20.08.2016

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ МУСТАҲКАМ АСОСЛАРИ

Дунёда байрамлар, қутлуғ кунлар кўп. Халқлар ва мамлакатлар ҳаётида уларнинг ҳар бири ўз ўрни ва аҳамиятига эга. Лекин Ер юзида инсоний қадр-қиммат, бахту саодат, ёруғ келажак ва тараққиёт кафолати сифатида юракларда чексиз фахр-ифтихор билан нишонланадиган, алоҳида эъзозланадиган айём борки, бу шубҳасиз, ҳар бир халқнинг мустақиллик байрамидир.

Яна саноқли кунлардан кейин она Ватанимиз — Ўзбекистонни жаҳонга мустақил давлат сифатида танитган муборак кун — истиқлолимизнинг 25 йиллигини катта шоду хуррамлик билан байрам қиламиз. Бугунги кунда ана шу улуғ санани ҳар томонлама муносиб кутиб олиш ва тантанали нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда ва унда белгилаб берилган устувор вазифалар ва чора-тадбирларнинг ҳар бири чуқур маъно-мазмунга, алоҳида ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга.

Қарорда таъкидланганидек, «мустақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўз­гартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилгани, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар очиб берганини кенг ёритиш» ҳар бир журналистнинг, қолаверса барча зиёлиларнинг энг муқаддас бурчи ва вазифаси ҳисобланади. Мазкур қарор асосида ишлаб чиқилган ва ҳаётга татбиқ этилаётган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари республика дастури доирасида олиб борилаётган ишларни кўриб, Ватанимизнинг буюк келажагини ўз қўли билан барпо этаётган мард ва олижаноб халқимизнинг бунёдкорлик қудратига яна бир бор тан берамиз.

Шу аснода, мустақиллик биз учун — топталган қадр-қимматимиз, обрў-эътиборимизни жойига қўйган, ота боболаримизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқарган буюк тарихий воқеа, истиқлол айёми эса байрамларнинг энг улуғи, энг азизи эканини янада чуқур анг­лаймиз.

Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик — қадриятларимизнинг тикланиши, миллий анъаналаримизнинг яна ўзимизга қайтарилиши, она тилимиз, ўзлигимизнинг қадр-қиммат топиши, бир сўз билан айтганда, адолат, озодлик ва ҳақ-ҳуқуқнинг тантанаси, халқимизнинг тарихий ютуғи эканини исботлайдиган мисолларни бугун ҳар биримиз ўз ҳаётимиздан, оиламиз, маҳалламиз, қишлоғимиз, шаҳримиздаги ўзгаришлардан истаганча келтиришимиз мумкин.

Маълумки, она тили ва миллий қадриятларини йўқотган миллатнинг охир-оқибат озодлиги ҳам қўлдан кетиши, у ўзлигидан жудо бўлиши, миллий қиёфасини йўқотишига кўҳна тарих неча бор гувоҳ бўлган. Ўз навбатида, ўзликни англаш, озодлик ва мустақиллик сари интилиш айнан она тили ва миллий анъаналарнинг тикланиши, жамиятда тинчлик ва адолатни ўрнатишга интилишдан бошланиши ҳам ҳақиқат.

Шу маънода, «ёвузлик салтанати» деб ном олган собиқ мустабид тузум куч-қудратга тўлиб турган 1989 йили Ўзбекистонда она тилимизга давлат тили мақоми берилгани истиқлолнинг ҳаётбахш куртаги, даракчиси бўлди, десак, хато қилмаган бўламиз. Ягона «совет оиласи» деб баландпарвоз гаплар билан таърифланган бу сохта тузилмада амалда фақат битта тил ривожлантирилаётган, миллий тиллар расмий идоралардан сиқиб чиқарилиб, кундалик рўзғор тили даражасига туширилган даврда бундай қарор қабул қилиниши жуда катта воқеа, ёз чилласида чақмоқ чаққан сингари фав­қулодда ҳодиса эди.

Халқимизнинг минг йилликлардан ўтиб келаётган руҳи ва қадриятларини ўзида мужассам этган Наврўз байрами 1990 йили республикамизда биринчи бор кенг нишонланди. Президент Ислом Каримов томонидан мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида бу қадимий байрамни тантанали нишонлаш тўғрисида топшириқ берилди. Ушбу тарихий ҳодисанинг ҳосиласи сифатида ўша йилнинг 3 май куни алоҳида фармон билан Ўзбекистон ҳудудида ҳар йили 21 март — Наврўз умумхалқ байрами нишонланадиган дам олиш куни деб эълон қилинди.

