01.09.2016

ЯҚИН ЎТМИШ САБОҚЛАРИ

Бугун давлатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамини нишонлар эканмиз, ўтган қисқа даврда юртимизда амалга оширилган тарихий ишлар, буюк бунёдкорликлардан фахрланамиз, ғурурланамиз. Айни чоғда кеча ким эдигу бугун ким бўлганимиз ҳақида фикр юритамиз.

Совет ҳукумати — Қизил империянинг зуғуми, қонли сиёсати остида яшаган халқимиз бошига солинган кулфатларнинг чеки-чегараси бўлмади, қурбонларнинг сон-саноғи бўлмади. Дунё дунё бўлиб, ўз халқини бунчалик азоблаган, хор-зор этган, қирғин қилган давлатни кўрмаган эди.

Шўро ҳукумати ўз умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистонда яна бир мудҳиш жиноятни содир этди. Халқимизга нисбатан яна бир оммавий қатағонни ўтказди.

1983-1989 йилларда амалга оширилган бу қатағон «Пахта иши», «Ўзбек иши» деган сохта ном билан ниқобланган бўлиб, унинг тагида ёвуз мақсад ётарди... Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ўзбек халқ­ига қилинган бу туҳматларга, қатағонга муносабат билдираркан, «...бинобарин, маҳаллий аҳолига нисбатан қирғин уюштирилган эди», деган эди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Юртбошимиз ўша вақтда бу қатағонга қарши чиқиб, халқимиз ҳуқуқи ва шаънини ҳимоя қилиш учун кураш олиб борган эди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами арафасида «Янги аср авлоди» наш­риёти томонидан чоп этилган «Адолат йўли» китобида айнан «Пахта иши», «Ўзбек иши» деб номланган қатағонлар, адолатсизликлар ҳақида ҳикоя қилинади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан тайёрланган бу китобдан таниқли адибларнинг ҳаётий воқеалар асосида ёзилган публицистик мақола ва очерклари ўрин олган.

Бугун мустақилликнинг соф ҳавосидан нафас олиб, беқиёс имкониятларидан фойдаланиб, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етаётган ёш авлод учун бу аччиқ ҳақиқатларни билиш муҳим аҳамиятга эга. Қарамлик даврида халқимиз бошига солинган азоб-уқубатларни, ҳуқуқларимиз, шаънимиз, қадримиз қанчалик оёқ-ости қилинганини билиш мустақилликни қадрлашга ўргатади. Бу китоб кечаги фожиали ўтмишимизни унутмасликка, бугунги озод ва обод кунларимиз учун шукроналар айтишга, мустақилликни қадр­лашга ундайди.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.