23.08.2016

КИНЕМАТОГРАФИЯ:

ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш — давр талаби

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридан маданий-гуманитар соҳада ижтимоий тенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, истеъдодли йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалалар ўрин эгаллаган. Шу маънода, ёш авлодни ватанпарварлик, ота-онага ҳурмат, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашда кино санъати муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу санъат тури изчил ривожланиб бормоқда. Мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш зарурати юзага келди.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Кинематография тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ билан қонун лойиҳасини яратишдан кўз­ланган асосий мақсад, унинг соҳа ривожидаги аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

— Кинематография тўғрисида қонун қабул қилинишига қандай эҳтиёж бор? Шу кунгача мазкур соҳа қандай ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинар эди?

— Кино санъати инсон онги ва тафаккурига, жа­мият ҳаётига кучли таъсир кўрсатувчи восита ҳисобланади. Шунингдек, у миллий маънавиятимизни юксалтириш, одамларнинг дунёқарашини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Энг аввало, шуни айтиш керакки, ҳозирда қонун ло­йиҳаси ишлаб чиқилиш жараёнида. Яъни, унинг концепцияси яратилган.

Мустақиллик йилларида соҳанинг ҳуқуқий базаси, иқтисодий имкониятлари шакллантирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 16 мартдаги «Кинематография соҳасида бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони асосида республикада кинематография фао­лия­ти янги босқичга олиб чиқилди. Фармонда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, изчиллик билан ижросини таъминлаш борасида ҳукуматнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди.

Бугунги кунда йилига 15 бадиий фильм, 40 қисмдан иборат 20 ҳужжатли ва илмий-оммабоп, 10 мультипликацион кинофильм ва 60 соатлик маънавий-маърифий, ўқув-услубий видеофильмлар ишлаб чиқариш учун давлат бюджетидан маблағ йўналтирилиши кино санъатини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқилиш жараёнида 2015 йилда Қонунчилик палатасидаги Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан 2000 йилгача қабул қилинган қонунлар тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди. Шунингдек, қонун билан тартибга солинмаган соҳалар аниқланди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилди. Натижада кинематография соҳасида бир қатор ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги кўзга ташланди. Хусусан, инвентаризация натижаларига кўра, кино соҳасидаги муносабатлар турли ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланганлиги, тарқоқлиги туфайли уларни қўллашда муаммолар келиб чиқаётгани аниқланди.

Айниқса, замон қаҳрамони образини яратиш, миллий кино маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш учун халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, хорижий кинокомпаниялар ва киноижодкорлар билан алоқаларни янада кенгайтириш масалаларида ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш лозимлиги ойдинлашди. Соҳада кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги муаммолар, маҳсулот (товар)ни давлат рўйхатидан ўтказиш ва намойиш қилишга рухсат беришдаги нормативларнинг мавжуд эмаслиги ва яна бир қатор ҳуқуқий муаммолар қонун ишлаб чиқиш заруратини кўрсатди.

Шунингдек, «кинематография ташкилоти», «кинематография фаолияти» тушунчаларига ҳуқуқий мақом берилмаганлиги, мулкий ҳуқуқ эгаларининг ҳимояси, аудиовизуал асарларни тайёрлаш, тарқатиш, уларни реализация қилишда бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

— Қонун лойиҳасида кинематография соҳасидаги асосан қайси муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш кўзда тутиляпти?

— Қонун лойиҳаси соҳани тўлиқ тартибга солиши керак. Биринчи навбатда, соҳада давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли органнинг, шунингдек, соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи ваколатли органларнинг вазифалари белгиланиши назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, киномаҳсулотларни ишлаб чиқиш, тарқатиш, сотиш, кўпайтириш, қайта тайёрлашдаги муносабатларни тартибга солувчи, нодавлат киностудияларни ривожлантиришга қаратилган, давлат буюртмасини олиш тартиблари каби нормалар киритилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, кино маҳсулотлар, аудиовизуал асарларни яратишда ва фойдаланишда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш, халқаро алоқалар, кинематографияда кадрлар тайёрлаш масаласи каби нормаларни белгилаш назарда тутилган. Умуман, кино ва кино маҳсулотларини ишлаб чиқишда ҳар қандай ҳолат қонун билан тартибга солиниши лозим.