Фармонда халқимизнинг гўзал ва бетакрор байрами — Наврўзнинг тикланишини республикамизнинг бутун аҳолиси мамнуният билан маъқуллаб, кўтаринки руҳда кутиб олгани, Ўзбекистон аҳолиси хоҳиш-иродасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқнинг чинакам тараққиёти ва гуллаб-яшнашини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ва мазкур фармон орқали байрамни ўтказишда керакли шарт-шароитларни яратган барча ташкилотларга миннатдорлик билдирилиб, байрамга катта ҳисса қўшган, халқ анъаналари ва русумларини бойитган клублар, маданият саройлари, театрлар ва концертлар ташкилотларининг энг яхши жамоаларини пул мукофотлари билан тақдирлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, маданият ва санъатни ривожлантиришдаги хизматлари учун Наврўз байрамини ўтказишда меҳнат қилган бир гуруҳ маданият, санъат ва ижодий ташкилотлар вакилларига фахрий унвонлар берилди.

Ўзлигимизнинг тимсоли бўлган барча маънавий-маърифий илдизларимизга болта урилган, қадимий анъана ва урф-одатлар топталган, ҳатто дошқозондаги сумалаклар ағдарилиб, Наврўз эскилик сар­қити, деб эълон қилинган қаттол бир даврда миллий ўзликни англашга қаратилган бундай ҳаракат том маънодаги буюк жасорат намунаси эди.

Ўша йили 20 июнда яна бир тарихий воқеага гувоҳ бўлдик, у ҳам бўлса диний айём — Қурбон ҳайитини байрам қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Президентининг фармони эди: «Мусулмонларнинг кўплаб истак ва хоҳишларини қондириш ва Ўрта Осиё мусулмонлари диний бошқармасининг мурожаатини эътиборга олиб ҳамда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва меҳр-оқибатини юксалтириш мақсадида «Қурбон ҳайит» («Ийд ал-адҳа»)ни бу йил 22 июнь куни ва кейинги йилларда эса «Қурбон ҳайит»нинг биринчи куни дам олиш куни деб тайинлансин».

Кечагина масжиду мадрасалари вайрон қилиниб, бузиб ташланган, «дин — бу халқ учун афюндир» деган сохта шиор авж олиб, ҳатто отасининг жанозасида қатнашгани боис «хурофот тадбирида иштирок қилди», деган айбномалар билан ишдан ҳайдалган, эътиқоди туфайли қувғин ва бадарға қилинган халқимиз учун бу ҳужжат озодликнинг яна бир нафаси, эркинликнинг навбатдаги шабадаси бўлди.

Мустақиллик дунёга жар солиб, уни эълон қилишдангина иборат эмаслигини, қуруқ байроқ кўтариб, бўлди, энди мустақилмиз, деб, хотиржамликка берилиш билан ҳали унга эришиб бўлмаслигини дунё аҳли 1991 йилда Мустақиллик декларациясини қабул қилган баъзи давлатлар бугун бошқаларнинг чизиғидан чиқмасдан, уларнинг қош-қовоғига қараб яшаб келаётгани мисолида кўриб-билиб турибди. Ҳақиқий мустақилликка эришиш учун том маънода мустақил сиёсат юргизиш, ўз қатъий йўли, ўз мустақил сўзига эга бўлиб, бировларнинг йўриғига юрмаслик, мустақилликнинг мустаҳкам илдизи ва асосларини яратиш, қанчалик қийин бўлмасин, фақат ва фақат олдинга қараб юриш талаб қилинишини ­Ўзбекистоннинг 25 йиллик мус­тақил тараққиёт йўли ҳар томонлама тасдиқлаб бермоқда.

Юқорида тилга олинган, Ватанимиз мустақиллигининг даракчилари ҳисобланган учта буюк тарихий воқеани олайлик. Улар асосида тикланган, халқнинг руҳи, қалби ва қиёфасини ифодалайдиган қадриятлар — тилимиз, динимиз, миллий байрам ва анъаналаримиз мус­тақиллик йилларида янада мус­таҳкамланди, шаклан ва мазмунан бойиди.

Масалан, коммунистик маф­кура кишанларидан озод бўлиб, эркинликка чиққан Наврўз бугунги кунда Ўзбекистон халқини бирдамлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат байрами сифатида бирлаштириб келмоқда. Эътибор беринг, бу байрамда ўзаро гина-кудуратлар унутилади, эҳтиёжмандлар, кексалар, касалмандларнинг ҳолидан хабар олинади, кўча-кўйлар, ариқ-зовурлар, турар-жойлар атрофи, маҳалла ҳудудлари тартибга келтирилади. Буларнинг барчаси «ободлик кўнгилдан бошланади», деган ғоя қалб-қалбимизга сингиб бораётганидан далолат беради.

