25.08.2016

МАРРАНИ БАЛАНД ОЛГАН ЁШЛАРИМИЗ ҒАЛАБАСИ

23 август куни кечқурун Тошкент аэропортида XXXI ёзги олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Турли мамлакатларда ўтган нуфузли мусобақалардан ғолиб бўлиб қайтган спортчиларимизни Тошкентда тантанали равишда кутиб олиш анъанага айланган. Бошқача айтганда, бундай тадбирларга ҳамюртларимиз кўникиб кетишган. Аммо бугунги тантана ўзгача, унинг нуфузи, масъулияти, қувончи, шодликлари ҳам ўзгача. Бугун юртдошларимиз, ота-оналар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спорт мухлислари узоқ Бразилияда маҳорат, матонат ва жасорат кўрсатиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя этган чемпионларни, қаҳрамонларни кутиб олишмоқда.

...Эл-юрт ҳаяжон билан кутаётган самолёт келишидан 4-5 соат олдиноқ аэропорт гавжумлаша бошлади. Биринчилардан бўлиб олимпиячиларнинг ота-оналари, яқинлари, устозлари келишди. Имкониятдан фойдаланиб, улар билан суҳбатлашамиз.

— Ўғлимнинг финал жангини маҳалладошлар, қариндошлар билан йиғилиб томоша қилдик, — дейди Ҳасанбой Дўсматовнинг отаси Маъруфжон Ҳайитбоев. — Ҳасанбой икки раунд давомида чиройли жанг намойиш қилди. 3-раундга келганда чидай олмай қолдим, ишонасизми, вақт ўтмай қолди. Кўзимни юмиб олдим. Худо ярлақаган йигит экан, юртимизга олтин медаль билан қайтди.

— Ўғлим олимпиада ўйинларида сов­риндор бўлганидан бошим осмонга етди, — дейди Ришод Собировнинг онаси Гулнора Раҳматова. — Шу кунларга етказганига шукр. Ўғлимнинг олимпиада ўйинларида учинчи маротаба иштирок этгани, ҳар сафар сов­риндор бўлгани билан фахр­ланаман.

...Олимпиада ўйинларида олтин медални қўлга киритиш шараф. Агар бу натижага рекорд ўрнатиш орқали эришилса, унинг қадр-қиммати икки ҳисса ошади. Ҳамюртимиз Руслан Нурудинов ўзбек полвонининг кучини кўрсатди, олимпиада ўйинларининг рекордини янгилади.

Эътибор беринг, шу пайтгача Марказий Осиё спортчилари оғир вазнда рекорд ўрнатиш уёқда турсин, олимпиада ўйинларида бронза медалини ҳам қўлга кирита олмаган!

Ўғлим чемпион бўлган вақтдаги ҳаяжонимни сўз билан ифода қилиб бера олмайман, — дейди Руслан Нурудиновнинг онаси Гулчеҳра Нурудинова. — У рекорд ўрнатганда уйимизда шунақанги қийқириқ бўлдики, қўяверасиз. Руслан бундан бир неча йил олдин жаҳон чемпиони бўлиб келганида, оғир атлетикада охирги 20 йилда биринчи олтин медаль, деб олқишлашганди. Мана, энди у олимпиада ўйинлари олтин медалини қўлга киритиш билан бирга рекордни ҳам янгилашга эришди. Бу жуда улкан ғалаба. Президентимизга раҳмат. У киши томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларга жавобан фарзандларимиз ҳам жаҳон бўйлаб Ўзбекистон номини, унинг байроғини юксакларга кўтармоқда...

Болажоним мустақиллик тенгдоши, — дейди Рустам Тўлагановнинг онаси Санамхон Нурмуҳаммедова. У 10 ёшидан бокс билан шуғулланади. Олимпиадада беллашиш осон эмас. Бунинг учун болаларимиз қанчалик тер тўкканини, меҳнат қилганини она қалби билан сезиб турибман.

