23.08.2016

МУСТАҚИЛ ДАВЛАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАЯНЧИ

Мустақил давлат қуриш ҳар қандай миллат ва элатга ҳам насиб этавермайди. Дунёда 1600 дан ортиқ этник гуруҳ яшаётгани ҳолда икки юзга яқин давлат борлиги фикримиз далилидир. Яна бир жиҳати жаҳонда номи мустақил бўлса-да, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан бошқаларга қарам, ҳатто ўз чегараларини ўзи қўриқлай олмайдиган мамлакатлар ҳам бор.

Юртбошимизнинг қатъияти туфайли 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, 1990 йил 24 мартда мамлакатимизда президентлик институти жорий этилгани истиқлол йўлида ташланган дастлабки жиддий қадамлар бўлганини бугун яхши биламиз.

Президент лавозими жорий этилганидан сўнг қабул қилинган дастлабки фармонлар асосан ижтимоий ҳимоя, давлат органларини ташкил этиш, айрим тузилмаларни қайта тузиш, миллий қадриятларни тиклаш каби масалалар билан боғлиқ бўлди. Чунки халқнинг руҳиятини кўтариш, фақат хомашё етказиб беришга асосланган бирёқлама иқтисодий сиёсатнинг ҳалокатли таъсири оқибатида қолоқ ва ночор ҳолатга тушиб қолган аҳоли қатламларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, эртанги кунга ишончини оширишга эҳтиёж катта эди. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кўп болали оналарга тўланадиган нафақа миқдорларини ошириш тўғрисида»ги 1990 йил 3 майда қабул қилинган Фармонини эслаш жоиз. Шунинг­дек, уруш қатнашчиларига қўшимча имтиёзлар бериш (07.05.1990), бошланғич синф ўқитувчиларининг иш ҳақини ошириш (02.06.1990), қишлоқ аҳолисини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлашни яхшилаш (28.07.1990), Президент ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси тузилмаси (15.11.1990), умумхалқ байрами — Нав­рўзни ўтказишга тайёргарлик кўриш (12.02.1991), Диний байрам «Қурбон ҳайити»ни дам олиш куни деб эълон қилиш (20.06.1990), Республика Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш (06.09.1991), республика Давлат хавфсизлиги қўмитасини тугатиш ва Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини тузиш (26.09.1991), прокуратура органлари тўғрисида (08.01.1992), Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги (08.01.1992) каби фармонлари айни шу даврда имзоланди. Булар жуда муҳим аҳамиятга эга масалалар эди.

Мустақиллик ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини берди. Бу ҳуқуқнинг моҳиятида адолат, тенглик ва эркинлик мужассам. Мустақиллик — ўзбек халқининг иззатини жойига қўйиш имкониятини яратди. Мустақиллик ўз миллий давлатимизга эга бўлиш, қаернинг фуқаросисан, деса ғурур ва ифтихор ила гўзал ва бетакрор, жаннатмакон Ўзбекистоннинг, деб жавоб бериш, она тилимизда эркин гапириш, хоҳлаган давлатга бориш, ўқиш, таълим олиш, керак бўлса, Ўзбекистон байроғи остида Олимпия ўйинлари ва бошқа халқаро спорт тадбирларида қатнашиш, ҳеч қандай таъқибдан қўрқмасдан хусусий мулкка эга бўлиш, маънавиятимизни, тарихимизни тиклаш, ўзимиз хоҳлаган динга бемалол эътиқод қилиш, фикримизни эмин-эркин баён қилиш, аввалгидек фақат бир партияга эмас, балки ўзимиз хоҳлаган, бизнинг манфаатларимизни ифода этадиган сиёсий партияга аъзо бўлиш ҳуқуқини берди.

Ислоҳотлар муваффақиятини таъминлаш учун, энг аввало, ҳуқуқий асос мустаҳкамланди. Жамиятимизнинг асосий қоидалари, унинг сиё­сий, иқтисодий ва маънавий йўналишлари белгилаб берилган Конституциямиз ҳам ана шу асосга қурилди. Ишонч­ли қонунчилик базаси барпо этилиб, бутун давлат тузилмаси ўзгартирилди. Эски маъмурий-буйруқбозлик тизимига мослашган бошқарув органларини тугатишга оид қонун ҳужжатлари қабул қилинди, янги давлатчиликнинг сиёсий-ҳуқуқий, конституциявий асослари яратилди.

Бундай қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга кучли эҳтиёж, Юртбошимиз қайд этганидек, қуйидагиларда намоён бўлди: биринчидан, илгари амал қилиб келган қонунлар аввалги тоталитар тузум манфаатларига қаратилганди. Бошқариш ва хўжалик юритишнинг маъмурий-буйруқбозлик усулларини ёқлайдиган, ишлаб чиқариш воситаларининг умумдавлат мулки бўлишини тан оладиган, хусусий мулк ҳуқуқини, эркин рақобатни батамом истисно этадиган, бозор иқтисодиёти қонунларининг амал қилишини чеклаб қўядиган қоидалар расман мус­таҳ­камлаб қўйилган эди.

