувининг шифобахш­лиги туфайли бу ерга келувчилар сони тобора ошиб бормоқда.

— Кейинги пайтларда соғ­лиғим билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлганди, — дейди наманганлик 76 ёшли Маҳмуджон Мамадалиев. – Бу ерда даволанганимдан сўнг ўзимни бардам, бақувват ҳис этаяпман. Мана, ҳозир ҳам 30-40 метр баланд­ликка бемалол чиқаяпман.

— Кўп шифохоналарда даволандим, негадир фойдаси бўлмади, — дейди бухоролик Мастура Сафарова. — Омонхона сувини истеъмол қилганимдан сўнг бутунлай тузалдим. Ўн йилдан буён ҳар йили икки марта келиб даволанаман. Биз беморлар учун шундай қулай шароитларни яратиб бергани учун мутасаддиларга миннатдорлик билдирмоқчиман.

— Мен Навоий вилоятиданман, — дея суҳбатга қўшилди Навоий кон-металлургия комбинати ишчиси Худойберди Камолов. – Ошхонада тайёрланаётган ов­қатлар ҳам жуда сифатли. Менимча бошқа шифо масканлари «Омонхона» сана­торий­сидан андоза олса ёмон бўлмасди.

Ҳозирда шифо масканида 100 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланган.

Шифо масканида тиббий маданиятни ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалаларида кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилиб турилади.

— «Омонхона» санаторийсига ишга келганимга йигирма беш йилдан ошди, — дейди Музаффар Жалилов. — Ўшандаги шарт-шароит билан бугунгисини солиштириб бўлмайди. Илгари бор-йўғи икки нафар тиббиёт ходими хизмат қиларди. Бугун эса улар кўпчиликни ташкил этади.

Мустақиллик йилларида тиббиёт соҳасида муҳим ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилди. Буларнинг барчаси халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш, оилаларда соғлом муҳитни яратиш, тиббий маданиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Шифо масканидан қайтар чоғи, табиат мўъжизаси, тош соя­бонларга яна бир бор разм солдим. Харсанг тошлар ҳавода муаллақ турибди. Очиғи, энг моҳир ҳайкалтарош ҳам ундан нусха олишга ожизлик қилса керак! Лекин тошсоябондан узоқлашиб, тепаликка томон кўтарилар эканмиз, хаёлимизни ундан-да ажиб бир мўъжиза банд этди. Бу тош қоялар бағридаги тепаликда бунёдкор халқимиз барпо этган «Омонхона» шифо маскани кўриниб турарди.

 

Абди ҚОДИРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.