— Ўғлим «Рио — 2016» олимпиадасида бронза медалини қўлга киритганидан жуда хурсандман, — дейди Рустам Тўлагановнинг отаси Тўлқин Нурмуҳаммедов. — Спортчиларимизнинг бундай юксак натижаларни қайд этиши замирида, аввало, давлатимизнинг спортга берган юксак эътибори, ғамхўрлиги мужассамлашган. Рустам олимпиадага кетиши олдидан уйга келиб «Дуо қилинг, юртимизга медаль билан қайтай», деди. Оқ фотиҳа бериб кузатдим. Ғалаба қозониш учун бор кучингни сарфла, деб тайинладим. «Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига албатта медаль билан келаман», деб ваъда берди. Мана, сўзининг устидан чиқди.

...Спортда ютуқлар ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Бунинг учун аввало шароит, мустаҳкам моддий-техник база зарур.

Президентимиз ташаббуси билан 14 йил олдин ташкил этилган Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси қандай самара берганини Рио-де-Жанейро олимпиадаси натижалари ҳам кўрсатиб турибди.

Эътибор беринг, Рио олимпиадасида олтин медални қўлга киритган тўрт нафар спортчининг барчаси мус­тақиллик йилларида туғилган спортчилардир!

...2016 йилнинг 21 август санаси ҳеч юртдошларимизнинг ёдидан чиқмайди. 2016 йилнинг 21 август санасида ўзбекистонлик спортчилар 4 медални қўлга киритди. Иккита олтин ва иккита бронза медаллари бизни умумжамоа ҳисобида 21-ўринни эгаллашимизни таъминлади. 21 август куни 21-ўринга юксалдик.

Ўғлим ўн ёшидан буён бокс билан шуғулланади, — дейди Шаҳобиддин Зоировнинг онаси Роҳила Шарипова. — Фарзандимнинг олтин медали Ватанимизнинг 25 йиллик тўйига муносиб туҳфа бўлди. Мен ўғлимнинг мураббийлари Рустам Ашуров ва Жамшид Камоловга ўзимнинг миннатдорлигимни билдираман.

Финал жанги куни ҳаммамиз қаттиқ ҳаяжонландик. Ўғлим ғолиб бўлганидан кейин ўзи телефон қилди. Ўша кун ҳаётимдаги энг бахтли кун бўлди...

...Фазлиддин Ғойибназаров Лондон олимпиадасида ҳам кўпчилик мухлисларнинг меҳрини қозонганди. Ҳакамларнинг нохолис ҳаракатлари туфайлигина у совриндорлар сафидан жой ололмаганди. Ўшанда 21 ёш бўлган йигит навбатдаги олимпиадада шоҳсупага кўтарилишни ният қилган бўлса не ажаб.

Фазлиддин ярим финал жангида ўзининг эски рақиби, 2015 йилда Қатарда ўтказилган жаҳон чемпионати финалида учрашган россиялик Виталий Дунайцевга қарши рингга чиқди. Жаҳон чемпионатида ғалаба россиялик боксчига берилганди. Мана, энди улар олимпиада учрашишди... Дастлабки раундда ҳакамлар рақибнинг устунлигини қайд этган бўлса-да, кейинги раундларда ҳамюртимиз унга ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Финал жангида ҳам шу ҳолат такрорланди. Ҳакамлар 1-раундда озарбайжонлик боксчининг ҳаракатларини юқори баҳолади. Бироқ руҳий жиҳатдан тушкунликка тушмаган спортчимиз бор маҳоратини ишга солди ва олимпиада ўйинлари чемпиони бўлди!