Қонун лойиҳасида ушбу соҳада бирон бир ҳуқуқий муносабатларни чегаралаш ёки ижод қилишни таъқиқлаш билан боғлиқ нормалар белгиланмайди. Лекин зўравонлик, порнография, ёшлар онгини бузувчи, маънавиятимизга таҳдид солувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сотиш, тарқатиш қонун билан таъқиқланиши ва унга жавобгарлик борлиги аниқ кўрсатилиши лозим.

— Дарҳақиқат, кино санъати жамиятдаги муносабатлар, айниқса, ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутади. Шу маънода қонун лойиҳасида мазкур жиҳатлар қай даражада эътиборга олинади?

Фикрингизга қўшиламан. Баркамол авлодни тарбиялашда мусиқа, кино ва театр санъатининг ўрни беқиёсдир. Президентимиз «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида «Биз бугунги кунда таълим-тарбия соҳасидан бошлаб, матбуот, телевидение, интернет ва бошқа оммавий ахборот воситалари, театр, кино, адабиёт, мусиқа, рассомлик ва ҳайкалтарошлик санъатигача, бир сўз билан айтганда, инсоннинг қалби ва тафаккурига бевосита таъсир ўтказадиган барча соҳалардаги фаолиятимизни халқнинг маънавий эҳтиёжлари, замон талаблари асосида янада кучайтиришимиз, уни янги бос­қичга кўтаришимиз зарур», деб таъкидлаган эди.

Ҳақиқатан ҳам, кино соҳасида ижод қилаётган ҳар қандай инсон биринчи нав­батда яратган маҳсулотининг тарбиявий аҳамиятига эътибор қаратиши лозим. Тайёр аудиовизуал асар, бу — санъат намунасидир. Балки, ишлаб чиқариш жараёнини биз киносаноати, киноиндустрияси ёки тадбиркорлик, деб олишимиз мумкин. Лекин тайёр маҳсулот энди жамиятга хизмат қилиши, маънавиятни юксалтиришга ҳисса қўшадиган санъат дурдонаси бўлиши керак. Шунинг учун қонун лойиҳасида миллий маънавиятимиз, жаҳон классикаси, замонавий қаҳрамонларни яратиш билан боғлиқ жиҳатларга жиддий эътибор қаратиляпти. Бу эса кинематография соҳасини янада ривожлантиришга, тарбиявий аҳамиятини оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Албатта, бугунги кунда хусусий киностудиялар фаолияти кенга­йиб бормоқда. Айтингчи, қонун лойиҳасида бу масала ҳам эътиборга олинадими?

— Жаҳон тажрибасига эътибор қаратадиган бўл­сак, хусусий киностудияларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши жуда муҳим аҳамиятга эга. Лекин бу уларга мутахассис бўлмасдан туриб маҳсулот яратиб, оммага тарқатиш имконини бериш дегани эмас, албатта. Қонун лойиҳасида хусусий, нодавлат кино ташкилотларини ривожлантиришга қаратилган нормалар белгиланади.

Бироқ хусусий кино­студияларда олинаётган фильм­лар, яратилаётган кино маҳсулотлари, ундаги талқин этилаётган образларни яратиш кўп жиҳатдан мутахассисларга боғлиқ. Шу боис соҳада кадрлар тайёрлаш масаласи устувор йўналишлардан бири бўлиб қолади. Қонун лойиҳасидаги меъёрлар албатта давлат ва нодавлат кино­студия­ларда бир хилда қўлланилади. Демак, кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришга бўлган талаб ягона бўлади.

Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, қонун ло­йиҳасини мукаммал ишлаб чиқиш мақсадида Қо­нун­чилик палатасидаги Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳам­да «Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамкорлигида кўплаб семинарлар, мулоқотлар ташкил этилмоқда. Соҳани ҳуқуқий тартибга солиш бўйича киноижодкорлар томонидан ҳам таклифлар келиб тушмоқда. Сайловчиларнинг фикрлари ўрганиляпти. Йил охирига қадар қонун лойиҳасини пишиқ-пухта қилиб тайёрлаш режалаштирилган.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ суҳбатлашди. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: