18.08.2016

«КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ – АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ»

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами муносабати билан партия фаоллари, депутатлар электорат вакиллари хонадонларида бўлиб, самимий суҳбат қурмоқда, уларга амалий кўмак бермоқда.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш долзарб масала ҳисобланади. Шунинг учун мамлакатимизда инсон манфаатини ҳимоя қилиш, одамлар муносиб турмуш кечириши учун қулай шароит яратиш, пенсионерлар, имконияти чекланган кишилар, кам таъминланган оилаларга эътибор кўрсатиш йўлида кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон ХДП ташкилотлари, барча даражадаги партия гуруҳлари фаол иштирок этишга ҳаракат қиляпти. Партиямиз Дастурида ижтимоий ҳимоя бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Шу асосда қатор лойиҳа ва ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жорий йил июль ойидан бери ўтказиб келинаётган «Кучли ижти­моий ҳимоя — асосий мақсадимиз» акцияси бу борадаги эзгу ишлардан. Ушбу тадбир Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларни ўйлантираётган ижтимоий масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаяпти.

Акция доирасида партия фаоллари, депутатлар кам даромадли, боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари, ногиронлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олишиб, дилдан суҳбатлашишмоқда. Уларга совға-саломлар улашиб, муаммоларини ҳал этишда, хонадонларини обод қилишда кўмаклашилмоқда.

Газетамиз мухбири Мнажатдин Қутлимуратовнинг хабар беришича, Қорақалпоғис­тон Республикасида мазкур акция доирасида партия фаоллари, Жў­қор­ғи Кенгесдаги фрак­ция­миз аъзолари, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бўлими вакиллари, Тарғиботчилар гуруҳи аъзолари ва ёшлар кам таъминланган, боқувчисини йў­қотган оилалар, ногиронларни йўқлаб, байрам билан қутламоқда.

Нукус шаҳридаги «Ҳаво йўли», «Ақ жағыс», «Халқлар дўстлиги», «Шығыс», «Шоирлар овули», «Жийдели байсын» ва бошқа маҳаллаларда истиқомат қиладиган 25 оила ҳолидан хабар олинди.

— Байрам арафасида бизлардан хабар олиб, меҳр улашиб юрган фаолларга катта раҳмат, — дейди Нукус шаҳридаги «Шоирлар овули»да истиқомат қилувчи ­Гулшира Юсупова. — Юртимиз ҳамиша тинч бўлсин.

Умуман, Қорақалпоғистонда акция доирасида 400 га яқин оила ҳолидан хабар олинди, совға-саломлар улашилди.

Андижон вилоят партия кенгаши томонидан ҳамкорлар билан бирга Андижон шаҳридаги «Олтин водий» тантаналар саройида 25 оила фарзандларининг тўйи ўтказилди, уларга совғалар топширилди.

Вилоят мухбири Аҳмадилло Солиевнинг маълумот беришича, акция юзасидан ўтказилаётган тадбирларда ЎзХДП вилоят кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги пар­тиямиз гуруҳлари аъзолари, Ўзбекис­тон Қаҳрамонлари, фахрийлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этяпти.

Андижон шаҳридаги байрам дастурида карнай-сурнай садолари остида иштирокчилар ва меҳмонлар кутиб олинди. Андижон вилоят партия кенгаши раиси ­Абдулҳамид ­Нурматов ҳаммани байрам билан табриклади.

— Болажонларимиз, фарзандларимизга кўрсатилаётган меҳр-эътибор ҳаммамизни қувонтиради, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони ­Камолиддин Ғофуров. — Уларнинг камолини кўриш ҳар биримизнинг эзгу мақсадимиз. Партиянинг бу каби ташаббуслари янада кўпайсин.

Навоий вилоят партия кенгаши томонидан ҳам мазкур акция доирасида кўплаб тадбирлар ўтказиляпти, деб хабар беради вилоят мухбири Илҳом Сатторов.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан юртимизда истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқлар аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиняпти.

Тарғиботчилар гуруҳи аъзолари Конимех тумани «Наврўз» маҳалласида истиқомат қилаётган 1-гуруҳ ногирони Қирмизой Тоштемирова хонадонида бўлишди. Совға-саломлар улашиб, дилдан суҳбат қуришди.

