01.09.2016

МУСТАҚИЛ ВАТАННИНГ МУҲТАШАМ КЎПРИКЛАРИ

мамлакатимиз куч-қудрати ва салоҳияти тимсолига айланмоқда

Энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида пойтахтимиздаги Нурафшон кўчаси Оқтепа майдонигача 4 километр узайтирилди ва Муқимий кўчасига уланди. Муқимий ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида эни 19 метр, узунлиги қарийб 1 километр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди. Шунингдек, Муқимий кўчасининг ҳар бир йўналиши беш тасмали қилиб кенгайтирилди. Мазкур чорраҳадан бошланган берк кўчанинг иккинчи томони Бобур кўчасига улангани натижасида пойтахтимизда яна бир айланма йўл барпо этилди.

Муқимий ва Шота Руставели кўчалари кесишмасида бунёд этилган замонавий кўприк ёнида пиёдалар учун 90 метрлик ер усти ўтиш йўлаги барпо этилди. Бундай йўлакнинг иккитаси Оқтепа майдонида ҳам қурилди.

Биз ушбу иншоотни кўришга келган юртдошларимиз билан суҳбатлашдик.

 


Нормамат ЗАВҚИЕВ, меҳнат фахрийси:

— Шу кўприк ёнидаги маҳаллада истиқомат қиламан. Илгари болаларимизнинг боғча, мактабга бориб келишидан хавотир олардик. Машиналар серқатнов бўлгани учун улар йўлдан ўтишда қийналарди. Муқимий ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасидаги ер усти ўтиш йўлаги қурилиши туфайли кўпчиликнинг кўнгли хотиржам бўлди.

Бугун набираларимни олиб бу ерга келдим. Уларга пойтахтимиздаги бунёдкорликлар ҳақида гапириб бердим. Ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам қулай шароит яратилганидан мамнунмиз. Ер усти ўтиш йўлагининг усти ёпиқлиги, айниқса, ёғингарчилик бўлган кунларда асқотади. Бундан таш­қари, бу ерга ўриндиқлар ҳам қўйилганки, баъзи кекса инсонлар бемалол ҳордиқ чиқариши, атрофни кузатиши мумкин.

 

Баҳодир МУСАНАЗАРОВ, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ йўл назорати бўлими бошлиғи ўринбосари, подполковник:

Илгари Муқимий кўчасидан аэропорт томонга ҳаракатланаётган транспорт воситалари керагидан ортиқ йўлни босиб ўтишга мажбур бўларди. Шаҳар марказига борадиган ҳайдовчилар ҳам шундай қи­йинчиликка дуч келарди. Муқимий ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасидан соатига меъёрдаги 6 минг машина ўрнига, 11 минг 500 автомобиль ҳаракатланарди. Бу эса тирбанд­лик юзага келишига сабаб бўларди. Ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланар эди.

Янги кўприк қурилиши муносабати билан бу ердаги ҳаракат анча енгиллашди. Қолаверса, бошқа кўчалардаги қатновга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Юртимизда шу пайтгача ярим айлана шаклдаги кўприк қурилмаган эди. Бу илк тажриба бўлди.

Бир сўз билан айтганда, бундай замонавий кўприк пиёда ва автоуловларнинг эркин ҳаракат қилиши, ортиқча вақт йўқотилишининг олдини олиш, айниқса, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Зулфиқор РАСУЛОВ, иқтисодчи:

— Иқтисодчи сифатида шуни айтишим керакки, йўл қурилиши, хусусан, кўприк бунёд этиш катта маблағ, узоқ вақт ва мураккаб қурилиш техникасини талаб этади. Пойтахтимизда ҳар йили янги йўллар, кўприклар қурилмоқда. Бу эса биринчидан, иқтисодий салоҳиятимизни кўрсатса, иккинчидан, қурувчиларимизнинг тажрибаси ва маҳорати ошиб бораётгани белгисидир.

Иш юзасидан деярли ҳар куни Шота Руставели ва Муқимий кўчаларининг чорраҳасидан ўтаман. Илгари тирбандлик туфайли ушбу йўлдан юришга юрагим бетламасди. Ҳозир эса бу ердан ўтиш кишига завқ бағишлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, мен барча юртдошларимизни мустақиллигимизнинг 25 йиллиги билан табриклайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

 

Орзигул ТЎРАБОЕВА, «Янги Миробод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Очиғи, Ғафур Ғулом ва Абдулла Қодирий кўчаларини боғловчи чорраҳада қурилган кўприкни кўриб, ўша ерда яшаётган одамларга ҳавасим келганди. Бизнинг ҳудудимизда ҳам ана шундай иншоот қурилишини орзу қилгандим.

Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтгани йўқ, маҳалламиз ҳудудида ҳам муҳташам кўприк қад ростлади. Нафақат кўприк қурилди, йўллар атрофи ободонлаштирилди, гуллар экилди. Маҳалла, ён-атроф обод бўлса, одамларнинг кайфияти ҳам юқори бўлади.

Кўприклар ва йўллар нима учун қурилади? Одамларга яхши бўлиши, уларга қулайлик яратиш учун. Биз, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўзимиз яшайдиган ҳудуддаги одамларга юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аввало инсон омили мужассамлашганини тушунтиришиз зарур. Ҳамжиҳатлик ва аҳиллик эвазига ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтиш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Зиммамиздаги вазифага ҳам тўхталмоқчиман. Биз, маҳалла фаоллари қурилган бундай иншоотларни асраб-авайлаш, узоқ йиллар давомида хизмат қилиши учун масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим, деб ўйлайман.

 

Шермурод ДИЛМУРОДОВ, «Al Tayer» компанияси ходими (БАА):

Мен хизмат туфайли чет элда ишлайман. Бизнинг компанияда дунёнинг турли бурчакларидан келган одамлар фаолият кўрсатади. Ҳаммамиз йиғилиб, суҳбатлашганда ҳар бир одам ўз юрти ҳақида, мамлакатида қўлга киритилган ютуқлар ҳақида гапириб беради. Ишонсангиз, август ойи давомида Ўзбекистондаги бунёдкорлик ҳақида тўлиб-тошиб гапириб бердим.

Спортчиларимизнинг олимпия ўйинларида қўлга киритган ютуқлари ҳақида ҳаммага мақтандим.

Пойтахтимизда янги қу­рилган кўприкнинг лойиҳасини интернетда кўрганимдаёқ ҳаяжонланиб кетгандим. Сабаби, бунақа узун, қайрилган кўприкларни фақат телевизорда кўриб, бизда ҳам шунақаси бўлармикан, деб ўй­лардим. Мана, биз кутган кунлар келди.

Янги кўприкнинг суратларини дўстларимга кўрсатдим. Улар жуда ҳам чиройли иншоот қурилганини айтишди.

Чет элда юрсам-да доимо Ватан соғинчи билан яшайман. Ўзбекистонимиздаги ҳар бир янгилик, ўзгаришни кузатиб бораман. Бугун ҳам янги кўприк қурилганини эшитиб, интернет орқали суратларини томоша қилдим, ғурурландим.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.