25.08.2016

МЕҲР-ОҚИБАТ, ҲАМЖИҲАТЛИК

ижтимоий бирдамликни кучайтиради

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мустақиллигимизнинг 25 йиллигини муносиб нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, ўтган вақт мобайнида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар сиёсий партиялар фаолиятини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Бугун улар нафақат сиёсий жараёнлар, балки ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизга дахлдор масалаларни ҳал қилишда, умуман, жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлашга ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Кучли ижтимоий ҳимоя — асосий мақсадимиз» акциясини ўтказмоқда.

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида июль-август ойларида ташкил этилган мазкур акция бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, «Нуроний» жамғармаси, Ногиронлар жамияти вакиллари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, минтақавий партия кенгашлари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев акциянинг мазмун-моҳияти, ҳудудларда ўтказилган тадбирлар хусусида оммавий ахборот воситалари ходимларига батафсил ахборот берди.

— Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш долзарб масала ҳисобланади, — деди у. — Шунинг учун мамлакатимизда инсон манфаатини ҳимоя қилиш, одамлар муносиб турмуш кечириши учун қулай шароит яратиш, пенсионерлар, имконияти чекланган кишилар, кам таъминланган оилаларга эътибор кўрсатиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон ХДП ташкилотлари, барча даражадаги партия гуруҳлари фаол иштирок этишга ҳаракат қиляпти. Партиямиз Дастурида ижтимоий ҳимоя бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Шу асосда қатор лойиҳа ва ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жорий йил июль ойидан бери ўтказиб келинаётган «Кучли ижтимоий ҳимоя — асосий мақсадимиз» акцияси бу борадаги амалий ишлардан биридир. Ушбу тадбир Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларни ўйлантираётган ижтимоий масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаяпти.

Акция туман ва шаҳарлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри бўйича уч босқичда ташкил этилмоқда.

Жойларда ўтказилган тадбирларда 6000 нафарга яқин кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз кекса ҳамда ногиронлар ҳолидан хабар олинди. Таъмирга муҳтож уйларга қурилиш материаллари етказиб беришда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунинг­дек, «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари томонидан хонадонларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан кам даромадли оила фарзандларининг тўйлари ўтказиб берилди. Тошкент вилоятида 540 хонадондан хабар олинди. Самимий суҳбатлар чоғида электорат вакилларини ўй­лантираётган масалалар ҳам аниқланиб, уларни ҳал этиш чоралари белгиланди.

Умуман, республикамизнинг барча ҳудудларида акция кўтаринки руҳда ўтказилди. Мустақиллик байрами арафасида юртимиздаги ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг кайфиятини кўтариш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашда бу муҳим аҳамият касб этади.

— Жамғармамиз Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйган, — дейди «Нуроний» жамғармаси Марказий Кенгаши раиси Шуҳрат Усмонов. — Айниқса, партиянинг якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олишга, уларнинг кўнглини кўтаришга, мадад бўлишга қаратилган бир қатор тадбирлари ташкилотимиз билан ҳамфикр ва ҳаммаслакликда ўтказиб келинмоқда. Бундан нуронийларимиз жуда ҳам мамнун. Акция доирасида хонадонларда бўлганимизда бунга амин бўлдик. Бундан кейин ҳам ҳамкорликка тайёрмиз.

Матбуот анжуманида электорат вакиллари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Чирчиқ шаҳрида истиқомат қиламан, — дейди Гулнора Байлиева. — Яқинда партиянинг Тошкент вилоят кенгаши вакиллари, депутатлар, фаол ёшлар, бир гуруҳ ташкилотчилар бизнинг хонадонимизда ҳам бўлишди. Кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Юртимизда олиб борилаётган эзгу ва хайрли ишлар ҳақида суҳбатлашдик. Айниқса, партиянинг фаол ёшлари хонадонимизни ободонлаштиргани бизни қувонтирди. Бу каби хайрли тадбирларни ташкил этишгани учун партия фаолларига раҳмат.

— Юнусобод туманидаги «Туркистон» маҳалла фуқаролар йиғини раисиман, — дейди Омонулла Нурхўжаев. — Акция доирасида партия фаоллари билан тумандаги имконияти чекланган фарзандлари бор оилалар, якка-ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар хонадонларига бордик. Юртдошларимиз бугунги дориламон кунларга шукроналик кайфиятида яшаётганликлари, мамлакатимизда инсон манфаати, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун эканини таъкидлашди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакилларига миннатдорчилик билдиришди.

Тадбир давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Акция доирасидаги тадбирлар жойларда давом этмоқда.

 

Гулруҳ ТОШМАТОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.