03.09.2016

СОҒЛОМ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШ

кўп жиҳатдан мактабгача таълим муассасалари фаолиятига боғлиқ

Бугун мамлакатимизда мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болалар ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб улғайиши, ўқиб-ўрганиши учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ҳар йили мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш, шароитини яхшилаш, зарур воситалар билан таъминлаш масалаларига давлат бюджетидан керакли маблағ ажратиляпти.

Хўш, бугун мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати қандай? Болаларнинг мактабгача таълим-тарбиясини самарали йўлга қўйиш, боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича жойларда қандай ишлар олиб борилмоқда?

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, яқинда халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти юзасидан назорат-таҳлил ишларини олиб борди.

Наманган шаҳрида бугунги кунда 60 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 6994 нафар бола тарбияланмоқда. Мактабгача таълим муассасаларида 749 нафар педагог ходим фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 579 нафари ўрта махсус, қолган 170 нафари эса олий маълумотга эга.

Кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида ўтган йили мактабгача таълим муассасаларида фаолият кўр­сатаётган айрим номутахассис кадрлар қайта тайёрлов курс­ларида ўқитилди. Янги педагогик технологиялар асосида амалий семинарлар ташкил этилди.

Илҳомжон ОТАБОЕВ, халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини яхшилашга давлатимиз ҳамиша устувор вазифа сифатида қараб келган. Шунинг учун партиямиз гуруҳи масалани ҳар томонлама чуқур ўрганиб, таҳлил қилди.

Назорат-таҳлил пайтида айрим мактабгача таълим муассасаларида тарғибот-ташвиқот, кўргазмали воситалар сони камлиги, айрим гигиеник ашёлар ва болалар ёшига мос ўйинчоқлар етарли эмаслиги аниқланди.

Усмонжон АСҚАРАЛИЕВ, халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Болалар тарбиясида тарбиячи зиммасига катта масъулият юклатилади. Бироқ фаолияти ўрганилган мактабгача таълим муассасаларининг айримларида тарбиячилар учун қўл­ланмалар етарли эмаслиги маълум бўлди. Ўрганиш вақтида, шунингдек, айрим боғчаларда жисмоний тарбия ва мусиқа хоналари, спорт майдончаларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш билан боғлиқ камчиликлар ҳам кузатилди.

Депутатлар ўрганиш натижаларини дастлаб пар­тия гуруҳи йиғилишида атрофлича муҳокама этишди. Юзага келган хато ва кам­чиликларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

ЎзХДП гуруҳи шундан сўнг масалани халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссиясига киритишга қарор қилди. Доимий комиссия йиғилишида мавжуд вазият атрофлича кўрилгач, бу масала халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши сессиясига олиб чиқилди.

Сессияда мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ кўрсаткичлар чуқур таҳлил қилинди. Депутатлар, мутасадди идоралар раҳбарларининг хулоса ва фикр-мулоҳазалари тинг­ланди. Шу асосда сессия тегишли қарор қабул қилди.

Хусусан, мактабгача таълим муассасаларида давлат талабларининг бажарилиши ва меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш аҳволи, болаларни мактабга тайёрлаш ишларининг самарадорлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, мактабгача таълим муассасаларининг санитария ҳолати, таълим ва ўқув жараёни, жисмоний тарбия, гуруҳ хоналарини болаларнинг ёшига мос мебеллар, тиббий хоналарни дори-дармон воситалари билан доимий равишда таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.