Иккинчидан, илгари Ўзбе­кистонда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳаммаси умум­иттифоқ талабларига батамом мослаштирилган бўлиб, республикамизнинг ўзига хос минтақавий хусусиятларини ҳисобга олмас эди. Қабул қилинадиган кўпгина қарорлар, аслини олганда, эклектик руҳида бўлиб, ҳақиқий шарт-шароитдан узилиб қолган, баъзан эса республиканинг миллий хусусиятларига ва анъаналарига, манфаатларига зид бўлар, унинг ҳуқуқларини камситар эди. Натижада иқтисодиётда ҳам, ижтимоий-маънавий соҳада ҳам жиддий номутаносибликлар, бузилишлар юз бердики, буни тезроқ бартараф этиш талаб қилинди.

Мустақилликни қўлга киритгандан кейин Ўзбекистон ёш давлат сифатида ўз халқи­нинг манфаатларига мос келадиган янги қонунчилик асосларини ишлаб чиқиши ва қабул қилиши зарур эди. Шу жиҳатдан энг катта ютуқларимиздан бири бу — миллий қонунчилик мактабимиз шакл­ланганидир.

Ниҳоят, учинчидан, биз янгиланиш ва тараққиётда ўз йўлимизни, иқтисодиётни ислоҳ қилишда ўз моделимизни танлаб олдик. Шу сабабли бошқа мамлакатларнинг қонун меъёрлари ва ҳужжатларидан фойдаланиш, ҳатто улар айнан бозор муносабатларига жавоб берса ҳам, биз учун номақбул эди. Биз жаҳондаги демократик меъёрлар ва бозор иқтисодиёти тамойиллари аллақачон таркиб топиб бўлган кўпгина мамлакатларнинг қонун чиқариш соҳасидаги тажрибасини кенг ўргандик. Бу иш бизга хатоларни такрорламаган ҳолда, янгиланган жамият қуриш хусусият­ларини ҳисобга олиб, ғоят қисқа муддат ичида пухта замонавий қонунчилик негизини шакллантириш, ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича ўз механизмимизни ишлаб чиқиш имконини берди. Қабул қилинаётган кўпгина қонунлар дастлаб таниқли халқ­аро юридик ташкилотларда ва мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилди. Уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан етуклиги, умум қабул қилинган талаблар ҳамда қоидаларга мослиги юксак баҳоланди.

Ҳозирга келиб, мустақилликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 650 дан ортиқ қонун қабул қилинди. Улар олтита йўналишда ўз аксини топган.

Биринчи йўналиш давлат мустақиллигининг ҳуқуқий негизларини яратиш, дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaрувининг қоидаларини тартибга солувчи қонунларни қабул қилиш билан боғлиқ бўлди. Ана шу йўналиш доирасида давлат мустақиллигининг асослари, давлат тили, байроғи, мад­ҳия­си, герби, чегараси, фуқаролик, референдум, Oлий Maжлисгa, хaлқ дeпутaтлaри ви­лoят, тумaн вa шaҳaр Кeнгaш­лaригa, Прeзи­дeнт­ликка сaй­лoв, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги тарихий аҳамиятга эга бўлган қонунлар қабул қилинди.

Иккинчи йўналиш ижтимоий соҳага қаратилиб, таълим, фуқаролар соғлиғини сақлаш, давлат пенсия таъминоти, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш, одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш, аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш, аҳолининг эпидемиологик осойишталиги, аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси, йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар, ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари, васийлик ва ҳомийлик, бола ҳуқуқларининг кафолатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги муҳим қонунлар қабул қилинди.

Ижтимоий ҳимояга оид қонун ҳужжатлари самараси ўлароқ, юртимиздаги 10 фоиз таъминланган ва 10 фоиз етарлича таъминланмаган аҳоли даромадлари ўртасидаги фарқ, яъни «децил коэффиценти» деб ном олган кўрсаткич барқарор пасайиш тенденциясига эга бўлиб, бу рақам 2010 йилдаги 8,5 фоиз ўрнига 2015 йилда 7,7 фоизни ташкил этди. Даромадлар ўртасидаги фарқни ифода этадиган яна бир халқаро кўрсаткич — Жини индекси мамлакатимизда 2010 йилдаги 0,390 ўрнига 2015 йилда 0,280 ни ташкил этди ва бу натижа дунёнинг кўплаб иқтисодий ривожланган ва ривожланаётган давлатларига қараганда анча яхшидир. Кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 мингта чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. 

БМТ ҳомийлигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ва халқ­аро экспертлар иштирокида 2015 йилда 158 давлатда «Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари» деган мавзуда ўтказилган тадқиқотда Ўзбекистон 44-ўринни эгаллади.

