Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
23.08.2016

ХАЛҚИМИЗНИНГ ФАХРИ ВА ИФТИХОРЛАРИ

Рио-де-Жанейро (Бразилия)да 5 — 21 август кунлари ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари тўрт олтин, икки кумуш ва етти бронза медалига сазовор бўлди.

(Суратларда: олимпиаданинг сўнгги кунларида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамюртларимиз).

Бутун дунё аҳлини ҳаяжону ҳайратга солган спорт байрами поёнига етди. XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ер куррасининг 206 мамлакати, шунингдек, Халқаро Олимпия қўмитаси ташаббуси билан тузилган Мустақил (нотинч давлатлар спортчиларидан иборат) терма жамоалар қатнашди. Спортнинг 33 тури бўйича ўн бир мингдан зиёд спортчи 306 медаллар жамланмаси учун кураш олиб борди.

Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик тўйига катта ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда Ўзбекистон спортчилари энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб совға туҳфа этдилар. XXXI ёзги Олимпия ўйинларида жами 70 нафар ҳамюртимиз, жумладан, 23 хотин-қиз спортнинг академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши турлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш қилишди. 

Рио-де-Жанейро олимпиадасида жами 87 давлат вакиллари медалларни қўлга киритишга эришди. Олтин медалга сазовор бўлганлар янада кам — 59 мамлакат. Аҳолиси салкам 1 миллиард 300 миллион бўлган Ҳиндистондан Рио-де-Жанейро олимпиадасида 124 нафар спортчи қатнашди. Аммо улардан бирортаси Олимпия чемпиони бўла олмади. Ёки охирги йилларда дунёда спорт салоҳияти тобора ортиб бораётган Португалия номидан 92 спортчи майдонга тушди ва атиги бир нафари бронза медали билан тақдирланди.

Агар бу каби кўрсаткичларни ҳамюртларимизнинг XXXI ёзги Олимпия ўйинларида эришган натижалари билан қиёсласак, Ўзбекистон спортчиларининг қўлга киритган ютуқлари нечоғли салмоқли эканлиги янада ойдинлашади.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, спорт оламидаги ҳар қандай ютуқ ўз-ўзидан келмайди. Спорт майдонларида эришиладиган ютуқлар — аввало шу йўлда тинимсиз интилиб, курашиб яшайдиган инсоннинг ютуғи, айни вақтда шу инсонни тарбиялаб вояга етказган жамиятнинг ютуғидир. Маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда спортнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилди. 2002 йилда ташкил қилинган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий спорт иншоотлари барпо этилди. Бугунги кунда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг қарийб 60 фоизи спорт секцияларига қатнашмоқда.

Истиқлол шарофати билан мамлакатимизда олимпия ҳаракати кенг тус олди. «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақаларидан иборат уч бос­қичли спорт ўйинлари мунтазам ташкил этилмоқда. «Кичик олимпиада» мақомини олган бу мусобақалар бугун истеъдодли ёшларни топиш ва қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бера бошлади. Буни Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида муносиб қатнашиб, юксак ғалабаларни қўлга киритаётган спортчиларимиз мисолида кўриб, билиб турибмиз.

Мисолларга эътибор қаратайлик. 1996 йилда АҚШнинг Атланта шаҳрида ўтган ёзги Олимпия ўйинларида бир кумуш, бир бронза медалини қўлга киритган эдик. Орадан тўрт йил ўтиб, Сидней олимпиадасида спортчиларимиз бир олтин, бир кумуш ва икки бронза медалига сазовор бўлишди. 2004 йилги Афина олимпиадасида ҳамюртларимиз икки олтин, бир кумуш ва икки бронза медали билан тақдирландилар. Пекинда ўтказилган 2008 йилги ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари бир олтин, икки кумуш ва уч бронза медалини қўлга киритишди. Бундан тўрт йил муқаддам Лондонда ўтказилган олимпиадада вакилларимиз бир олтин ва икки бронза медали билан юртимизга қайтишганди.