Бу қутлуғ айём она юртимиз заминида истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг ҳам ўзлигини, урф-одатлари, маданияти ва санъатини намоён қилишга кенг имкониятлар яратди. Қайси вилоят, туман, шаҳар ёки қишлоққа борманг, ундаги байрам тантаналарида турли тилларда ижро қилинаётган қўшиқлар, ранг-баранг миллий рақслар, таомлар ва урф-одатларни кўришингиз мумкин. Айтиш керакки, бугунги кунга келиб Наврўз том маънода байналмилал байрам мақомини олди.

У ўлкамизга янгиланиш, яшариш руҳини бахш этиш билан бирга халқимизнинг бунёдкорлик, ободлик, яратувчанлик салоҳиятини ошириб юборди. Ҳар йили Наврўз байрами арафасида маҳалла, овул, қишлоқ ва шаҳарларимиз ­— бутун Ўзбекистон янада чирой очмоқда. Янги кўприклар, иншоотлар, завод ва фабрикалар ишга туширилмоқда. Миллий ва умум­инсоний моҳият ва аҳа­миятга эга бўлган баҳор байрами кунларида мамлакатимиз ­Президенти юртимиздаги ­бунёдкорлик ишлари билан танишиб, янги объектларни ишга тушириш маросимларида шахсан иштирок этар экан, бунда миллатимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рағбатлантириш, Наврўзнинг эзгу моҳиятини янгича маъно-мазмун билан бойитиш мақсади мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шу маънода, Наврўз — Йилбоши нафақат табиат байрами, нафақат ёруғликнинг, эзгулик ва янги куннинг тантанаси, айни вақтда миллий ҳамжиҳатлигимизнинг, тинчлик-тотувлигимизнинг, яратувчанлигимизнинг ифодаси бўлиб, мамлакатимиз ҳаётида энг муҳим воқеага айланган.

Она тилимиз айнан мустақиллик йилларида ўзининг эркин ва мустақил ҳаётини кечира бошлади. Президентимизнинг шу борада биргина жорий йилда қабул қилинган ­Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарорини олайлик. Бу она тилимизни асраш, ривожлантириш йўлидаги яна бир тарихий ҳаракат, бебаҳо ҳужжатдир. Тил — миллатнинг яшаш шакли. Она тилисиз ҳар қандай халқ таназзулга учрайди. Уни ривожлантирмасдан, нуфузини оширмасдан туриб, келажак тақдиримиз тўғрисида хотиржам бўлиш мумкин эмас. Тил — жонли жараён. Уни парваришлаш, ривожи учун имконият ва шароит яратиб, турли таъсир ва таҳдидлардан ҳимояланмаса, у яшашдан, фаолиятдан тўхтайди. Ўзбек тили ва адабиёти музейи ва илмий-тадқиқот инс­титутини ўз ичига қамраб олган мазкур университет ­дунёда ўзбек тилининг мақоми ва таъсири янада кенгайиши ва ошишига, тилимиз ва адабиётимизнинг ривожига хизмат қилиши шубҳасиз.

Мамлакатимизда барча тилларнинг ривожланиши учун тенг имкониятлар яратилган. 1990 йили Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонунни амалга ошириш Давлат дастури тўғрисида»ги қарори, 1993 йилда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонун, 1995 йили «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг янги таҳрири, 1996 йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган Давлат дастурига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва шу каби қатор ҳужжатлар қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Соҳада яратилган меъёрий-ҳуқуқий база ўзбек тили билан бирга, мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ўз она тилини ривожлантириш ва уни эркин қўллашдан иборат конститу­циявий ҳуқуқларидан фойдаланишни кафолатлаб келмоқда. Бугунги кунда таълим муассасалари 7 тилда фаолият олиб бормоқда. Юртимиздаги оммавий ахборот воситалари ва матбаа маҳсулотлари 7 тилда чоп қилинмоқда, эфирга узатилмоқда. Хорижий тилларни ўрганишга ҳукумат даражасида эътибор қаратилган. Бу борада давлат раҳбарининг махсус қарори чиқарилди. Унда хорижий тиллар, жумладан, инглиз тилини умумтаълим мактабларининг биринчи синфиданоқ ўргатиш, чет тилларини ўқитиш сифатини ошириш, педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш чора-тадбирлари белгиланди. Яратилган шароит ва имкониятлар натижасида бугунги ёшлар бир нечта хорижий тилда бемалол гаплашмоқда. Тошкент шаҳридаги Вестминс­тер университети, Турин политехника, Сингапур менежментни ривожлантириш инс­титути, Инха университети каби нуфузли олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини ёшларимиз инглиз тилида топширмоқда. Энг нуфузли хорижий ўқув даргоҳларида йигит-қизларимиз бемалол таҳсил олмоқда. Миллий тиллар ривожи ва тараққиёти учун яратилган бу каби эркинлик жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик муҳитининг амалий натижаларидан бири ҳисобланади.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда диний эътиқод эркинлиги тўла таъминланди. Бугунги кунда мамлакатимизда 16 та диний конфессия вакиллари эмин-эркин ўз эътиқодини амалга оширмоқда. 10 та диний таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Минглаб масжидлар, черков ва синагогалар ишлаб турибди. Ислом динининг иккинчи муқаддас байрами — Рамазон ҳайити ҳам расмий равишда юртимизда байрам ва дам олиш куни деб белгиланган. Айнан мустақиллик йилларида мероси халқимизга қайтарилган Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин ­Марғиноний, Хўжа Аҳрор, Сўфи Оллоёр, Аҳмад Яссавий, ­Абдухолиқ Ғиждувоний ва бош­қа юзлаб ислом дунёси аллома ва мутафаккирлари номини улуғлаш, уларнинг муқаддас қадамжоларини зиёратгоҳга айлантириш борасидаги хайрли ишлар ҳақида ҳар қанча фахр­ланиб гапирса арзийди. ­Истиқлол туфайли қад ростлаган Минор масжиди, Ҳазрати Имом, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий мажмуаси каби ўнлаб иншоотлар эса юртимиздаги энг кўркам ва муҳташам бинолар сифатида халқимизга алоҳида ғурур ва ифтихор бағишламоқда.

