30.08.2016

ОЛИМПИАДА ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОРЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Қаранг, фахрланинг ғурурланинг, улар халқимизнинг 13 нафар марду майдонлари, баҳодирлари!

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 23 августдаги фармойишига мувофиқ Олимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари пул мукофотлари билан тақдирланди.

Пойтахтимиздаги «Олимпия шон-шуҳрати» музейида 29 август куни Олимпиада ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг эркин ва озод, тинч-осойишта, фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши, фарзандларимизни баркамол инсонлар қилиб вояга етказишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам — Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигини кенг нишонланаётган шу кунларда ҳар биримизнинг дилимизда истиқлол берган буюк неъматларга шукроналик туйғулари жўш урмоқда.

Ватан — муқаддас, унинг халқаро майдонда обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш энг олий бахтдир. Ўзбекистон спортчилари XXXI ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, бутун дунё­га мардлик ва жасорат бобида улуғ зотларнинг муносиб ворислари эканини исботлади, халқимизнинг, ­Президентимизнинг ишончини оқлади, эркин ва обод ­Ватанимизнинг энг улуғ, энг азиз байрамига муносиб туҳфа ҳозирлади.

Ўзбек бокс мактаби вакиллари мазкур Олимпиадада мамлакатимиз спортчилари шижоат ва маҳоратда, куч ва салоҳиятда тенгсиз эканини намоён қилди. Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига Олимпия ўйинларининг дастлабки олтин медалини бокс бўйича вазни 49 килограмм­гача бўлган спортчилар беллашувида қатнашган Ҳасанбой Дўстматов келтирди. Ҳасанбой энг ёрқин жангларни олиб боргани учун Олимпия ўйинларининг энг яхши боксчиси сифатида Вэл Баркер кубоги билан тақдирланди.

— Бизни қўллаб-қувватлаб, ишонч билдирган халқимиз ва ­Президентимизга миннатдорлик билдирамиз, — дейди Ҳасанбой Дўстматов. — Бу ишонч бизни ғалаба сари руҳлантирди, кучимизга куч қўшди. Олимпия ўйинларида қўлга киритган олтин медалимни энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ватанимиз мус­тақиллигининг 25 йиллигига бағишлайман.

Фазлиддин Ғойибназаров вазни 64 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида, Шаҳобиддин Зоиров вазни 52 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда барча рақибларини енгиб, Олимпиада чемпиони бўлди.

— Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритаман, деб ният қилган эдим, — дейди Шаҳобиддин Зоиров. — Ниятимга етганимдан, нуфузли мусобақада Ватанимиз байроғини баланд кўтариш насиб қилганидан жуда бахтиёрман. Бундай улкан ютуқларимиз Президентимиз раҳнамолигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.

Ўз вазн тоифасида Бектемир Мелиқўзиев ва Шаҳрам Ғиёсов кумуш, Рустам Тўлаганов ва Муроджон Аҳмадалиев бронза медаль билан тақдирланди.

ХХХI ёзги Олимпия ўйинларининг энг муҳим воқеаларидан бири оғир атлетика баҳсларида рўй берди. Тажрибали оғир атлетикачимиз ­Руслан Нурудинов нуфузли мусобақада олтин медални қўлга киритиш билан бирга Олимпиада рекордини янгилаб, Ўзбекистон ёшлари нималарга қодир эканини бутун дунёга яна бир карра намоён қилди.

— Менинг ғалабам — бутун Ўзбекистоннинг ғалабасидир. Биз, ёшлар, озод ва обод юртда туғилиб вояга етганимиздан ва халқаро майдонда Ўзбекистон номидан мусобақага чиқаётганимиздан фахрланамиз, — деди Руслан ­Нурудинов. — Президентимиз ёшларга қарата маррани доимо баланд олинг, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас, ҳеч қачон кам бўлмайди, деган сўзлари қалбимизга муҳрланган. Президентимизнинг ушбу даъватлари бизни янги-янги марралар сари чорлайди.

XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши бўйича ўтказилган беллашувларида ҳам спортчиларимиз муваффақиятли иштирок этди. Диёрбек Ўрозбоев, Ришод Собиров, Элмурод ­Тасмуродов, Ихтиёр Наврўзов ва ­Магомед Ибрагимов Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига бронза медалларини тақдим этди.

Давлатимиз раҳбарининг фармойишига мувофиқ мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшлар ўртасида олимпиада ҳаракатини тарғиб этишдаги фаол иштироки, Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларидаги юксак спорт маҳорати ва мардлиги, халқаро спорт майдонларида Ўзбекистоннинг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга қўшган катта ҳиссаси учун спортчиларимиз бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланди. Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган спортчиларимизнинг ҳар бири 200 минг АҚШ доллари, кумуш медалга сазовор бўлган спортчиларнинг ҳар бири 100 минг доллар, бронза медални қўлга киритган спортчиларнинг ҳар бири 75 минг доллар билан мукофотланди.

Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизга «Malibu» автомобили ҳам берилди.

Ўзбекистон халқ артистлари О.Назарбеков, М.Азизов ва бошқалар спортчиларимизни Олимпия ўйинларидаги юксак муваффақияти билан табриклаб, келгуси нуфузли мусобақаларда омад тилади.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Р.Рўзиохунов, спортчилар Ҳ.Дўстматов, Р.Нурудинов, Б.Мелиқўзиев, Р.Тўлаганов ва Д.Ўрозбоев ­Президентимиз ­Ислом Каримовга мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган доимий эътибори учун самимий миннатдорлик билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

 

Байрам АЙТМУРОДОВ,

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

ЎзА мухбирлари.



DB query error.
Please try later.