Бу гал Рио-де-Жанейро олимпиадасида эса Ўзбекистон спортчилари жами 13 (тўрт олтин, икки кумуш ва етти бронза) медални қўлга киритиб, 207 жамоа спортчилари орасида 21-ўринни эгаллади. МДҲ мамлакатлари ўртасида ҳамюртларимиз Россия спортчиларидан кейин иккинчи, Осиёда эса Хитой, Япония ва Жанубий Корея вакилларидан сўнг тўртинчи поғонани эгаллаганининг ўзи юртимиз спорт салоҳияти нечоғли ўсганлигини тасдиқлаб турибди.

 Олимпиячиларимиз XXXI ёзги Олимпия ўйинларига «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган шиорни қалбига жо қилиб, бўлажак беллашувларда юксак натижаларни қўлга киритишга ва энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб туҳфа билан қайтишга аҳд қилиб, йўлга отланишган эди.

Рио-де-Жанейро олимпиадасида истеъдодли «чарм қўлқоп» усталаримиз Ҳасанбой Дўсматов (49 кг), Шаҳобиддин Зоиров (52 кг), Фазлиддин Ғойибназаров (64 кг), оғир атлетикачимиз Руслан Нурудинов (105 кг) олтин, боксчиларимиз Шаҳрам Ғиёсов (69 кг), Бектемир Мелиқўзиев (75 кг) кумуш, дзюдочиларимиз Диёрбек Ўрозбоев (60 кг), Ришод Собиров (66 кг), юнон-рум курашчимиз Элмурод Тасмурадов (59 кг), боксчиларимиз Рустам Тўлаганов (91 кг), Муроджон Аҳмадалиев (56 кг), эркин курашчиларимиз Ихтиёр Нав­рўзов (65 кг), Магомед Ибрагимов (97 кг) бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон спорт делегацияси ютуғига муносиб ҳисса қўшдилар. Олимпия чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлган полвонимиз Руслан Нурудиновнинг оғир атлетика бўйича олимпиада рекордини янгилагани кўксимизни янада фахр ва ифтихорга тўлдирди.

Юртимизнинг музаффар фарзандлари ғалабалари шарафига Ватанимиз байроғи баланд кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янгради. Улар шоҳсупага кўтарилганида, қалбимиз олам-олам ҳаяжонга тўлди, кўзларимизга қувонч ёшлари қалқди. Ҳамюртларимизнинг эришган юксак натижалари бутун мамлакатимиз бўйлаб байрам қилинмоқда.

— Фарзанди камолини, бахту саодатини кўриш она учун энг улуғ бахт. Унинг ортидан олқишлар олиш, Ватанга хизмати учун бутун элдан раҳматлар эшитишнинг қувончини таърифлаб беролмайман. Ўғлимнинг ғалабасидан бутун Ўзбекистон халқи фахрланаётганини кўриб бошим кўкка етмоқда, — дейди Олимпия чемпиони Руслан Нурудиновнинг онаси Гулчеҳра опа. — Ўғлим болалигида мана, кўрасиз ая, мен албатта жаҳон ва Олимпия чемпиони бўламан, дерди. Президентимиз раҳнамолигида ёш авлод камолотига қаратилаё­т­ган доимий эътибор ва ғамхўрлик фарзандимнинг орзу-ниятлари ижобат бўлишига замин яратди. Ўғлимнинг Олимпия ўйинларидаги ғалабаси уни вояга етказган, тарбиялаган, истеъдодини юзага чиқарган мустақил Ўзбекистон ғалабасидир. 

Бундай ғалабалар ўз-ўзидан қўлга киритилмайди, албатта. Булар аввало, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имконият яратилгани, профессионал спортчиларни тарбиялаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. 

Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлганлигини эътироф этиш даркор. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар, спорт федерациялари томонидан изчил ишлар олиб борилди. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш учун қатор ташкилий ишлар амалга оширилди. Янги бошқарма ва бўлимлар ташкил этилди. Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қўмитанинг ҳудудий вакиллари фаолияти йўлга қўйилди. Жойларда спорт тадбирларини кенг миқёсда ўтказиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш уларнинг муҳим вазифаси этиб белгиланди. 

Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш ва ушбу мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаш имконияти юқори бўлган истиқболли спорт турлари аниқланиб, улар бўйича федерацияларнинг фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилди. Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим федерациялар бирлаштирилди. Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларга ҳомийлар бириктирилди.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг янги биноси фойдаланишга топширилди, Ўзбекистон спортчиларини тиббий-биологик хизмат ва спорт психологияси билан таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган марказ ташкил этилди. Спортчиларимиз мамлакатимиз ва хорижда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиб, тажриба ва маҳоратини оширди. 

Рио-де-Жанейро олимпиадаси ўзбек бокси тарихида янги ва нурли саҳифа очганлиги билан ёдимизда сақланиб қолиши шубҳасиз. Мусобақаларда эркаклар ўртасида рингга чиққан ўн нафар «чарм қўлқоп» устасидан етти нафари шоҳсупага кўтарилди. Шиддатли ва муросасиз кечган жангларда ҳамюртларимизнинг Куба, Россия, АҚШ, Колумбия, Қозоғистон сингари давлатларнинг номдор боксчиларини мағлубиятга учратганлигини дунё бокс мутахассислари ҳали узоқ йиллар эслаб юришса ажабмас. Бокс бўйича шоҳсупага кўтарилган йигитларимиздан уч нафари олтин, икки нафари кумуш ва яна икки нафари кўксини бронза медали безади. Уларнинг ҳар бири кўрсатган маҳорат ва матонат алоҳида эътирофга лойиқ.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон боксчилари Франция, Куба, Қозоғистон, Россия, АҚШ ва Буюк Британия вакилларини ортда қолдирди. Истеъдодли боксчимиз, Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматовга Олимпия ўйинларининг махсус соврини — Вэл Баркер
Кубоги топширилди. Ушбу мукофот анъанавий тарзда мусобақанинг энг техникаси юқори боксчисига тақдим этилади. Мазкур нуфузли мукофот 1936 йилдан эътиборан Олимпиаданинг энг яхши боксчисига топшириб келинади.

— Ушбу мукофот мен учун жуда ҳам қадрли, — дейди Ҳасанбой Дўсматов. — Бу совринни шу даражага етишимда асосий сабабчи бўлган ота-онамга бағишлайман. Мен ҳамиша улар билан фахрланаман.

— Бразилияда қўлга киритилган ғалабалар, аввало, юртимизда узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсат самараси деб биламан, — дейди бухоролик 76 ёшли Абдулла ота Ғиёсов. — Спортчи эришган ютуқлар фақат маҳорат ва ирода меваси эмас. Унда спортчининг ватанпарварлиги ҳам бор. Бу туйғу юракда бўлади. Неварам Шаҳрамни кўп кузатганман. У ҳар гал рақиби устидан ғалаба қозонганида ки­йимининг кўкрагида нақш­ланган Ўзбекистон байроғини ўпади, кўзига суртади. Ғурур ва ифтихор деганлари шу асли. Ғурурли инсоннинг юрагида Ватан меҳри бор. Бундай фарзандларимизга илоҳим кўз тегмасин!

Шуни айтиш керакки, Рио-де-Жанейро олимпиадасида қўлга киритилган натижалар бундан-да салмоқли бўлиши ҳам мумкин эди. Афсуски, айрим спортчиларимизга бироз омад етишмади. Жумладан, дзюдочи Пекин олимпиадаси совриндори Абдулла Тангриев, таэквондочи жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин, эркин курашчи Бекзод Абдураҳмоновларга совриндорлар сафидан жой олиш учун биттадан ғалаба етишмади, холос.

Ёзги Олимпия ўйинларида стол тенниси бўйича эркаклар ўртасида Зоҳид Кенжаев, бокс учрашувларида аёллар ўртасида Ёдгорой Мирзаева (57 кг) илк маротаба юртимиз шарафини ҳимоя қилишган бўлса-да, мухлису мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди. Афсонавий гимнастикачимиз, Барселона олимпиадаси чемпиони, Пекин олимпиадаси совриндори Оксана Чусовитинанинг қирқ бир ёшида медаллар учун кескин кураш олиб борганлиги барчани ҳайратга солди. У еттинчи маротаба спорт гимнастикаси бўйича ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган аёл спортчи сифатида тарихда қоладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу олимпиада мамлакатимизда маҳоратли спортчилар авлоди камолга етаётгани, эртанги кунга катта ишонч ва умид билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини яна бир бор кўрсатди.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.