Ўғлимнинг финал жангини ҳаяжон билан кузатдим, — дейди Фазлиддинннинг онаси Малоҳат Ғойибназарова. — Чунки Фазлиддин олтин медални қўлга киритса, умумжамоа ҳисобида 21-ўринга кўтарилардик. Ҳакам ўғлимнинг қўлини кўтарганида ўзимни қўярга жой топа олмадим. Ўғлимнинг биринчи мураббийи Аброр Турсунпўлатов «Фазлиддин иқтидорли бола», деганди. Мана, айтган гапи тўғри чиқди. Фазлиддин олимпиада ўйинлари ғолиби бўлди. Ишонсангиз, отаси финалгача бирор жангни кўргани йўқ. Кўчага чиқиб кетарди. Ҳар бир раунд тугаганда, натижани айтиб турардик. Шукр, юзимиз ёруғ бўлди.

...Ҳаяжонли дақиқалар. Ниҳоят самолёт зинапоясида Ватан қаҳрамонлари кўринди. Тантанали маросим бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Озодбек Назарбеков, Зулфия номидаги Давлат мукофоти сов­риндори, таэквондо (ITF) бўйича жаҳон чемпиони Дилбар Холжигитова, олимпиада ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўсматовнинг онаси Дилноза Ҳайитбоева Президентимизнинг спортга берган эътибори бугун ўз мевасини бераётганини алоҳида таъкидладилар. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг олимпиадачиларимизга бағишланган шеъри маросимга ўзгача руҳ бағишлади.

— Боксда жанг бошланиши билан рақибга руҳий босим ўтказишга ҳаракат қилинади, — дейди олимпиада ўйинлари ғолиби Ҳасанбой Дўсматов. — Мен шунга амал қилдим, ҳеч бир рақибимдан қўрққаним йўқ. Президентимиз бизга маррани баланд олинглар, деб айтган. Биз ўзбек спортчилари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини амалда исботладик.

— Спортчиларини бундай тантанали кутиб оладиган давлат ҳеч қаерда бўлмаса керак, — дейди олимпиада ўйинлари ғолиби Фазлиддин Ғойибназаров. — Узоқда бўлсак ҳам сизларнинг меҳрингизни доимо ҳис қилиб турдик. Бизни қўллаган Юртбошимизга, халқимизга раҳмат айтаман.

Рио Олимпиадасида юртимиз спортчилари нималарга қодирлигини дунёга намойиш қилди, — дейди олимпиада ўйинлари ғолиби Руслан Нурудинов. — Спорт мухлислари ва юртдошларимизга биз билан бирга бўлганликлари учун раҳмат. Давлатимиз раҳбарига эса алоҳида раҳмат айтаман.

— Биз қўлимиздан келганича юртимиз номини улуғлашга ҳаракат қилдик, — дейди олимпиада ўйинлари кумуш медали соҳиби Бектемир Мелиқўзиев. — Халқимизнинг ишончини оқлаб, жонажон юртимизга қайтганимиз билан фахрланамиз.

Спортчиларни кутиб олишга бағишланган тантанали маросимда жамоат ташкилотлари қаторида ЎзХДП Марказий Кенгаши вакиллари ҳам иштирок этди. Улар спортчиларга гуллар ва турли совғалар топширдилар.

— Олимпиада ўйинларини биз ҳам катта ҳаяжон билан кузатдик, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича сектор мудири Умрбек Бектемиров. — Спортчиларимиз эришган ютуқлар барчамизни хурсанд қилди. Улар Ўзбекистон чин маънода спорт мамлакати эканлигини бутун дунёга кўрсатишди. Куни кеча ўтказиладиган тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Келгусида Олимпия чемпионлари иштирокида қатор учрашувлар ўтказишни режалаштирганмиз.

...Олимпиада ўйинлари давомида фарзандимни спортга бераман, чемпион бўлиши учун бор кучимни ишга соламан, деган ота-оналар кўп бўлди.

Менинг ўғлим Муҳаммад Содиқ ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган. Аэропортдан туриб уйга қўнғироқ қилсам, спортчиларни кўриш учун онаси билан кўчада туришган экан. Ўша лаҳзаларда ният қилдим: йигирма йилдан кейин менинг ўғлим ҳам худди шу спортчиларга ўхшаб олимпиада ўйинлари ғолиби бўлсин!..

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.