18.08.2016

ВАТАННИ УЛУҒЛАГАН ҒАЛАБАЛАР

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги тантаналари арафасида спортчиларимиз XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишмоқда.

Рио-де-Жанейро олимпиадасида истеъдодли боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов (49 кг)нинг қўлга киритган олтин медали, дзюдочиларимиз Диёрбек Ўрозбоев (60 кг), Ришод ­Собиров (66), юнон-рум курашчиси Элмурод Тасмурадов ҳамда «чарм қўлқоп» устаси Рус­там Тўлаганов шоҳсупанинг фахрли учинчи поғонасидан жой олиши халқимиз кайфиятини нечоғли кўтариб юборганлигини сўз билан ифодалаш қийин, албатта.

Ҳамюртларимиз бу ғалабалар билан кифояланиб қолмасдан, муваффақиятли чиқишларини давом эттираётганлиги барчамизнинг кўксимизни фахр-ифтихорга тўлдирмоқда.

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида 207 давлат спортчилари қатнашаётган бўлса, ҳозиргача улардан фақат етмишга яқин мамлакат вакилларигина шоҳсупага кўтарилиш бахтига мушарраф бўлди.

Куни кеча оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нурудинов (105 кг) Рио-де-Жанейро олимпиадасида олтин медални қўлга киритиш билан бирга, ёзги Олимпия ўйинлари рекордини янгилаб, Ўзбекистон ёшлари нималарга қодир эканини бутун дунёга яна бир карра намоён қилди.

Ҳамюртимиз штангани даст кўтаришда 194, силтаб кўтаришда 237, иккикураш якунига кўра, 431 килограмм натижани қайд этиб, Олимпия ўйинлари ғолиби бўлди. Силтаб кўтаришда 237 килограмм натижа билан олимпиада рекордини ҳам янгилади. Бундан аввалги рекорд белоруслик Андрей Арамнауга тегишли эди. У 2008 йилги Пекин олимпиадасида 236 килограмм натижани қайд этганди.

Руслан — истиқлол тенгдоши! У 1991 йил 24 ноябрда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида туғилган. Илк сабоқларни мураббий Альберт ­Валиевдан олган.

Руслан халқаро майдондаги дастлабки ғалабасига 2009 йили Бирлашган Араб Амирликларида ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида эришди. 2011 йили Франциядаги жаҳон чемпионатида кумуш, 2012 йили Жанубий Кореяда ўтган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Лондон Олимпиадасида кучли тўртликдан жой олди. 2013 йили Осиё чемпионатида учта олтин медалга сазовор бўлди, Бутунжаҳон Универсиадасида икки маротаба рекорд ўрнатиб, чемпионликка эришди. Польшада ўтган жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Президентимиз фармонига мувофиқ «Ўзбекис­тон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» ва «Ўзбе­кис­тон ифтихори» фахрий унвонлари билан тақдирланган.

— Руслан тиришқоқ ва меҳнатсевар йигит — дейди унинг устози Ойбек Турғунов. — У бундан тўрт йил муқаддам Лондон олимпиадасидаёқ ўзининг қандай имкониятга эга эканлигини намойиш этганди. Ўшанда кутилмаган техник хато эвазига мусобақа сов­риндорлари сафига қўшила олмай қолганди. Аммо Руслан бундан асло тушкунликка тушгани йўқ. Камчиликлари устида астойдил ишлагани, мураббий ва устозлар кўрсатмасига қулоқ тутиб, изланганлиги эвазига бугун спортимиз шуҳратини жаҳонга кўз-кўз қилди. Шундай шогирдим борлигидан фахрланаман. Унинг Рио-де-Жанейро олимпиадасидаги чиқишини интизорлик билан кутдим. Руслан Нурудинов кўксини Олимпия ўйинлари олтин медали безаганида худди ўзим чемпион бўлгандек хурсанд бўлдим. Бу нафақат полвонимизнинг, балки унинг ота-онаси, мураббийлари, халқимизнинг, Ўзбекистоннинг ғалабаси, деб биламан.

Дарҳақиқат, истеъдодли спортчимизнинг эришган ютуғини бутун дунё спорт жамоатчилиги катта ҳаяжон ва эътибор билан кузатди.

— Бугун Руслан қайд этган натижани ҳақиқий мўъжизага қиёслаш мумкин, — дейди Халқ­аро оғир атлетика фе­дерация­си президенти Томаш Аян. — Бу Ўзбекистонда спорт қай даражада тараққий этиб бораётганининг ёрқин исботидир. Рио ўйинларида ўзбек спортчилари қайд этаётган натижалар таҳсинга сазовор. Олимпия ўйинларида бундай натижаларга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Мен Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлганман. Мамлакатингизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни алоҳида таъкидламоқчиман. Бунинг самараси бугун Олимпия ўйинларида яққол намоён бўлмоқда.

— Ҳозир жуда ҳаяжондаман, — дейди Руслан. — Қалбимда кечаётган ҳис туйғуларни таърифлаб беролмайман. Бу барча юртдошларимизнинг ғалабасидир. Фурсатдан фойдаланиб, мени қўллаб-қувватлаганларга самимий миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман.

Рио-де-Жанейро олимпиадаси кашфиётига айланган боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов финалгача бири-биридан кучли рақибларни доғда қолдирди.

Финал йўлланмаси учун ўтган баҳсда Шаҳрам Ғиёсов амалдаги жаҳон чемпиони ­Муҳаммад Рабии (Марокаш) қарши рингга чиқди. Кескин ва муросасиз кечган учрашувнинг барча раундида маҳоратини намойиш қила олган ҳамюртимиз навбатдаги ғалабасини нишонлади ҳамда ўзининг финалга муносиблигини исботлади...

Ҳал қилувчи жангда қозоғис­тонлик таниқли боксчи Данияр Елуссинов ҳамюртимиздан бироз устун деб топилди.

Яна икки нафар боксчимиз — Фазлиддин Ғойибназаров (64 кг), Шаҳобиддин Зоиров (52 кг) чорак финал жангларини муваффақиятли якунлаб, ярим финалга йўлланмани қўлга киритишди.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбкистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.