30.08.2016

ХАЛҚИМИЗ БУНЁДКОРЛИК САЛОҲИЯТИНИНГ ЁРҚИН НАМОЙИШИ

Мамлакатимизнинг истиқлол йилларидаги изчил тараққиёти улкан бунёдкорлик ишларига замин яратди. Янги саноат корхоналари, таълим ва тиббиёт муассасалари, санъат ва спорт саройлари, йўл ва кўприклар, замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Мустақиллик иншоотлари деган ибора пайдо бўлди. Уларнинг кўплиги ва гўзаллигидан шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Нукус, Урганч, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Термиз, Андижон, Фарғона, Наманган ва бош­қа шаҳарларимиз бош режа асосида қайта қурилмоқда.

Мамлакатимиз ривожини ёрқин акс эттирган Тошкент шаҳрида ҳам улкан қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Пойтахтимиз ўзининг тарихий хусусиятларини сақлаган ҳолда замонавий қиёфа касб этмоқда. Янги-янги иншоотлар, турар жойлар, меҳмонхоналар, йўл ва кўприклар, сўлим боғу хиёбонлар шаҳар аҳли ва меҳмонларга қулай шароит яратмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида ишлаб чиқилган бош режага мувофиқ пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. 2013 йили Хадра майдонида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 2014 йили Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида янги йўллар қурилди. 2015 йилнинг май ойида Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишган чорраҳада янги замонавий кўприк очилди.

Нурафшон кўчасининг қурилиши аҳоли учун катта қулайлик яратиш билан бирга, Эски шаҳарни замонавий масканга айлантириш борасидаги ишларга кенг йўл очди. Ҳар томони 4 тасмали бу йўл транспортлар ҳаракатини енгиллаштирди. Кўча билан параллел равишда коммуникациялар ва муҳандислик инфратузилмаси қурилди.

Президентимизнинг 2014 йил 20 ноябрдаги Тошкент шаҳрининг Эски шаҳар қисмида замонавий турар жойлар барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан бу ерда кўп қаватли уйлар бунёд этилмоқда. Жорий йилда 386 хонадондан иборат 20 замонавий уй-жой қуриб битказилди.

Инсон манфаатларини таъминлаш, одамларга барча қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор ҳар қадамда кўзга ташланади. Биноларни лойиҳалаштиришда иқлим шароитлари, санитария ва хавфсизлик талаблари, халқимизнинг миллий ҳаёт тарзига оид барча жиҳатлар ҳисобга олинган. Уларни қуриш ва безатишда замонавий технология ва материаллардан фойдаланилган.

Бинонинг деворлари уй ичидаги иссиқликни сақлайдиган қилиб қурилган. Ҳар бир хонадонда алоҳида иссиқлик ва сув иситиш тизимлари ўрнатилган. Бу хона ҳароратини мустақил бошқариш, энергия сарфини 2 баробаргача қисқартириш имконини беради.

Йўл бўйидаги уйлар бир қаторга эмас, балки кўчадан ҳар хил узоқликда қурилган ва оралиқ масофалари кенг олинган. Бу мавзеда шамол айланишини таъминлайди.

Турар жойлар орасида майсазорлар барпо этилган. Манзарали да­р­ахт­лар, райҳонлар экилган. Болалар учун ўйин қурилмалари ўрнатилган. Фаввора ва гулзорлар ташкил этилган.

— Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги биз учун қўшалоқ байрам бўлди, — дейди ушбу уй соҳибаларидан бири Нигора Ҳасанова. — Яқинда уч хонали уйга кўчиб ўтдик. Бу ерда барча шарт-шароит яратилган. Хоналар кенг, ёруғ, баҳаво. Ҳовлида оилавий сайр қиламиз, болаларимиз маза қилиб ўйнайди.

Мамлакатимизда ҳаёт сифати, аҳоли даромадлари ошиб бораётгани натижасида автомобиллар сони тобора кўпайиб бормоқда. Шунга мувофиқ йўл-коммуникация тармоқлари изчил ривожлантирилмоқда. Барча ҳудудларда янги йўллар қурилмоқда, мавжудлари кенгайтирилмоқда. Пойтахтимизда шаҳарнинг келгуси ривожи ҳам ҳисобга олинган ҳолда кенг ва равон йўллар, кўприклар бунёд этилмоқда.

Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилди. Нурафшон кўчаси Оқтепа майдонигача 4 километр узайтирилди ва Муқимий кўчасига уланди. Муқимий ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида замонавий кўприк барпо этилди. Ушбу чорраҳадан бошланган берк кўчанинг иккинчи томони Бобур кўчасига уланди. Шу тариқа пойтахтимизда яна бир айланма йўл барпо этилди.

Муқимий ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида илгари соатига меъёрдаги 6 минг ўрнига 11 минг 500 автомобиль, яъни қарийб икки баробар кўп транспорт ҳаракатланар эди. Оқибатда тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўларди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда эни 19 метр, узунлиги қарийб 1 километр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди. Муқимий кўчасининг ҳар бир йўналиши беш тасмали қилиб кенгайтирилди.

Янги кўприкнинг қурилиши нафақат ушбу чорраҳадаги тирбандликни бартараф этади, балки Бунёдкор, Чилонзор, Чўпонота, Қушбеги, Бобур кўчаларидаги қатновга ҳам ижобий таъсир қилади.

Ушбу иншоот «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприкқурилиш» трести томонидан бунёд этилган. Хорижнинг энг замонавий технологиялари ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланилган.

Кўприкнинг ёнида пиёдалар учун қарийб 90 метрлик битта, Оқтепа майдонида 48 ва 60 метрлик иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилган. Уларнинг усти ёпилган, атрофи бежирим панжара ва ойналар билан ўралган. Бу одамларни қишда ёғиндан, ёзда иссиқдан ҳимоялайди, атрофдаги манзарадан баҳра олишга имкон беради.

Бундай бунёдкорлик ишлари бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда. Йўллар кенгайтирилиб, кўприклар қурилмоқда. Транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун янада қулайлик яратиш мақсадида Тараққиёт кўчаси ҳам узайтирилди. Унинг Паҳлавон Маҳмуд ва Мирзо Улуғбек кўчалари билан туташган жойидан Оҳангарон кўчасигача Тошкент механика заводи ҳудуди орқали 3 километр янги йўл қурилди. Тараққиёт кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли чорраҳасидаги кўприк реконструкция қилинди.

Шу каби қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида пойтахтимиз янада кўркамлашиб, яшаш учун қулайликлар ортиб бораётир. Ўзбекис­тон «Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари» рейтингида жаҳон бўйича 44-ўринни, пойтахтимиз Тошкент Буюк Британиянинг «Economist» журнали бўлинмаси — Economist Intelligence Unit (EIU) компанияси эълон қилган рейтингда дунёнинг яшаш қулай бўлган шаҳарлари орасида 58-ўринни эгаллагани ҳам бунинг тасдиғидир.

Халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг, мамлакатимиз тараққиётининг ёрқин намойиши бўлган бундай замонавий иншоотлар, ободонлаштириш ишлари аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт даражасини янада оширишга хизмат қилади.

 

Анвар САМАДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.