— Юртимиздаги меҳр-оқибатга ҳеч қачон кўз тегмасин, — дейди хонадон соҳибаси. — Ҳар байрамда депутатлар, партия ходимлари келиб, ҳол сўраб туради. Бундай ғамхўрликдан мамнунмиз.

«Дўстлик» маҳалласида яшовчи Қалдибек Қалиев ва Сауле Нармуратоваларга ҳам партия гуруҳи аъзолари ва ҳамкор ташкилот вакиллари эсдалик совғалари топширишди.

Шундай тадбирлардан яна бири Денов туманида ўтказилди. Бу ҳақда вилоят мухбири Абдумалик Ҳайдаров хабар қилади.

— Ҳудудда 29600 нафарга яқин пенсионер ва 4800 нафардан ортиқ ногирон истиқомат қилади, — дейди ЎзХДП Денов туман кенгаши раиси Ҳасан Мирзаев. — Уларнинг 38 нафари якка-ёлғиз кексалар. Улардан тез-тез хабар олиб турамиз. Бугунги акция ҳам электоратимиз вакилларини қўллаб-қувватлашдаги амалий ишларимизнинг яна бир кўриниши.

— Тинчлик ва хотиржамлик фаровонликка пойдевор бўлади, — дейди Антонина Праскова. — Бизнинг юртимиз жаннатмонанд ўлкадир. 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оиладек ҳаёт кечир­япмиз. Партия фаолларининг кўнгил сўраб келганларидан ниҳоятда хурсанд бўлдим. Саховатпеша инсонларга раҳмат.

Термиз шаҳар партия кенгаши ходимлари халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари билан биргаликда «Шифокор» маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар ҳамда болаликдан ногирон Умид ­Усмонов ва Сайёра Бобоева ҳолидан хабар олишди. Уйлар атрофи тозаланиб, мевали ва манзарали дарахтларга ишлов берилди.

Бойсун туман партия кенгаши томонидан «Тоқчи» маҳалласида яшовчи кам даромадли оилалар, «Башработ» маҳалласида яшовчи Донохон Рўзиевага рўзғор буюмлари совға қилинди.

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши томонидан Қўш­кўпир туманидаги «Довуд» ­маҳалласи ва Ҳонқа туманидаги «Намуна» қишлоғида истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқларни аҳоли ўртасида кенг тар­ғиб қилиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш мақсадида тадбир ўтказилди.

Дастлаб «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида фикр юритилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ҳамкор ташкилотлар, депутатлар ва фаол ёшлар маҳаллалардаги электорат вакиллари хонадонларида бўлиб, сов­ғалар топширишди.

Қашқадарё вилоят пар­тия кенгаши раиси ўринбосари Музаффар Туропов хабар беришича, вилоят ва Қамаши туман партия кенгашлари тумандаги «Чим» қишлоғида тадбир ўтказган. Унда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, партия ва маҳалла фаоллари иштирок этган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тамойили асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ­самарали чора-тадбирлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Таълим-тарбия, кадрлар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган дастурлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Электорат вакилларига Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси ­Абдимурод Бозоров ва ҳо­мийлар кўмагида совғалар топширилди.

Шайхонтоҳур туман партия кенгаши раиси Ирода Абдуллаева «Ҳувайдо» ва «Бўстон» маҳаллаларида истиқомат қилаётган кексалар уйларида ўтказилган ҳашар аҳоли томонидан илиқ кутиб олингани ҳақида хабар берди.

Тумандаги «Жангоҳ» маҳалласида яшовчи ёлғиз кекса Дилбар Казиевага моддий ёрдам берилди. Жисмоний имконияти чекланган 5 нафар вояга етмаган болага ўқув қуроллари тақдим этилди. Уларнинг уйларида олаётган таълим сифати ҳамда оилавий шароити ўрганилди. Аниқланган камчиликлар бўйича тегишли чоралар кўрилди.

Электорат вакиллари билан партиямиз фаоллари, депутатларнинг самимий мулоқоти чоғида ижтимоий масалаларда қатор мурожаатлар тушмоқда. Депутатлар маҳаллий ҳокимликлар, ҳамкор ташкилотлар ёрдамида муаммоларнинг аксариятини жойида ҳал қилишга эришмоқда.

«Кучли ижтимоий ҳимоя — асосий мақсадимиз» акцияси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қизғин давом этмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.