Учинчи йўналиш иқтисодий соҳадаги қонун ҳужжатлари, хусусан, тизимдаги ўзгаришларга, сифат жиҳатидан янги иқтисодий муносабатларга, энг аввало, мулкчилик муносабатларига асос соладиган қонунлар мажмуини яратишни ўз ичига олди. Парламент томонидан қабул қилинган ана шундай базавий, яъни асосларни белгилаб берувчи қонунлар жумласига мулкчилик, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, ижара, акция­дорлик жамиятлари ва акция­дорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қимматли қо­ғозлар бозори, аудиторлик фаолияти, микрокредит ташкилотлари, микромолиялаш, банклар ва банк фаолияти, банк сири, тижорат сири, кредит ахбороти алмашинуви, ипотека, истеъмол кредити, биржалар ва биржа фаолияти, лизинг, гаров, гаров реестри, банкротлик, баҳолаш фаолияти, суғурта фаолияти, бухгалтерия ҳисоби, валютани тартибга солиш, фермер хўжалиги, деҳ­қон хўжалиги, рақобат, риэлторлик, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқ­ларининг кафолатлари, оилавий тадбиркорлик, ташқи иқтисодий фаолият, эркин иқтисодий зоналар, инвестиция фаолияти, чет эл инвестициялари, чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари, инвестиция ва пай фондлари, концессия­лар, фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш, электрон ҳукумат, электрон тижорат, электрон тўлов, электрон ҳужжат айланиши, электрон рақамли имзо каби қонунлар, Фуқаролик, Бюджет, Солиқ, Божхона, Меҳнат, Ер кодексларини киритиш мумкин.

Ушбу қонун ҳужжатлари ижроси самараси ўлароқ ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда, мамлакатимиз суверенитетининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган энг муҳим стратегик дастурлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ғалла, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация соҳаларидаги мус­тақиллигини таъминлаш, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, замонавий корхоналар барпо этиш, уларни илғор техника ва технологиялар билан жиҳозлаш борасида улкан муваффақиятларга эришмоқдамиз. Иқтисодиётда саноатнинг улуши 34 фоизга етди, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Мус­тақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошди, олтин-валюта захираларимиз барқарор суръатлар билан кўпайиб бормоқда.

Тўртинчи йўналиш суд-ҳуқуқ соҳасини қамраб олди. Бу борада судлар, прокуратура, адвокатура, адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси, нотариат, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, одам савдосига қарши курашиш, жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш, суд экспертизаси, тезкор-қидирув фаолияти, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисидаги қонунлар, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодекслари қабул қилинди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, АҚШдаги Гэллап институти томонидан «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» деган мавзуда 2015 йилда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 давлат орасида 2-ўринни эгаллади.

Бешинчи — фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш йўналишида жамоат бирлашмалари, нoдaвлaт нoтижoрaт тaш­килoтлaр, оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар, давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, сиёсий партияларни молиялаштириш, касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари, нoдaвлaт нoтижoрaт тaш­килoтлaри фaoлиятининг кa­фoлaтлaри, жaмoaт фoнд­лaри, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови, ижтимоий шериклик, экологик назорат, ҳoмий­лик тўғрисидаги каби қонунлар қабул қилинди. Соҳа ривожига қаратилаётган эътибор самарасида бугунги кунда бундай тузилмаларнинг сони 8 минг 500 дан ошди.

Олтинчи, яъни мудофаа ва хавфсизлик, ташқи сиё­сат йўналишида мудофаа, умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат, Қуролли Кучлар резервидаги хизмат, фуқаро муҳофазаси, қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми, терроризмга қарши кураш, радиациявий хавфсизлик, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги, хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги, аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қи­л­иш, давлат сирларини сақлаш, махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити, халқ­аро шартномалар, дипломатия ходимлари учун дипломатия даража ва мартабаларини белгилаш, Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисидаги каби қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик ва Ташқи сиёсий фаолияти концепциялари тасдиқланди.

Мазкур қонун ҳужжатлари ижроси ўлароқ, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Хавфсизлик тизими самарали йўлга қўйил­ганлиги боис, 2014 йилда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича жаҳондаги етакчи беш мамлакат қаторидан ўрин олди.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, қабул қилган қонунларимиз ҳамда уларнинг асосида эришган ютуқларимиз ўзимизники. Айни пайтда олдимизга қўйган олий мақсад — гўзал ва бетакрор, муқаддас Ватанимиз Ўзбекистонимизни энг тараққий топган давлатлар қаторига кириши учун мустаҳкам ҳу­қуқий асос бўладиган қонунчиликни янада такомиллаштириш тўхтовсиз жараён эканлигини унутмаслигимиз керак.

 

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Самира САИД-ГАЗИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси мустақил изланувчилари, юридик фанлар номзодлари.



DB query error.
Please try later.