— Мен Тошкентга биринчи марта 1979 йилда келган эдим, — деган эди Ислом конференцияси ташкилоти Бош котиби Акмалиддин Эҳсон ўғли Президентимизнинг «Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари билан Оқсарой қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувида. — 1979 йили мен Тошкент ва Бухорода кўрган тарихий ёдгорликлар хароба ҳолида эди. Орадан шунча йил ўтиб, кеча яна Самарқанд ва Бухорони бориб кўриш имконияти туғилгач, умуман бош­қача манзаранинг гувоҳи бўлдим. Имом Бухорий ва ­Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаларидаги жуда катта ўзгаришлар мени ҳайратда қолдирди.

...Шу бугун, яъни Сиз Президент жаноби олийларининг ҳузурига келишдан олдин яна бир меъморий обидани бориб кўрдим. Бундай жозибали обидани мен илгари кўрмаган эдим. Мен ҳайрат билан тилга олаётган бу обида Тошкент­даги Ҳазрати Имом мажмуасидир. Унинг саноқли ҳафталар ичида шундай гўзал қиёфада яратилгани менга Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Султон Ҳусайн давридаги ­бунёдкорликларни эслатди.

Қисқаси, мен мамлакатингизнинг янгича руҳ билан яшаётганини қалбимдан сездим. Шунинг учун ҳам очиқ айтаманки, Тошкент шаҳрига Ислом маданияти пойтахти деган ном берилишини фақат ўтмиш мероси билан боғлиқ, деб тушунмаслик керак. Мен буни Ўзбекистондаги очиқкўнгил инсонларнинг буюк меросга меҳр-муҳаббати ифодаси, деб баҳолаган бўлардим.

Дарҳақиқат, Ислом Конференцияси ташкилотининг маданият бўйича тузилмаси — АЙСЕСКОнинг Тошкент шаҳрига «Ислом маданияти пойтахти» деган ном бериш ҳақидаги қарори Ўзбекистоннинг ислом тарихи ва маданияти, меъморчилик санъатининг намунаси бўлмиш бетакрор обидаларга катта ҳурмат ва эҳтиром билан қараб, уларни асраб-авайлаш, қайта тиклаш ҳамда эътиқод эркинлиги, диний бағрикенглик борасида олиб бораётган бугунги кенг кўламли ишларига берилган баҳо, эътироф эди.

Миллий қадриятлар, урф-одатлар эъзозланган, адолат, инсоф, дину диёнат, меҳру оқибат қарор топган заминда тинчлик-осойишталик, барқарорлик бўлади. Истиқлолнинг мустаҳкам маънавий асослари ҳам шу: анъана ва қадриятларга садоқатли, она тилини эъзозлаган, дину диёнатли, ҳамжиҳат халқ ҳеч кимга ҳеч қачон қарам бўлмайди.

Шу маънода, азиз Ватанимиздаги тинч, эркин, мустақил ва фаровон турмушга шукрона келтириш билан бирга, истиқлол неъматларининг қадрига етиш, кеча ким бўлганимизу бугун ким эканимизни яна бир бор тафаккур қилиш, ўзлигимизни англаш, қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳаммамизнинг нафақат фуқаролик бурчимиз, балки Президентимиз таъбири билан айтганда, тарихий вазифамиз ҳисобланади. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тарихи, Ватанимизнинг 25 йиллик мустақил тараққиёт йўли барчамиздан шуни талаб қилмоқда.

 

Акбар ЖОНУЗОҚОВ



DB query error.
Please try later.