18.08.2016

ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ

масалалари муҳокама қилинди

ИИВ Транспортдаги Ички ишлар бошқармаси ва «Istiqbolli avlod» ижтимоий ахборот-маърифат маркази ҳамкорлигида одам савдосига қарши курашишнинг долзарб масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди. Унда давлат ва нодавлат ташкилотларининг бу иллатнинг олдини олиш борасидаги ҳамкорлиги, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

Семинарда қайд этилдики, мамлакатимизда одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аввало, одам савдоси жиноятига барҳам бериш учун ҳуқуқий-норматив база шакллантирилди.

Хусусан, 2008 йилнинг 17 апрелида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши билан мамлакатимизда бу глобал муаммога қарши курашиш ҳамда ундан жабрланганларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Президентимизнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан юқоридаги қонун нормалари ҳаётга тўлиқ татбиқ этилди.

Халқаро экспертларнинг баҳолашича, дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад жуда катта рақамни ташкил этади. Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг нафар инсон мудҳиш савдонинг жабрланувчисига айланмоқда. 600-800 минг нафар аёл ва бола алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Одам савдосидан азият чекаётган жабрланувчилар орасида аёллар ва вояга етмаган ёшлар борлиги бизни янада ҳушёр бўлишга чорлайди.

Семинарда тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.